“Ўзбекфильм” киностудиясида давлат гранти ҳисобидан суратга олинган режиссёр Зулфиқор Мусоқовнинг янги “Дадам бетоб” фильми республика киноэкранларига чиқарилди.
Бундан олдин Алишер Навоий номли киносаройда айни фильмнинг журналистлар учун ëпиқ тадимоти ўтказилди.
Фильм ўтган йили 90 ёшида вафот этган таниқли поляк режиссёри Анжей Вайда хотирасига бағишланади.
“Абдуллажон”, “Ватан”, “Осмондаги болалар”, “Қўрғошин”каби фильмлари билан танилган киноижодкор Зулфиқор Мусоқов “Дадам бетоб” фильми мавзусини икки оғиз гап билан, тақдир синовига ташланган аëлнинг йўл ҳикояси деб атади.
“Дадам бетоб” бадиий фильмининг ёпиқ тақдимотида қатнашган томошабинлардан бири киноасардан таъсирланганини айтади:
-"Дадам бетоб" фильмини кўрдим, биринчилардан бўлиб. Бугун журналистлар учун ёпиқ намойиш бўлди. Албатта, бу Мусоқов фильми, албатта у яхши фильм бўлади, албатта картина мени нима биландир бойитади... Хуллас, шундай "албатта"лар кўп эди ичимда. Фильм кутганларимни оқладигина эмас, кутилмаганда лол қолдирди¸ дея таъкидлаган мунаққид филмьдаги журъатдан ҳайратга тушганини айтади:
-Нафақат сюжети, балки кўтарган муаммолари ҳам ўткир бу картинани кўраётиб хаёлимдан ўтгани – бўлар экан-ку шундай гапларни гапирса! "Прокурорларнинг ҳаммаси порахўр, маошига шундай 2 қаватли кошоналар қура олармиди?", "Мактабда аъло баҳоларга ўқир эдим, аммо ўқишга кира олмадим, ҳаммаси пул"... Муаммолар у ер-бу ерда реплика тарзида эмас, батафсил, очиқ айтилaяпти. Фақат шугина эмас. Қизиқарли, динамикаси кучли, ўзига яраша юмори ҳам бор бу киноасарда камида 20-30 муаммо у ёки бу тарзда "туртиб ўтилган". Хуллас, ўйлантирадиган, уйғотадиган фильм дея такидлаган мунаққид ушбу фильм намойишидан сўнг қалбида кечган қарама-қарши туйпуларни ҳам изхор қилди:
- Менда бир вақтнинг ўзида ҳам оптимист, ҳам пессимист яшайди. Оптимист айтади: "Зулфиқор Мусоқовнинг борлиги – кинематографиямизнинг бахти". Пессимист айтади: "Зулфиқор Мусоқовдеклар бошқа йўқлиги киномизнинг фожиаси". Балки фақат киномизнинг эмасдир¸ дейди фильмни кўрган томошабинлардан бири.
Киноижодкор Зулфиқор Мусоқовнинг ўзи Озодлик билан суҳбатда фильмнинг бундан 5 йил илгари экранга чиқиши мушкул бўлишини айтган ҳолда¸ кинометрография соҳаси бугунги вазиятда сал бўлса ҳам эркин ва дадил гапириш имконини қўлга киритганлигини таъкидлади:
- Беш йил олдин очиқ гап¸ кино сценариясини цензура қилишга ҳаракат бўлувди¸ буни яширишнинг кераги йўқ. Лекин аста-секин бу сценарий ўзининг яшаш ҳуқуқини сақлаб қолди. У ердаги диалогларга келсак¸ ойни этак билан ëпиб бўлмайди. Ҳамма¸ ҳар куни кўрадиган ўша муаммолар. Лекин мен публицистикадан қочганман. Фильм мени¸ яъни ижодкорни бўлаëтган муаммоларга шахсий муносабатим. Фақат шу¸ дейди суҳбатдош.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Зулфиқор Мусоқовга кўра¸ фильм йўл ҳикояси тарзида суратга олинган:
- Тошкентдан сал наридаги қишлоқда яшайдиган Азиза инсульт бўлиб қолган эрига дори олиш учун бир кун киракашлик қилишга қарор беради. Бир кун давомида мижозлар калейдоскоп ойнасидаги тошлар каби алмашади. Кун охирида машинага чиққан энг сўнгги пассажир билан учрашув Азизанинг ҳаëтини алғов -далғов қилади¸ дейди суҳбатдош.
Акмал Ризев тахаллуси билан ëзадиган ўзбекистонлик блоггер назарида “Мусоқовнинг “Дадам бетоб” фильми¸ қаттиқ касалга чалинган ўзбек киносининг тузалаëтганидан далолатдир”.