Эшитиш қобилияти заиф фуқароларнинг асосий муаммоси айтилди. Ҳуқуқ органлари ўз тизимидаги жиноятларни яширишга уринмоқда. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.
Ногиронлар уюшмаси раиси: “Эшитиш қобилияти заиф фуқароларнинг атиги бир фоизи ишли”
Ўзбекистонда 35 минг нафар эшитиш қобилияти заиф фуқаролар яшайди, аммо уларнинг бир фоизи иш билан таъминланган, холос (www.kun.uz, 3 декабрь).
“Кар-соқовларни иш билан таъминлаш – жуда оғир масала. Сабаби уларнинг тилини тушунадиганлар жуда кам”, - дейди мамлакат Ўзбекистон ногиронлар уюшмаси раиси Ойбек Исоқов.
Яқинда “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Ушбу ҳужжат 2021 йил 16 январдан кучга киради. Унда 20 кишидан кўп одам ишловчи ташкилотда ногиронлар учун 3 фоизлик алоҳида квота ажратилиши назарда тутилган.
О.Исоқовга кўра, бунга оид норма азалдан бўлган, аммо амалда деярли ишламаган.
“Меҳнат биржасига борилса, уларга ҳам умумий вакансия кўрсатилади, лекин умумий вакансия орқали ишга боришса, ногиронлигини кўриб, биз бу ўринга одам олиб қўйдик, дейишади”,- дея ҳолатни баён этади ногиронлар уюшмаси раиси.
Қайд этилишича, Кореяда давлат ташкилотларида 7 фоиз ногиронлар ишлайди. Ўзбекистонда эса давлат ташкилотларида 0,001 фоиз ногиронлар ишлайди.
“Давлат ўзи намуна бўлиб ўзидан бошласа бўларди. Тадбиркор ҳам “давлат ўзи 3 фоизлик квотани бажармаяпти, нега бизга осиласиз” деб айтиши мумкин... Ногиронларга пенсия эмас, иш керак. Биз ҳам ишлашни хоҳлаяпмиз. Биз бировга муҳтож, бировга юк бўлишни хоҳламаяпмиз. Ишлаш орқали бизнинг ҳам ватанимизга, халқимизга нафимиз тегсин”,- дейди О.Исҳоқов.
Ўқитувчи пора билан ушланса, оламга жар солишади, судья коррупцияга қўл урса-чи?..
Жорий ҳафта Коррупцияга қарши кураш агентлиги директори ўринбосари Умида Тўхташева суд тизимидаги коррупция ҳолатлари ҳақида маълумот берди.
Хусусан, Тошкент шаҳри суди судьялари ИИББ ЙҲХБ ходимлари билан жиноий тил бириктириб, ҳайдовчилар жаримаси ортидан 5 мингга яқин сохта қарор чиқариб, 8 млрд сўмни талон-торож қилган.
Урганч туманлараро суди судьяси эса пора сифатида келишилган 10 минг долларнинг 1200 долларини олаётганда қўлга олинган.
Телеграмдаги Davletov.uz канали муаллифи мазкур ҳолатга муносабат билдириб, ҳуқуқ идоралари ўз тизимларида содир бўлаётган жиноятлар ҳақида нохолис равишда сукут сақлаётганини қайд этди.
“Оддий ўқитувчи ёки шифокор пора олса, банкир қўлга тушса, ҳуқуқ-тартибот идоралари бутун элга жар солади, бирор журналист қонунни бузса, биринчи бўлиб қораланади, изза қилинади. Лекин охирги пайтларда кўраяпмизки, суд ва ҳуқуқ-тартибот органлари сафларидаги порахўр, фирибгар ва қонунбузарлар тиқилиб ётибди. Шунчаки улар ўз сафидаги “айрим адашиб қолган” ишларини “ёпти-ёпти қилади”, оғиз бирлик қилиб, бу ҳақда батафсил ахборот бермайди. Узоғи билан йил охирида тизимдаги 5 ёки 6 нафар нопок ходимдан воз кечилди дейилади, холос”,- деб ёзади блогер.
Қайд этилишича, суд тизими ўз мустақиллигига урғу бериб, жамоатчилик назоратидан қочишга ҳаракат қилади, суд жараёнига журналистларни киритмасликка интилади, cуднинг обрўси, ишчанлик нуфузини рўкач қилади.
Ваҳоланки, уларнинг орасида адолатга, манфаатлар тўқнашувига тупуриб қўйган, миллиардлаб маблағларни ўзлаштиришда бевосита иштирок этаётган судьялар ҳам кўп.
“Суд ва ҳуқуқ-тартибот органлари ўз тизимларидаги коррупционерларга нисбатан муросасиз, тоқатсиз бўлиши керак. Бунинг учун тизимдаги ҳар бир ножўя хатти-ҳаракат ҳақида у аниқланиши биланоқ жамоатчиликка қуруқ эмас, батафсил ахборот берилиши лозим”, - деб талаб қилади Davletov.uz канали муаллифи.
Алишер Султонов: “Ўзбекистонда қуриладиган АЭС реактори “Боинг” самолётининг зарбасига дош беради”
Ўзбекистон энергетика вазири Алишер Султонов Alter Ego лойиҳасига берган интервьюсида Ўзбекистонда атом электр станцияси қурилиши ҳақида гапирди (www.spot.uz, 30 ноябрь).
Вазир Ўзбекистон учун танланган реактор (ВВЕР-1200) дунёдаги энг хавфсиз эканини таъкидлаган. Қайд этилишича, у Чернобиль фожиаси каби ҳодисаларнинг олдини олишга имкон берадиган қурилмага эга ягона реактордир. У “Боинг” самолётининг тўғридан-тўғри зарбасига ҳам дош беради.
Вазир атом энергиясининг тоза эканлиги – атмосфера зарарланмаслиги, чиқиндилар ажралиб чиқмаслигига эътибор қаратган.
Бундан ташқари, у Ўзбекистон ядро ёқилғиси соҳасида катта ресурсларга ва ядро фани борасида бой тарихга (50 йилдан ортиқ) эга эканини айтган. “Ундан фойдаланмаслик гуноҳ” деб таъкидлаган вазир.
Эслатиб ўтамиз, “Ўзатом” агентлиги “Росатом” билан АЭС қурилиш майдонида муҳандислик ишларини бажариш бўйича шартнома имзолаган.
Ушбу лойиҳага қарши бўлганлар АЭС қурилиши хавфсизлик жиҳатдан ўзини оқламаслигини таъкидлайди. Айрим стратегик иншоотларнинг Россия бошқарувига ўтиши ҳам жамоатчилик томонидан хавотирли ҳол ўлароқ баҳоланган.
Ҳисоб-китобларга кўра, Ўзбекистонда АЭС қурилиши 11 миллиард доллардан 20 миллиардга қадар тушиши мумкин.