Абдуқодирлар оиласи қўшни Қирғизистондаги коррупционер амалдорлар билан ҳамкорлик туфайли юзлаб миллион доллар пул ишлаган. Президент Мирзиёев ҳукумати уларни қучоқ очиб кутиб олиши ортидан оиланинг савдо бизнеси эндиликда Ўзбекистонда ҳам гуллаб-яшнамоқда.
- Аввалги суриштирувларда мазкур оила коррупционер амалдорлар ёрдамида Қирғизистон савдо йўлларини қўлга олгани фош этилганди. Аммо бу нарса оила ўз фаолиятини Ўзбекистонга ҳам кенгайтиришига тўсқинлик қилмади.
- Эндиликда Абдуқодирлар панадан чиқиб, давлат идоралари ва президент Мирзиёевнинг оила аъзолари билан қўшма лойиҳаларда ҳамкорлик қилмоқда.
- Марказий Осиёдаги энг йирик чакана савдо бозорларидан бири – Тошкентнинг машҳур “Абу Сахий” бозоридан ташқари унга мол етказиб берадиган халқаро савдо йўллари ҳам Абдуқодирларнинг юк ташиш ва логистика компаниялари қўлига ўтган.
- Айни пайтда Абдуқодирларга тегишли компания Ўзбекистондаги иккита янги замонавий божхона терминалини бошқармоқда. Афтидан, оила яна бир неча терминални бошқариш учун тендерда ғолиб чиққан.
2021 йил декабрининг айни Янги йил таътили кунлари қуёшли Ўзбекистон пойтахти Тошкентдан тоза узум, хурмо, лимон ва помидор ортилган музлатгичли поезд Москвага етиб борди.
Бу Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги янги савдо битими доирасида амалга оширилган “Агроэкспресс” темирйўл етказиб бериш хизматининг синов тариқасида ишга туширилиши эди.
Ҳали Россиянинг Украинага кенг кўламли босқини ва Ғарб санкцияларига бир неча ой бўлса-да, Россия президенти Владимир Путин қўшнилари билан янада яқинроқ савдо алоқаларини ўрнатиш пайига тушган эди. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев афтидан, бу ҳамкорлик таклифини мамнуният билан қабул қилган.
Аммо поезднинг ён томонига туширилган логотиплардан бири “Агроэкспресс”нинг бор-йўғи бир йил аввал ташкил этилган ва ҳеч ким танимайдиган ҳамкори борлигини фош этиб қўйди.
UTI Transit номли ушбу ширкат шунчаки янги ўйинчи эмасди. Унинг эгаси порахўрлик ва коррупция йўли билан улкан махфий контрабанда империясини қургани иддао қилинган хитойлик уйғур Абдуқодирлар оиласи эди.
Оила “Уюшган жиноятчилик ва коррупцияни тергов қилиш” лойиҳаси (OCCRP), Озодлик радиоси ҳамда “Kloop” нашри биргаликда ўтказган қатор суриштирувлар марказида бўлган. Ушбу суриштирувлар тўрт ака-уканинг тўнғичи бўлган Абдуқодир етакчилигидаги клан Қирғизистонда юқори мансабдор шахсга пора бериш ва божхона имтиёзларини қўлга киритиш орқали мамлакатнинг асосий савдо йўллари устидан назорат ўрнатганини ўртага чиқарган.
Суриштирув натижалари минтақа матбуотида кенг ёритилди. Аммо Абдуқодирлар бизнесини бир йилдан кўпроқ вақт давомида тадқиқ қилган журналистларга кўра, оила қўшни Ўзбекистонда ҳам ўхшаш схемани қўллаган: йирик бозор ва савдо йўллари устидан назоратни қўлга олган ҳамда божхоначиларнинг ҳамкорига айланган. Аммо бу сафар оила яширин келишувлар ортига беркинмаган, балки очиқчасига, ҳукуматнинг дастаги билан иш юритган.
Аввалига Ўзбекистон ҳукумати Тошкентдаги энг муҳим бозор эгасига нисбатан коррупцияга қарши кураш кампаниясини бошлайди. Текширувлар кўплигидан бозор эгаси алал-оқибат уни Абдуқодирларга сотиб юборади. Қатор манбаларга кўра, Абдуқодирлар оиласи бизнеси Президент Мирзиёевнинг куёви Отабек Умаров томонидан дастакланган.
Абдуқодирлар, шунингдек, ҳукумат билан ҳам тўғридан-тўғри ҳамкорликни йўлга қўйган. Улар давлат ширкати билан биргаликда ташкил қилган юк ташиш бўйича қўшма корхона Хитой билан кенг реклама қилинган янги савдо йўлини очишда қатнашган.
