Навоийлик судья плагиат мақоласини дўқ-пўписа билан чоп этишга уринди. Олим Бобомурод Аҳмедов Ўзбекистон илмий ҳамжамияти эскича қарашлардан ҳали ҳам қутула олмаганини танқид қилди. Бачадон бўйни саратонига чалинганларнинг 42 фоиздан ортиғи вафот этмоқда. Жорий ҳафта ўзбек матбуоти шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.
__________________________________________________________
Судья таҳдид билан газетада чоп эттирмоқчи бўлган мақола ўғирлангани маълум бўлди
Навоий вилояти Учқудуқ туман иқтисодий суди раиси Хуршид Турсунов “Учқудуқ” газетаси муҳаррири Райҳон Қодировага юборган мақолаларини чоп этиб, газетадан бир нусха жўнатмаса, жаримага тортиши ҳақида таҳдидли хат жўнатди (www.kun.uz, 8 февраль).
Маълум бўлишича, судья Учқудуқ туман ҳокимлиги нашри саналган газетага икки марта мақола юборган, аммо улар чоп этилмаган. “Иши юришмаган” суд раиси жорий йил 4 февралида таҳририятга таҳдидли нома жўнатган. Ёзма жавоб йўлланмагани важидан таҳририятга пўписа қилган судья “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонунни асос қилиб кўрсатган. Ҳолбуки, мазкур қонун талаби давлат органларининг, шунингдек, улар таркибий бўлинмаларининг ўзаро ёзишмаларига нисбатан татбиқ этилмайди.
Энг асосийси, судья Х. Турсунов ўзиники дея тақдим этган “Коррупция – жамият тараққиёти кушандаси” сарлавҳали мақоланинг аксар қисми интернетдаги манбалардан кўчирилган.
Қайд этилишича, бу ўринда судья муаллифлик ҳуқуқи, шунингдек, ОАВ эркинлиги талабларини бузган бўлиши мумкин.
Ўзбекистонлик олимлар хорижлик ҳамкасбларига қараганда 10 баравар паст кўрсаткич қайд этмоқда
Назарий астрофизика соҳасида жаҳондаги етук мутахассислардан бири, физика-математика фанлари доктори Бобомурод Аҳмедов Ўзбекистон илмий ҳамжамияти эскича қараш ва ёндашувлардан ҳали ҳам қутула олмаганини жиддий муаммо, деб ҳисоблайди (“Ишонч” газетаси, 9 февраль).
“Америка Миллий илмий жамғармаси ҳисоботига кўра, ўтган йили ўзбек олимлари импакт фактори юқори бўлган журналларда 500 тага яқин илмий мақола чоп этган (ҳатто Эфиопия, Шри-Ланка, Кения, Непал, Уганда ва Зимбабве биздан олдинда!) Аҳоли сонига нисбатан олганда бу салмоқ, аслида, 40 мингтани ташкил қилиши керак эди. Бундан чиқди, дунё фундаментал фанидаги улушимиз бор-йўғи 0,008 фоизга тенг”, деган Б. Аҳмедов.
Қайд этилишича, маҳаллий олимларнинг кўрсаткичи чет эллик ҳамкасбларига солиштирганда жуда аянчли манзара юзага келади.
“Ўзбекистондаги ҳар бир олим хорижий ҳамкасбига қараганда ўртача 10 баравар ёмон ишлаяпти. Демак, илм-фанимиз қониқарсиз аҳволда! Ваҳоланки, илмий-тадқиқот институтларининг етакчи илмий ходимлари бугун 10-12 миллион сўмгача маош оляпти. Баъзиларининг иш самарадорлиги эса нолга тенг”, деган таниқли физик.
Олим охирги йилларда илмий муассасаларнинг технологик модернизацияси учун Ўзбекистон Фанлар академиясига бюджетдан 32 миллион доллар йўналтирилганини мамнуният ила қайд этган.
Б. Аҳмедовга кўра, Ўзбекистон илм-фанига илғор йўналишларини олиб кириб, ривожлантириш, кучли илмий мактабларни яратишга хорижда ўқиб, малака ошириб келаётган ёш илмий кадрларгина қодирдир.
Бобомурод Аҳмедов – ЎзФА Астрономия институти Назарий астрофизика лабораторияси мудири, физика-математика фанлари доктори, профессор, Бутунжаҳон фанлар академияси ҳамда Ислом дунёси фанлар академияси аъзоси, “Springer” ҳамда “Arabian Journal of Mathematics” илмий журналлари муҳаррири, “Ўзбекистон физика журнали” бош муҳаррири.
Ўзбекистонда ҳар йили бачадон бўйни саратонига чалинганларнинг 42 фоиздан ортиғи вафот этади
Ўзбекистонда ҳар йили 1700-1800 нафар аёл бачадон бўйни саратонига чалинади, уларнинг 42 фоиздан ортиғи вафот этади (www.gazeta.uz, 10 февраль). Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати раҳбари ўринбосари Ботир Қурбонов маълум қилди.
Ўлимларнинг аксари ташхисни кеч қўйиш натижасида рўй беради. Бачадон бўйни саратони касаллигини келтириб чиқарувчи сабабларнинг асосийси (98-99 фоизи) одам папиллома вируси (ОПВ) ҳисобланади.
Санитария-эпидемиологик хизмат раҳбари ўринбосарининг айтишича, одам папиллома вируси бу бутун дунёда жуда кенг тарқалган инфекциялардан биридир. Ушбу вируснинг 190 дан ортиқ тури мавжуд бўлиб, улардан камида 13 хили саратон касаллигини чақиради.
Б.Қурбонов мамлакатда бачадон бўйни саратони барча ёшдаги аёллар ўртасида кўкрак бези саратонидан кейинги ўринда турадиган ва энг кенг тарқалган рак тури эканига эътибор қаратган.
Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафта “Ezgu amal” жамоат фонди ҳамда бир гуруҳ ота-оналар Ўзбекистонда гематология ва онкология касалликлари билан хасталанган ҳимоясиз болалар учун ёрдам сўраб президент Шавкат Мирзиёевга мурожаат йўллади. Мурожаатда иммунтанқислиги ёки онкогематология касалликларига чалинган болаларга ҳатто молекуляр-генетик таҳлил ўтказиб, ташхис қўя оладиган мутахассис ва муассаса йўқлиги, шунингдек, саратонга чалинган беморларни соғлом ҳаётга қайтариш кўрсаткичи жуда паст экани баён қилинган.