Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева чақалоқфурушликда айбланаётган шахсларга енгил жазо тайинланаётганидан норози. Коррупцияга қарши кураш доирасида амалдорларнинг яқинлари фуқаролигини текшириш таклиф этилди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.
Танзила Норбоева: “Бизни халқаро ташкилотлар мана шу борада жуда кўп танқид қилмоқда”
Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева чақалоқфурушликда айбланаётган шахсларга енгил жазо тайинланаётганидан норози (www.daryo.uz, 9 декабрь).
“Чақалоқ савдоси билан боғлиқ жиноят айбдорларининг кўпчилигига қамоқ жазоси ўрнига енгил жазолар қўлланяпти. Бизни халқаро ташкилотлар мана шу борада жуда кўп танқид қилмоқда. Улар “Қонунларда белгиланган бўлса ҳам сизлар жиноий жавобгарликка тортмайсизлар” дейишяпти. Жазони енгил берилиши халқаро рейтингларда ҳам ўрнимизни тушириб юбормоқда. Мен рейтинг учун ишланглар демаяпман. Лекин жиноятчи қилмишига яраша жазосини олиши керак-да. Бола сотяпти-ю, лекин енгилгина жазо олса ёки огоҳлантириш орқали маълум миқдорда жарима тўлаб қўяқолса, бу нима дегани? Эртага бу ишни яна қилаверади”, - деган Т.Норбоева.
Сенат раиси чақалоқ савдосига алоқадор шахсларга нисбатан жазони кучайтириш лозимлигини айтган ва бу борада Олий суд ҳамда Ички ишлар вазирлигига топшириқ берган.
Ўзбекистонда охирги икки йилда чақалоқ савдоси бўйича 49 нафар ота-она ва 38 нафар воситачи айбланиб, жиноий жавобгарликка тортилган.
Фарзандини сотган ота-оналарнинг 38,8 фоизига, воситачиларнинг эса бор-йўғи 5,2 фоизига қамоқ жазоси қўлланган, холос. Қолганларга эса синов муддати, ахлоқ тузатиш ишларига жалб этиш каби нисбатан енгил чоралар белгиланган.
Коррупцияга қарши кураш доирасида амалдорларнинг яқинлари фуқаролигини текшириш таклиф этилди
Давлат амалдорларининг хорижда мол-мулк сотиб олишини тартибга солиш лозим, деб баёнот берди Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳонов (www.kun.uz, 9 декабрь).
“Ноқонуний бойлик орттириш ёки мансабдор шахсларнинг чет элларда мол-мулкларни харид қилиши масалалари тартибга солинмаган. Бугунги кунда давлат хизматчиси бўлган хоҳлаган мансабдор шахс чет элда банк ҳисоб рақамини очиши ва исталган мол-мулкни сотиб олиши мумкин. Буларни ҳам тартибга солиш вақти келди”, - дейди А.Бурҳонов журналистларга берган интервьюсида.
Телеграмдаги Platforma.uz канали мазкур хабарга муносабат билдирар экан, давлат амалдорлари ва уларнинг яқинлари фуқаролигини ҳам текшириш лозимлигини қайд этган.
“Негаки, мен эшитган узунқулоқ гапларга қараганда, ҳаётимиз қўлларига топширилган катта-катта мулозимларнинг яқинлари чет эл фуқароси эмиш. Бу ерда улар азбаройи масъул лавозимдалиги учун бир ўзлари яшашармиш... Бу қанақаси, болалари у ёқда бўлса, келажагини Европа ёки бошқа юртга боғлаган “катта”лар бизга ичи ачирмиди? Улар ўзлари боғланган тилла арқоннинг чўзилиб-чўзилиб узилишини кутишади. Қўли бўшаган куни бекитиб қўйган чиптасини олиб учиб кетишади. Шунинг учун муҳим давлат ишларидаги раҳбарлар ва яқинларининг фуқаролигини ҳам текширсак, фойдадан холи бўлмасди. Иложи бўлса, уларга бу масалада маълум муддатга чеклов қўйиш керакдир” , - деб ёзади Platforma.uz канали.
Прокуратура Тошкент шаҳри ҳокимлигини судга берди
Шайхонтоҳур тумани прокуратураси Тошкент шаҳри ҳокимлигига нисбатан судда даъво очди (www.xabar.uz, 7 декабрь).
Гап шундаки, фуқаро Сергей Ногайнинг Шайхонтоҳур тумани Алишер Навоий кўчасидаги савдо растасида жойлашган дўкони бир неча йил аввал бузиб ташланган бўлса-да, сариқ чақа ҳам товон тўланмаган.
Қайд этилишича, орадан йиллар ўтиб, ниҳоят, фуқаронинг мурожаатига жиддий равишда қулоқ тутилди. Прокуратура унинг манфаатларини кўзлаб, фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро судига даъво киритди.
Тошкент шаҳар ҳокимлигидан мулкдор фойдасига 1 миллиард 200 миллион сўм зарар ундириш сўралмоқда.
Суд мажлиси 18 декабрь куни бошланиши кутилмоқда. Ишни собиқ депутат, айни пайтда фуқаролик ишлари бўйича судья Н.Муродов кўради.