OzodDayjest: Сардобалик фермерлар ўзларига кўрилган зарардан анча кам сумма таклиф қилинаётганидан норози

Сардоба тошқини чоғида нафақат турли биноларга, балки боғ ва экинзорларга ҳам катта зарар етган

“Иккинчи она тили”ни билмаган мижоз банкларда ноқулай вазиятга тушмоқда. Тошқиндан зарари қоплаб берилмаган фермерлар ўзларини солиқчилар тинмай безовта қилаётганидан шикоят қилишяпти. Шерали Жўраевнинг қўшиқларини рухсатсиз куйлаган хонанда жавобгарликка тортилди. Жорий ҳафта ўзбек матбуоти шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

__________________________________________________________

Ўзбек тилининг сўзи ҳали-ҳануз банкларга ўтмаяпти

“Ўзбек тили расмий мақом олганига 32 йил бўлибдики, ҳали-ҳамон рус тилининг босимидан қутулолмаяпмиз. Қанча қонуну фармону қарорлар чиқмади дейсиз, лекин айрим соҳаларга ўзбек тилининг сўзи ҳануз ўтмаяпти. Хусусан, кундалик эҳтиёжимизга айланган банкларда “иккинчи она тилимиз”ни билмаган инсон ноқулай вазиятга дуч келиши ҳеч гап эмас”, - деб ёзган “XXI аср” газетаси 7 октябрь кунги сонида.

“Саноат қурилиш банк”нинг сайти икки тилда фаолият кўрсатади, лекин мижозлар электрон шартномаларни рус тилида юклаб олишга мажбур. Давлат тилидаги версиясида ҳам русча ҳужжат чиқиб келаверади. Афсуски, бундай ҳолатни деярли барча банк сайтларида кузатиш мумкин. Аксар банклар офисларида ҳам русча ҳужжат юритиш сақланиб қолмоқда. Газета банклардаги ўзбекчалашиш жараёни чала қолмаслиги лозимлигини таъкидлаган.

“Жамият” газетасининг 7 октябрь сонида ҳам давлат тили масаласи кўтарилган.

“Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун, яъни 21 октябрь санаси яқинлашгач турли шиорлар ён-веримизда айланади. Қизиғи, ушбу шиорлар тил байрами яқинлашган сари кўпаяди... Аслида, тилимиз шу ҳолида шундай қарсакбозликларга муҳтожми? Нега тилимизни дағаллашишдан сақлашга доир кўрсатма беришга келганда оқсаймиз? Аксига олиб, тилимиз эмланишга муҳтож”, - деб ёзган “Жамият” нашри.

“Индамасдан олаверинг!” – Сардоба тошқинида зиён кўрган фермерларга зарар суммаси анча кам миқдорда таклиф қилиняпти

Сардоба тошқини пайти боғдорчилик ва полиз экинлари экиш билан шуғулланувчи юздан зиёд сирдарёлик фермернинг қарийб 2 минг гектар майдондаги ҳосили оқиб кетган, ерлар ўнглаб бўлмас ҳолга келган (www.kun.uz, 2 октябрь). Бир ярим йилдан буён зарари қоплаб берилмаган фермерлар солиқчилар тинмай безовта қилаётганини ҳам таъкидламоқда.

1 октябрь куни фермерларни вилоят молия бошқармаси бошлиғи Ойбек Раҳимов ва Мирзаобод тумани прокурори якка суҳбатга чақирган. Суҳбатда фермерларга баҳолаш ташкилоти хулосасидаги суммадан анча паст пул таклиф қилинган. Масалан, “Ҳасанбой анорзори” фермер хўжалигига етказилган зарар баҳолаш ташкилоти томонидан 140 миллион сўмга баҳоланган бўлса, унга 30 миллион сўмни “индамасдан” олиш сўралган. “Шукурилло файзли анори” фермер хўжалигига 90 миллион сўм ўрнига 20 миллионга кўниш ҳақида гапирилган.

“Шунча вақтдан бери сарсонмиз. Хўжаликларимизга етказилган зарарни “баҳолат” дейишди, баҳолатдик. Энди шу пулни ҳам бермасдан, биз билан молни савдолашгандек савдо қилишяпти. Масъуллар таклиф қилган пулга рози бўлмаганларга туман прокурори қолган зарарингни суд орқали ундирасан, деяпти. Баъзиларга эса участка нозири “жим юриш” кераклигини уқтиряпти”, - деган фермерлардан бири.

Молия бошқармаси бошлиғи О. Раҳимов фермерлар баҳолатган зарар туман ишчи комиссиялари томонидан кўриб чиқилаётгани, баҳолаш ташкилоти чиқариб берган сумма тавсиявий характерга эга эканини маълум қилган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил 24 сентябрь куни Қонунчилик палатаси томонидан кўриб чиқилган, Сардоба тошқинидан зарар кўрган балиқчилик, чорвачилик ва паррандачилик хўжаликларига солиқ имтиёзлари беришга доир қонун лойиҳасида ҳам бир ярим йилдан буён пулини ололмаётган сирдарёлик фермерлар тушиб қолган эди.

Шерали Жўраевнинг қўшиқларини рухсатсиз куйлаган San Jay яна жавобгарликка тортилди

Ўзбекистон халқ артисти Шерали Жўраевнинг “Атиргулим, атрингни соч” ва “Гулбадан” қўшиқларини муаллиф розилигисиз куйлагани учун San Jay тахаллуси билан ижод қилаётган хонанда Санжар Жавбердиев жавобгарликка тортилди (www.daryo.uz, 4 октябрь).

Маълум бўлишича, 2021 йил 29 июнь санасида Интеллектуал мулк агентлигига муаллифлик ва турдош ҳуқуқларни ҳимоя қилиш жамиятининг мурожаати келиб тушган. Мурожаатда фуқаро Санжар Жавбердиев томонидан Шерали Жўраев қаламига мансуб “Гулбадан” ҳамда “Атиргулим, атрингни соч” номли шеърий асарлардан ҳуқуқ эгасининг рухсатисиз, ноқонуний тарзда фойдалангани баён қилинган. Агентлик олиб борган ўрганишларда даъво тасдиқланган.

Агентлик муаллифлик ҳуқуқи бузилиши юзасидан баённома тузиб, тегишли судга юборган. Мазкур маъмурий иш материаллари 2021 йил 20 сентябрь жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар суди томонидан кўриб чиқилиб, С.Жавбердиевга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 177-1-моддаси биринчи қисми билан жарима жазоси (БҲМнинг бир бараваридан беш бараваригача – 1 млн 350 минг сўмгача) қўлланган.

Хонанда San Jay аввалроқ Шерали Жўраевнинг “Карвон” номли қўшиғи ва шеърини асар яхлитлигини бузиб, муаллифларнинг розилигисиз ижро этгани учун жаримага тортилганди.