OzodTarmoq: Халқнинг электр энергиясиз қолиши – дунёдан узилиш, демак!

Ўзбекистонда ноябрь ойининг охирги 10 кунлигида ҳаво ҳароратининг кескин пасайиб кетиши билан аҳолининг газ ва электр муаммоси яна қайтди. Ўтган йиллар, хусусан, Каримов бошқаруви давридаги вазият билан ўртагадаги ягона фарқ, бу - матбуот, журналистлар ва блогерларнинг аҳолини қийнаб келаётган газ ва эектр муаммосини кўтариб чиқаётганидир. Қуйида ёзувчи Улуғбек Ҳамдамнинг Фэйсбук саҳифасида жорий йил 22 ноябрь куни эълон қилган мулоҳазалари. Матн таҳрирсиз ва қисқартиришсиз берилмоқда.

ГАЗСИЗ ВА ЧИРОҚСИЗ

Эрталаб вилоятга – бувимга (онамга) сим қоқиб, ҳол-аҳволларини сўраётгандим, алоқа “пиқ” этиб узилиб қолди. Қайта қўнғироқ қилдим: оператор боғланиб бўлмаслигини маълум қилди. Яна қилдим – яна ўша жавоб.

Кечга яқин бувимнинг ўзи телефон қилиб қолди.

“Чироқ ўчиб, мана энди келди. Ўзинг тинчмисан, болам, совуқлар қийнамаяптими?..”

“Биз яхшимиз бувижон, хавотир олманглар! Сизлар яхшимисизлар?!.

Нима, чироқ яна ўчяптими?”

“Ҳа, бир неча кундан бери тинмай ўчади, ўчса, ярим кунлаб ёнмайди. Кечалариям узоқ вақт бўлмаяпти...”

Саксонни қоралаб қолган отам ва онам ўтирган уйларини гоҳ ўтину кўмир, гоҳ электр билан иситиб ўтиришади. Газ-ку чорак асрдан ошдиямки, йўқ. Электр газдан ҳам муҳим. Уй телефонлари ҳам электрга боғланган. Бир уми? Бутун бошли ҳаёт электрга уланган-ку. Бутун бошли ҳаёт!..

Бувим билан хайрлашиб бўлганимдан кейин кўнглим ғаш тортди.

Республиканинг деярли барча жойларида ҳол ушмундоқ – кўриб турибмиз, ўқиб турибмиз!

Мени хаёл олиб қочди.

Хаёлимда ким биландир баҳслаша кетдим:

“Нима бўпти чироқ бўлмаса, шунга ҳам ота гўри – қозихонами, ана Амир Темур шамнинг ёруғида ярим дунёни забт этган” дейишингиз мумкин сиз. Лекин мен айтаманки, энди шамнинг ёруғида дунёни олиш у ёқда турсин, Темур бободан қолган бир парча ерни сақлаб қолиш ҳам мушкул бўлиб қолади. Қолаверса, дунёни сўраб турганлар бугун – бошқалар. Ана ўшалардан сақланиш учун ҳам керак чироқ, газ, имконият! (Амир Темурга келсак, саройида шам ёнгани билан калласида, миясининг ичида нақ қуёш порлаган унинг, ақл қуёши, тафаккур қуёши!..) Аслида, бугун дунё сиёсатдонлари ўзларига келиб, ўзгаларнинг ерларини босиб, бўлиб олишларга чек қўйишлари, бир тутамгина умрларини эзгуликка, тотувликка, ҳамкорликка бағишлаб яшаб ўтишлари – энг мақбул йўл эканини тушуниб етсаларди. Улар тушуниб етса, қолганларнинг эргашишлари бирмунча осон кечарди. Зеро, ҳаёт деган неъмат қаршисида дунёнинг бошқа неъматлари – у тупроқ бўладими, зарми, зўрми, – барча-барчаси кейинда туради!

Шундай қилиб, ХХI асрда миллатни газсиз ва чироқсиз қолдириш – жиноят, кечириб бўлмас жиноят!

Бунга енгил-елпи қараб бўлмайди. “Ҳа энди, қиш уч ойда ўтади-кетади, иқтисод қилганимиз қолади”, деб қараётган бўлсангиз, ана ўша жиноятга қўл урган бўласиз.

Бунинг ортида жуда аянчли қисмат кутиб турибди. Халқнинг қисмати, давлатнинг қисмати – сиз билан бизнинг, барчамизнинг қисматимиз!

Очиқлашга ҳаракат қиламан: бугунги глобаллашув, ҳар томонлама интеграциялашув даврида халқнинг электр энергиясиз қолиши – дунёдан узилиш, демак! Дунёдан узилиш эса, қашшоқлик ва жоҳиллик, демак. Қашшоқлик ва жоҳиллик эса, яна фоҳишалик, яна мардикорлик, яна ёлланма ишчилик, демак! Бу эса, таназзул, демак! Миллат таназзули!.. Давлат таназзули!..

Ана шунақа келажак кутяпти бизни агар чироқсиз тонг оттириб, кун боттиришда давом қилсак!..

Шунинг учун ҳам сиз халққа гази ва чироғини бериб, эркин ишлаб рўзғор тебратишига қўйиб беринг-а, кўрасиз: унинг ўзи беш-ўн йилда ҳаммасини эплаб олади. Тирикчилигини тиклайди, тикланган тирикчилиги ортидан тириклиги эсига тушади, инсон бўлиб, миллат бўлиб қад ростлайди. Бемаъни солиқлар билан, кераксиз тақиқлару куракда турмайдиган жарималар билан (тўсиқлар!) унинг чопиш тезлиги (разгони!) ни ҳадеб тўхтатманг! Бошқа ҳеч нарса, ҳеч нарса керакмас унга! Мен шу элнинг ичида яшайман. У – истеъдодли, меҳнаткаш эл! Унинг халқ бўлишига қўйиб беринг! Сиз сунъий тўсиқлар билан халқ бўлиб бирлашиш учун боғланаётган ипларни чирт-чирт узиб ташлаяпсиз! Ипларнинг узилишидан чиқаётган саслар бутун дунёнинг қулоғини қоматга келтиряптию наҳотки сиз, эй шу юртнинг амалдорлари, эшитмаётган бўлсангиз!?..

Наҳотки, юртдошлар кўп нарса сўраётган бўлса!?..

Наҳотки, ўладиган-кетадиган дунёда жиндеккина одам бўлиш, жиндеккина мард амалдор бўлиш шунчалар қийин бўлса? Ўладиган-кетадиган дунёда-я?!..”

Мен баъзида ана шундай саркаш хаёллар суриб тураман. Хаёлларимни яна баъзида ҳозиргидек сўз билан сураман. Сўз – кема. Ҳаёт – уммоннинг қишдаги муздек суви сизиб кираётган кема. Бу – чўкиш хавфи бор, дегани. Кўринадики, Яратганнинг қутқарув ҳалқасига ҳам эҳтиёжим мавжуд. Бизнинг ҳаммамиз ана шундай ҳалқага бўлган эҳтиёж билан яшаяпмиз, аслида...

Улуғбек Ҳамдам, ёзувчи

Таҳририятдан: OzodTarmoq рукнидаги материаллар муаллифларнинг шахсий нуқтаи назарини акс эттиради