Ўзбекистонда бензин қимматлашувининг асосий сабаби очиқланди. “Марҳумни сўроқ қилгани” билан танилган судья Хоразм вилояти маъмурий суди раислигига тайинлангани танқидларга сабаб бўлмоқда. Адлия вазирлиги турли соҳаларни тартибга солувчи 226 та ҳужжатнинг 75 тасида 300 дан зиёд коррупциявий омил аниқлади. Жорий ҳафта ўзбек матбуоти шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.
__________________________________________________________
Иқтисодий таҳлилчи: Ўзбекистонда бензин қимматлашуви давом этади
Сўнгги вақтларда Ўзбекистонда бензин нархининг ошиб кетаётгани кенг жамоатчилик томонидан турли эътироз ва муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. АИ-91 маркали бензин 8100 сўмгача чиққани эса эътирозларни янада кучайтирди.
Энергетика вазирлиги матбуот хизматига кўра, автомобиль бензини чакана нархларини давлат томонидан тартибга солиш бекор қилинган ва ушбу маҳсулотларни нефтни қайта ишлаш заводлари томонидан сотиш фақат биржа савдолари орқали амалга оширилиши белгиланган. Яъни вазирликка кўра, нарх ошиши – бозор талаби.
Иқтисодий мавзуларга ихтисослашган блогер ва таҳлилчи Отабек Бакиров бензин қимматлашуви давом этади, деб ҳисоблайди. Чунки бунга сабаблар жуда кўп. Гап фақат нефть нархининг ошиб бораётганидагина эмас.
“Биринчи сабаб – импортга, демакки, курс ўзгаришларига ҳам боғлиқ эканимиз. Расмий статистикага кўра, 2021 йилнинг 8 ойи давомида 281,6 млн литр бензин импорт қилинган… истеъмолдаги бензиннинг 22%дан зиёди импорт. Айни вақтда ўзимиздаги бензиннинг ҳам асосий қисми импорт нефть ҳисобига ишлаб чиқарилади”, - деб ёзган О. Бакиров.
Қайд этилишича, бензин нархи ошишига энг асосий сабаб – рақобат муҳитининг йўқлиги. Бензиннинг энг асосий импортчиси ҳам, ягона ишлаб чиқарувчиси ҳам, улгуржи ва чакана сотувчиси ҳам монополист “Ўзбекнефтегаз” ҳисобланади. Яъни барча занжирларда компаниянинг монопол мавқеи сақланиб қолган.
“Очиқ бензин бозори ва “Ўзбекнефтегаз”дан бўлак бошқа жиддий мустақил ўйинчи ҳалигача пайдо бўлгани йўқ. Шунинг учун жаҳон бозорида нефть нархи ошса, “Ўзбекнефтегаз” бундан ортиқ даражада нарх ошириш билан жавоб беради, агар нефть нархи тушса, ё нарх камроқ пасаяди ёки умуман пасаймайди”, - деган иқтисодий таҳлилчи.
Нарх-наво ошишига солиқлар ҳам катта таъсир кўрсатади. Чунки бензин истеъмолчиларга етиб боргунча турли кўринишларда энг кўп солиқ қўшиладиган товар.
Давлат статистика қўмитасига кўра, Ўзбекистонда бензин нархи кейинги бир йил ичида 38,9 фоизга кўтарилди.
Ўнлаб қонунчилик ҳужжатларида коррупция омиллари аниқланди
Ўзбекистон Президентининг “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизадан ўтказишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди. Бу ҳақда бир қатор матбуот нашрлари хабар берди.
Қайд этилишича, Адлия вазирлиги томонидан тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда қурилиш, соғлиқни сақлаш, олий таълим ва давлат харидлари соҳаларини тартибга солувчи 226 та қонунчилик ҳужжатлари коррупцияга қарши экспертизадан ўтказилган ва ушбу ҳужжатларнинг 75 тасида 302 та коррупциявий омиллар аниқланган.
Қурилиш, соғлиқни сақлаш, олий таълим ва давлат харидлари соҳаларидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш натижасида аниқланган коррупциявий омилларни бартараф этиш бўйича “йўл харитаси” тасдиқланади.
Эндиликда амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни босқичма-босқич тўлиқ коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш йўлга қўйилиши кутилмоқда. Бу жараёнга жамоатчилик, илмий ташкилотлар ва мустақил экспертларни кенг жалб қилиш кўзда тутилган.
Аввалроқ маҳаллий ҳокимликларнинг ноқонуний қарорлар қабул қилиши кўпайгани қайд этилган эди. Жумладан, 2017-2020 йилларда судлар томонидан маҳаллий ҳокимликлар қарори устидан кўриб чиқарилган 17402 та ишдан 7680 тасида ҳокимликлар томонидан чиқарилган қарор ҳақиқий эмас, деб топилган.
“Мурдани сўроқ қилган” судьянинг мартабаси ошди
Фуқаролик ишлари бўйича Шовот туманлараро суди раиси, “марҳумни сўроқ қилгани” билан тилга тушган Ж. Султонова Хоразм вилояти маъмурий суди раислигига тайинланди (“Рост24”, 4 октябрь). Бу ҳол танқидий баҳоланмоқда.
“Судьялар олий кенгаши судьяларни лавозимга тайинлашда шаффофлик ҳукмронлиги ва ҳатто бу борада хориж тажрибалари қўлланиб келинаётгани ҳақида мунтазам хабар бериб келади. Бугун мана шу хориж тажрибасини ўрганиб, шаффоф тизим яратаётган Судьялар олий кенгаши мурдалар билан мулоқот ўрнатиб, суд қилувчи судья Ж.Султонова номзодини вилоят маъмурий суди раислигига кўрсатган. Унинг номзоди эса Президент томонидан тасдиқланган. Қонунга кўра, Судьялар олий кенгаши вилоятлар маъмурий судлари раислари ва раис ўринбосарлари лавозимларига тавсия этиладиган номзодлар бўйича Президентга тақдимномалар киритади. Демак, Кенгаш Ж.Султонованинг бир қанча қалбаки судлари (ОАВда эълон қилиниб тасдиғини топган) бўлишига қарамай унинг номзодини кўтаришга тавсия этган”, - деб ёзган “Рост24” нашри.
Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, 2018 йили Kun.uz сайтида берилган мақолада фуқаролик ишлари бўйича Шовот туманлараро судининг раиси Ж. Султонова бир муддат олдин ўлган шахс гўёки тирик бўлгани ва судда у берган гувоҳлик кўрсатмасини ишончли деб ҳисоблагани, шунга асосан нохолис қарор чиқаргани ҳақида сўз юритилган эди.