Журналистлар қўлга киритган ҳужжатлардан маълум бўлишича, Абдуқодирлар Ўзбекистон ҳукумати чегарада бир нечта янги божхона терминалини қуриш режасини эълон қилишидан анча аввал бу лойиҳаларни амалга оширишни бошлаб юборган. Оила иккита терминалга сармоя киритган ва айни дамда уларни бошқармоқда. Режада яна бир неча терминал қурилиши бор.
Хабарларга кўра, ҳатто уларнинг “Агроэкспресс” темирйўл лойиҳасидаги иштироки ҳам давлат ширкати тавсияси билан амалга ошган.
Абдуқодирлар оиласини яқиндан ўрганган Британиядаги Ulster университетининг криминология бўйича профессори Кристиан Ласслетнинг айтишича, Ўзбекистон шу маънода бир нави "ўлжа"га айланган.
“Фойдали томони - сиз иқтисоди ўсаётган Ўзбекистонга борасиз, у ерда сизни ҳеч қандай (ҳукумат) текширувларисиз даромадли, йирик инвестициялар қилиш имконияти кутади... Бу ер инвестициялар учун унумдор ҳудуд. Улар янги қудрат марказига интеграциялашгани аниқ.”
Мавзуга алоқадор Махсус суриштирув: Мирзиёевларнинг соядаги инвесториОзодлик радиоси таҳлилчиси, Марказий Осиё бўйича мутахассис Брюс Панниер Абдуқодирлар оиласининг муваффақияти уларнинг қудрати ва таъсиридан далолат беради, деган фикрга қўшилади.
«(Ҳабибула Абдуқодир) бу ўлжа бозорни қўлга кирита олгани унинг Ўзбекистонда қандай нуфузга эга эканлигини кўрсатади. У ким биландир шунчалик яхши алоқада ёки шунчалик қимматлики, мазкур келишув қудратли одамларга мақбул келган».
Хусусан, оиланинг божхона терминалларига яқин йўлатилганини Панниер «хавотирли» ҳолат дея таърифлайди.
«Бу одамларнинг Ўзбекистон божхона постларига кириб боргани бу ерда ким бошлиқ, деган саволни туғдиради. Божхона хизматими? Ёки [Ҳабибула Абдуқодир] рулда бўлиб, божхона хизмати унинг қўлидаги одамларга айланганми?»
«Бирор зиддиятли одам ҳукумат билан бу каби яқин алоқада бўлишини кўришни ҳеч ким истамайди».
Журналистлар ушбу суриштирувда номлари тилга олинган одамлар, ташкилотлар ва давлат муассасаларидан изоҳ олиш учун 50 дан ортиқ сўров юборишди. Кўпчилик, жумладан, президент Мирзиёев администрацияси, Ўзбекистон Давлат божхона қўмитаси, Ўзбекистон ва Россия давлат темир йўллари ҳамда Отабек Умаров жавоб бермади. Абдуқодирлар оиласи Ҳабибула Абдуқодир фойдалангани маълум бўлган электрон почта манзилидан саволларни олганини тасдиқлади, аммо кейинроқ маълумот бериши мумкинлигини айтди.
Ўзбекистондаги савдонинг "юраги"
“Абу Сахий” бозори Ўзбекистон савдо секторидаги энг катта ўйинчи ҳисобланади.
Пойтахтнинг халқа йўлида жойлашган бозор охири кўринмайдиган савдо расталари билан машҳур бўлиб, кийим-кечакдан тортиб маиший электроника жиҳозларгача - ҳамман нарсани топиш мумкин. Бу ерда Хитойда ишлаб чиқарилган товарлар шу қадар кўпки, маҳаллий ҳажвчилар уни “Хитой пойтахти” деб аташади. Харидорларга қулай бўлиши учун бу ерда озиқ-овқат расталари, кўп қаватли тураргоҳ ва ҳатто ўзининг масжиди ҳам бор.
“Абу Сахий” бозорининг пайдо бўлиш тарихи анча қоронғу, аммо кўп йиллар давомида унга собиқ президент Ислом Каримовнинг куёви Тимур Тиллаев эгалик қилган. Тиллаев ўзининг ҳашамдор турмуш тарзи билан танилган.
Тиллаевнинг норасмий солиқ ва божхона имтиёзлари ҳисобидан товарларга энг паст нархларни белгилаш орқали импортдан миллионлаб доллар пул ишлагани иддао қилинади.
