OzodDayjest: Ўзбекистондаги автомонополия исроиллик машҳур блогерни ҳайрон қолдирди

Исроиллик блогер Ўзбекистондаги машиналарнинг барчаси “Chevrolet” брендига мансублигидан ҳайратга тушди. Тошкентдаги боғларни аҳолига қайтариш талаби янгради. “Фарғона Афросиёби”дан XI-XII асрларга оид бино қолдиқлари топилди. Жорий ҳафта ўзбек матбуоти шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

_________________________________________________________

“Монополия мана шунақа бўлади” – чет эллик машҳур блогер Ўзбекистондаги машиналарни кўриб ҳайратини яширолмади

Исроиллик машҳур влогер, “Nas Daily” саҳифаси муаллифи Нусаир Ёсин Тошкентга келиб, мамлакатдаги автомобилларнинг деярли барчаси “Chevrolet” брендига тегишли эканидан ҳайрон қолди (www.kun.uz, 3 июль).

“Дўстлар! Мен шундай юртдаманки, бу ерда деярли ҳамма машиналар – “Chevrolet”! Беҳазил! 27 йилдан бери ҳукумат фақат битта машина тури сотилишига рухсат берган. Улар “Шевроле”ни танлашган. Мана, монополия қанақа бўлади. Лекин биласизми... бир неча йил олдин бу мамлакат ўзгарган ва ҳозир дунёга очиқ. Энди кўчаларда бошқа русумдаги машиналар ҳам бор. Масалан, “Hyundai”, “Mercedes” ва ҳатто “BMW”. Келинг ва Ўзбекистонни кўринг! Сиз бу ернинг халқини, масканларини ва... “Шевроле”ларини севиб қоласиз!” деган Нусаир ижтимоий тармоқларга жойлаган видеолавҳасида.

Маълумот учун, араб миллатига мансуб влогер ижтимоий тармоқларда бир дақиқали видеолари билан машҳур. Нусаир Ёсин YouTube’да 3 миллион, Instagram’да 2,7 миллион, Facebook’да 2,6 миллион, TikTok’да 1,7 миллион обуначига эга.

Иқтисодчи: Тошкентдаги боғларни аҳолига қайтаринг!

Тошкент шаҳридаги яшил истироҳат боғлари тобора йўқолиб бормоқда, бу эса аҳоли саломатлиги ва ҳаёт сифатига аллақачон салбий таъсир кўрсата бошлади (www.gazeta.uz, 4 июль). Бу ҳақда Gazeta.uz колумнисти, Ҳарвард университети илмий тадқиқотчиси Ботир Қобиловнинг мақоласида сўз борган.

Умумий аҳоли сони тахминан 4 миллионга яқин бўлган Тошкентда 20 дан кам яшил истироҳат боғлари мавжуд. Аммо улар ҳудудида ҳам тижорат бинолари қурилиши авж олган.

“Нима учун биз Алишер Навоий номидаги Миллий боғимизни Тошкентнинг марказида жойлашган кўл билан хусусий мулкчилик эгалигига топшириб қўйдик? Натижада, у савдо ва кўнгилочар марказга айланди. Бугун космосдан олинган тасвирларда нафақат қуриган кўл, балки тижорат ёки маъмурий биноларнинг боғ ичига бостириб киргани ҳам акс этган. Расмийлар шаҳар аҳолисининг боғларга тегмаслик ҳақидаги кўплаб чақириқларини эътиборсиз қолдиришди”, деб ёзган муаллиф.

Мақолада Ботаника боғининг ҳозирги ҳолати ҳам хавотирли деб баҳоланган.

“Шаҳар аҳолиси, шунингдек, Ўзбекистоннинг миллий бойлиги бўлган Ботаника боғининг тақдиридан жуда хавотирда. Бу – жонли очиқ осмон остидаги табиат музейи. Музейда эса рақсга тушилмайди ва қўшиқ куйланмайди, у ерга табиатни ўрганиш ва ўқиш учун борилади. Табиатни ўрганиш сукунат ва ёлғизликни талаб қилади. Аммо сўнгги йилларда боғ ҳудудида тобора оммавий ва хусусий тадбирлар ўтказиб келинмоқда”, деган муаллиф.

Мақолада янги истироҳат боғлари бапро этиш борасида Олмаота, Тбилиси, Киев, Бишкек каби МДҲ давлатлари шаҳарлари ижобий тажрибасига эътибор қаратилган.

Б. Қобилов “Нима учун Ўзбекистон шаҳарлари бу шаҳарлардан фарқ қилиши ва тескари йўналишда кетиши керак?” деб савол қўяр экан, боғлар ҳудудида дўкон, кафе ёки тижорат бинолари қуриш тўхтатилиши ва боғлар аҳолига қайтарилиши лозимлигини таъкидлаган.

Қарийб 100 йил пахта экилган ҳудудда XI-XII асрларга оид бино қолдиқлари топилди

Наманган вилоятидаги Ахсикент шаҳристони шарқий работида XI-XII асрларга оид бино-иншоот қолдиқлари топилди (www.uza.uz, 3 июль).

“Мазкур маҳобатли иншоот пишиқ ғиштлар билан қурилган бўлиб, бинонинг пастки қисмигина сақланиб қолган. Унинг юқори қисми эса қишлоқ хўжалиги экинлари экилиши сабабли бузилиб кетган”, деган қазишма ишларини олиб борган Ўзбекистон Фанлар академияси Миллий археология маркази тадқиқотчиси Шербек Омонов.

Иншоотнинг сақланиб қолган қисмидан асосан XI-XII асрларга оид сопол идишлар ва тангалар топилган. Маҳобатли бинонинг қурилиш услуби ва девордаги нақшлари Қорахонийлар даврга хос. Бинонинг сақланиб қолган пастки қисми озиқ-овқат сақлашга мўлжалланган. Топилмалар, яъни сопол идишлар ўзининг нафислиги, бежиримлиги ва сифатлилиги билан ҳайратга солади.

Қадимшунос олимлар “Фарғона Афросиёби” деб таърифлаган Ахсикент Фарғона водийсидаги энг йирик археологик ёдгорлик ҳисобланади. Манбаларга кўра, Сирдарёнинг ўнг соҳилида жойлашган шаҳар милоддан аввалги III-II асрларда вужудга келган. Қадимги Хитой тарихий манбаларида қайд этилган Даван (Фарғона) давлатининг пойтахти ҳам Эски Ахси манзилгоҳи экани айтилади. Кўҳна шаҳар XIII бошида мўғуллар томонидан бутунлай вайрон қилинган. Кейинроқ Эски Ахсидан 5-7 км ғарбда янги шаҳар бунёд этилган. Ахсикат ёдгорлиги 1950 йилдан давлат муҳофазасига олинган.