OzodDayjest: Президентликка номзод “cити”ларга ружу қўйилаётганини танқид қилди

Президентликка номзод Баҳром Абдуҳалимов

Президентликка номзодлар кўл ва дарахтлар ҳимоясига чиқишди. Таниқли ёзувчи Улуғбек Ҳамдам ўзбек жамиятидаги тоқатсизлик ҳақида мулоҳазалари билан ўртоқлашди. Хонанда Муниса Ризаеванинг кунлик даромадига оид рақам ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Жорий ҳафта ўзбек матбуоти шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

__________________________________________________________

Президентликка номзодлар экологик муаммолар эътиборсиз қолаётганидан баҳс этишмоқда

“Адолат” партияси раиси, президентликка номзод Баҳром Абдуҳалимов Ўзбекистонда сув ҳавзаларини кўпайтириш ўрнига уларни йўқ қилишга ҳаракат қилинаётганини танқид қилди (“Жамият” газетаси, 23 сентябрь).

“Анча йиллар аввал пойтахтдаги Ўзбекистон давлат консерваторияси биноси ўрнида катта кўл бўларди, ҳозир ундан асар йўқ. Яқинда Миллий боғдаги кўл ҳам таг-туги билан йўқ қилиниб, ўрнига аллақандай “сити” қаққайтириб қўйилди. Ғафур Ғулом номидаги истироҳат боғи ҳам шундай режалар чангалида турибди”, - деган Б. Абдуҳалимов.

Партия раиси муҳташам “сити”ларга ружу қўйилиб, ҳаёт ва соғлиқ учун фойдали манбалардан воз кечилаётганини афсусланарли ҳолат деб атаган. Б. Абдуҳалимов аҳоли Орол денгизининг қуриши азобини ҳалигача тортаётганига ҳам эътибор қаратган.

“Мамлакатимизда денгиз йўқлиги боис Ўзбекистон йод танқислигига учраган ҳудудлар рўйхатида туради, аҳолининг катта қисми турли даража ва кўринишлардаги эндокрин касалликлар билан юрибди”, - деган у.

Президентликка бошқа бир номзод, Ўзбекистон экологик партияси раиси Нарзулло Обломуродов эса “Оила ва табиат” газетасининг 23 сентябрь сонида дарахткесарларни кескин танқид қилган. У дарахтларни ҳимоя қилишнинг бутунлай янги механизмини жорий этиш, жумладан, дарахт кесувчиларга ҳам, бунга рухсат берганларга ҳам янада оғирроқ жазо чораларини белгилашни лозимлигини таъкидлаган.

Улуғбек Ҳамдам: Зари ва зўри борнинг гапи инобатга олиняпти

Таниқли ёзувчи Улуғбек Ҳамдам жамиятда ўзгачароқ фикрга тоқат йўқлиги ҳақида гапирди (www.kun.uz, 21 сентябрь).

“Ҳозир кўпчилик соҳаларда фақат ўзидан юқоридаги раҳбарга ёқсагина кичик ходим ишлаши мумкин бўлиб қолган. У ўзгачароқ фикрлай бошласа, катта раҳбар дарров ишдан олади ёки келгуси йил шартнома тузмайди. Бу нима дегани? Ўрмонда яшамаётган эдик, чамаси... Фикрлар қарама-қаршилиги бўлмаса, жамиятда қачон ривожланиш бўлади?..” - дея савол қўйган адиб.

У айни пайтда зиёлилар фикри эътиборга олинмаётганини ҳам афсус билан қайд этган.

“Бугун зиёли, яъни ойдин инсон сўзининг қадри йўқ. Ҳатто ривожланишнинг энг оптимал йўлини айтсангиз ҳам ҳеч ким сизга қулоқ солмайди. “Оғзи қийшиқ бўлса ҳам бойнинг боласи гапирсин”, дейди халқимиз. Шафқатсиз ҳақиқат яширин шу ерда. Бугун кимнинг қўлида зар ва зўр бўлса, ана ўшалар гапиряпти, гаплари эшитиляпти. Лекин улар чинакам олим, зиёли бўлмагани учун билдирган фикрларини ҳаётнинг ўзи инкор қилиб ташлаяпти. Мана, муаммо қаерда!” - деган Улуғбек Ҳамдам.

Ёзувчи ислоҳотни таълимдан бошлаш кераклиги, аммо бу жабҳада ҳам аҳвол яхши эмаслигини таъкидлаган.

“Жамиятни қўятуринг, ҳатто ўз соҳасида уч-беш шогирдидан бошқа ҳеч ким танимайдиган кадрлар ректор, проректор, декан, кафедра мудири бўлиб ишлашади. Улар фақат ва фақат раҳбарига хўп дегани, хўп дейиши учун ўша ерда ўтирибди. Йўқса, таълимни расво қилаётганларнинг аксари ана шундай “лаббайчи”лардир! Таълимни бизнес маконига айлантириб юборишган улар. Нега холис текширувлар йўқ? Нега ҳар бир соҳани жуда кучли мутахассисларидан иборат комиссиялар текшириб ҳақиқий баҳосини бермайди? Чоралар кўрмайди? Жамиятни тозаламайди?..” - деган У. Ҳамдам.

Карра жадвалини билмайдиган хонанда Муниса Ризаева кунига 8000 долларгача топади

Хонанда Муниса Ризаева тўйдаги чиқишлари орқали кунига 8000 долларгача ишлаб топади. Бу ҳақда хонанданинг ўзи мухлислари билан “Инстаграм” орқали жонли мулоқот давомида маълум қилган. У кунига 5 тадан 8 тагача тўй маросимига боради ва ҳар бир ташрифи учун 1000 доллар олади.

“Муниса Ризаева ўзбекистонлик ўқитувчи ва шифокорлар йиллаб ишлаб ҳам топа олмайдиган пулни бир кунда топади”, - дея изоҳ берди ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари.

35 ёшга тўлаётган ва ҳали оила қурмаган хонанда энг кўп муҳокама этиладиган эстрада юлдузлари сирасига киради. Яқиндаги “Севимли” телеканали орқали эфирга узатилган “Кутилмаганда” кўрсатувида Муниса Ризаеванинг карра жадвалини билмаслиги маълум бўлган эди. Хонанда “Етти карра олти неча бўлади?” деган саволга жавоб “Ўттиз икки” деб жавоб берган эди.

Сентябрь ойи бошида хонанда ижтимоий тармоқдаги саҳифалари орқали “Tashkent City” мажмуасидан сотиб олган қимматбаҳо уйини кўз-кўз қилди. Аввалроқ хонанда синглисига 130 минг долларли Porsche автомобилини совға қилгани муҳокамаларга сабаб бўлганди. Виртуал оламда анча фаол бўлган хонанда биргина Instagram тармоғида 5 миллион обуначига эга.