Тиллаев бу иддаоларни ҳар доим инкор қилган, унинг адвокати иддаоларни рад этишда давом этмоқда. Аммо OCCRP ва ҳамкорлари бир неча йил аввал эълон қилган туркум суриштирувлар ўша йилларда бозорга товар етказиб берган асосий таъминотчилардан бири Ҳабибула Абдуқодир бўлганини ўртага чиқарган.
Мавзуга алоқадор Қирғизистонда томир отган коррупция ҳақидаги фильмда "Абу Сахий" ҳақида нималар дейилди?Қўшни Қирғизистондаги коррупционер божхоначилар ёрдамида Абдуқодир ва унинг укалари “Абу Сахий”да, иддао қилинишича, сохта ёрлиқ ёпиштирилган ва тўлиқ декларация қилинмаган Хитой молларини сотиш орқали мўмай даромад топишган. Ўзини оиланинг пул ювувчиси деб атаган ва кейинроқ Истанбулда отиб кетилган шахс маблағларни дунё бўйлаб банк ҳисобрақамларига жойлаштириш учун турли ноқонуний схемалардан фойдаланганига иқрор бўлган.
2019 йилдаги суриштирувларда Абдуқодирларнинг яширин империяси экани иддао қилинган тузилма қандай ишлагани борасида Саймаити берган ҳужжатлар ва журналистлар қўлга киритган тасдиқловчи далиллар батафсил таҳлил қилинган.
Схема йиллар давомида ишлаб турган. Тиллаев ва Абдуқодир бойиб кетишган, “Абу Сахий” эса қулоч ёйиб борган. Бироқ Ўзбекистон каби мамлакатда кўп нарса “юқори”дагиларнинг сизга нақадар хайрихоҳлигига боғлиқ ва бу ерда ҳаммаси жуда тез ўзгариши мумкин. Аммо Абдуқодир сингари уддабурон одам учун ўзгаришлар янги имкониятларни очади.
2016 йилда президент Каримов ўлиб, унинг ўрнини бош вазир Шавкат Мирзиёев эгаллади. Янги раҳбар ўзини мамлакатни дунёга очишни, инсон ҳуқуқларининг бузилиши ва коррупцияга барҳам беришни кўзлаган ислоҳотчи ўлароқ тақдим этди. Бу ўринда собиқ ҳукмрон оиланинг аъзоси бўлган Тиллаев нишонга олинганига ажабланмаса ҳам бўлади.
Прокуратура, солиқ ва божхона ходимлари илгари дахлсиз бўлиб келган “Абу Сахий”га нисбатан кўпдан-кўп тафтишларни бошлаб юборди. Савдо ва юк ташиш бир неча ҳафта тўхтаб қолди. 2017 йил охирига келиб Тиллаев ўйиндан чиқарилади ва бозордаги ўз улушини янги хўжайинларга сотади. Шундан буён унинг Ўзбекистонга келгани маълум эмас.
Ҳукумат “Абу Сахий” бозорининг эгаси алмашганини катта ўзгариш сифатида тақдим қилди. Орадан бир неча ҳафта ўтиб президент Мирзиёев администрацияси бозорнинг янгидан ташкил этилгани ва давлат ғазнасига солиқ тушумлари каррасига ортганини мақтаб чиқди.
Орадан бир неча ой ўтиб, давлат телевидениесида эндиликда “Абу Сахий” бозорига эгалик қилаётган “халқаро тажрибага эга” номаълум “хорижий инвесторлар” мақталган лавҳани намойиш этди. Лавҳада нархлар пасайганидан хурсандлигини айтган харидорлар ва ижара ҳақи пастлаганидан мамнунлигини таъкидлаган сотувчилар билан интервьюлар ўрин олган эди.
Пировардида “Абу Сахий”ни сотиб олган “хорижий инвесторлар” Абдуқодирлар оиласи бўлиб чиқди. Тиллаевнинг адвокати журналистларга электрон почта орқали йўлланган мактубда мижози бозорни Ҳабибула Абдуқодирга 2017 йилнинг декабрь ойида сотганини тасдиқлади. Корпоратив ҳужжатлардан маълум бўлишича, Тиллаевдан кейин “Абу Сахий” аввал Абдуқодирларнинг Германиядаги фирмаларига ўтган, ундан эса воситачи фирмалиги яққол кўриниб турган турк ширкатига. Бу ширкатга ёши 30 га ҳам чиқмаган қиз эгалик қилади (унинг бошқа фаолияти ҳақида ҳеч нарса маълум эмас)
Даромад тақсимоти
“Абу Сахий” бозорига яқин қатор манбалар, жумладан савдогарлар, корпоратив юрист, собиқ юқори мартабали ички ишлар мулозими ҳамда юк ташиш ширкатининг эгалари Абдуқодирларни зимдан дастаклаётган қудратли шахсга ишора қилишди. Бу – Мирзиёевнинг куёви ва Президент давлат хавфсизлик хизмати раҳбарининг ўринбосари Отабек Умаровдир.
Абдуқодирлар оиласи эгалигида бозор янада кенгайган. Ҳозирда "Абу Сахий" янги кўп қаватли савдо иншоотлари ва ҳатто ўз масжидига ҳам эга.
Улар таърифлаган схема кўпчилик собиқ совет мамлакатлари учун хос: ҳукмрон сиёсий элита вакили - бу ўринда Умаров, даромад келтирадиган бизнесни “ўз қаноти остига олган”. Кўпинча даромаддан ажратилган улуш эвазига “криша” сиёсий ҳимоя, инсайдерлик маълумотлари ва қонун-қоидаларни айланиб ўтиш имконини тақдим этади.
“Абу Сахий” Ҳожи ака (Абдуқодирга нисбатан ҳурмат маъносидаги ибора)га тегишли, аммо у О[табек] У[маров] билан шерикликда иш қилади”, - деди Абдуқодирлар ширкатига ишлайдиган манба. Унинг сўзларини мустақил равишда тасдиқлаш имкони йўқ.
Ходимнинг айтишича, у “Абу Сахий” директорининг офисида пул санайдиган машинка ва доллар тахламларини кўрган, бу пуллар, унинг иддао қилиишча, кейинчалик даромаддан улуш ўлароқ Умаровга етказилган.
Бир неча манба Нажим Абдужабборов кўп йиллар “Абу Сахий”ни бошқаргани, Тиллаев даврида импорт операциялари учун масъул бўлганини айтган.
Абдуқодир билан Умаров ўртасидаги асосий бўғин сифатида ширкат ходими президент оиласининг бошқа бир аъзоси – Мирзиёев опасининг куёви бўлмиш Нажим Абдужабборовни кўрсатган. “У оиланинг вакили, - дея изоҳ берган ходимга кўра Абдужабборов ҳафтанинг асосий қисмини Абдуқодирларнинг асосий савдо ширкатларидан бўлган Baraka Holding офисида ўтказади. "У Ҳожи ака (Абдуқодир) ва куёв ўртасида воситачилик қилади”, дейди Абдуқодирлар ширкатига ишлайдиган манба.
Бошқа бир лойиҳада Абдуқодирлар президент оиласи аъзоси билан бевосита ҳамкорлик қилган. Улар Мирзиёевнинг жияни билан биргаликда эгалик қилган логистика маркази божхона бошқармаси кўрсатмасига кўра барча халқаро курьерлик ташувларини қайта ишловдан ўтказган.
“Ҳукумат йўриқномаси”
Ўзбекистон ҳукумати Абдуқодирларни Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги янги савдо йўлларини ривожлантириш лойиҳасига ҳам жалб қилган.
2017 йилда президент Мирзиёев Хитой ва Қирғизистон билан ҳар учала давлат учун фойдали бўлган янги замонавий савдо йўлини ривожлантиришга доир битимларни имзолади.
Декабрь ойида Қирғизистон президенти Тошкентга расмий ташриф билан борган пайт қирғиз делегацияси таркибида Ҳабибула Абдуқодир ҳам бор эди. Бир ой ўтиб оила Ўзбекистон ҳукуматининг расмий ҳамкорига айланади: Хитой ширкатларидан бири акцияларининг асосий пакети давлатга тегишли бўлган O’rta Osiyo Trans фирмаси билан қўшма корхона тузади. Янги ширкат янги савдо йўлини ривожлантириш бўйича “ҳукумат йўриқномаларини бажариши” лозим эди.
Ҳабибула Абдуқодир Ўзбекистонга келган қирғиз делегацияси таркибида, 2017 йил декабри. Бу ташрифдан кўп ўтмай унинг ширкатларидан бири Ўзбекистон ҳукумати билан биргаликда транспорт ширкатини таъсис этган.
Кўринишдан, расмийлар ҳамкор сифатида айнан Абдуқодирлар оиласини танлашган – битимга қарши бўлган миноритар пакети эгаси бўлмиш туркиялик акциядорларнинг овози камлик қилган.
Silk Road International деб номланган янги қўшма корхона Абдуқодирлардан катта миқдорда маблағ, давлатдан эса юк ташиш прицеплари паркини қабул қилиб олади. 2018 йил сентябрида Ўзбекистон Савдо вазирлиги ширкат янги йўналишни муваффақият билан йўлга қўйгани ва унинг озиқ-овқат, қурилиш материаллари ва истеъмол моллари юкланган карвонлари Хитой билан Ўзбекистон ўртасида қатнаётганини тантана билан эълон қилади.
2020 йилда Ҳабибула Абдуқодир туркиялик акциядордан O’rta Osiyo Trans миноритар улушини сотиб олиб, Ўзбекистон ҳукуматининг тўғридан-тўғри ҳамкорига айланади.
Шу тариқа Silk Road International’даги улуши ва Қирғизистоннинг “Тарим Транс” етакчи юк ташиш ширкатига эгалиги Хитой товарларини Ўзбекистонга етказиб берувчи савдо занжирида Абдуқодирларнинг лидерлик мавқеини таъминлайди.
Журналистлар йигирмадан ортиқ рақобатчи транспорт ширкатлари вакиллари билан боғланишганда уларнинг кўпчилиги Хитойдан Ўзбекистонга қуруқлик орқали товар етказиб беролмасликларини айтишган. Бу ишни қилишга уриниб кўрганлар узоқ кутишга тўғри келаётгани ва карго етиб бориш-бормаслиги номаълумлигидан шикоят қилишган. “Биз бу йўналишдан фойдаланишга қўрқамиз”, - деган ширкатлардан бирининг ходими улардан юкни ўтказиш учун пора талаб қилишганини қўшимча қилган. Абдуқодирларга рақобатчи бўлганларнинг кўпчилиги муқобил йўналишдан фойдаланишади: улар товарларни қўшни Қозоғистон орқали поездда жўнатишади.
Ўзбекистонга юкларни етказиб беришдан ташқари, Абдуқодирларнинг Baraka Holding савдо ширкати маҳаллий савдогарлар учун четдан товар буюртма ва импорт қилишда воситачи ролини ҳам бажармоқда.
Ширкат импорт ва божхонадаги расмийлаштириш ишларини ўз зиммасига олади, мижозларга фақат “ички” таъминотчидан импорт қилинган товарларни сотиб олиш қолади, холос.
Baraka’нинг рақобатчилари бундай хизматларни кўрсатишга қодир эмас. Кўплаб ўзбекистонлик савдогарлар ва карго ширкати эгалари Озодликка ўзларида Baraka Holding билан ҳамкорлик қилишдан бошқа танлов йўқлигини айтишган.
“Четдан товар олиб келмоқчи бўлган ҳар қандай савдогар бу ишни фақат “Абу Сахий”/ Baraka Logistics орқали қилишга мажбур. Акс ҳолда, уларни божхона ўтказмайди”, - дейди шикоятчилардан бири.
Ўзбекистон ҳукумати маълумотларига кўра, 2022 йилда Baraka Holding 200 миллион доллар даромад билан мамлакатда товар айланмаси бўйича учинчи йирик компани бўлган.
“Рақобатчиларнинг ўзи бўлган, деб ўйламайман”
Абдуқодирлар оиласи бир пайтлар қўшни Қирғизистонда божхонанинг юқори мулозимига пора берганликда айбланган бўлса, Ўзбекистонда улар ҳозир Божхона қўмитасининг расмий ҳамкори ҳисобланади.
2019 йил январида Мирзиёев ҳукумати хусусий ширкатларни мамлакат чегарасида тўртта янги божхона терминали қурилиши бўйича тендерда иштирок этишга таклиф қилди.
- Божхона терминали бу одатда мамлакат чегарасида жойлашган иншоот бўлиб, у ерда товарлар ёки йўловчилар мамлакатга кириш ёки чиқишда текширувдан ўтказилади.
Тендер эълонида ҳукуматнинг потенциал ҳамкорлари танловолди саралаш босқичидан ўтиш учун қатор шартларга жавоб бериши лозимлиги айтилган. Бунинг учун жуда қисқа - бор-йўғи 10 кун муҳлат берилган.
Тендер иштирокчилари йўқ деганда хориждагилар дохил иккита терминал қуриш, беш йил уларни бошқариш тажрибаси, бизнес юритиш бўйича ижобий халқаро обрў ҳамда камида 9,5 миллион доллар низом капиталига эга бўлиши лозим эди.
Тендер ғолиби расман ҳеч қачон эълон қилинмаган. Бироқ ер кадастри ва тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар рўйхатидан олинган маълумотлар лойиҳани ким бажараётганини очиб қўйди: бу - юқоридаги талабларнинг бирортасига ҳам жавоб бермаган ширкат эди. Унинг ҳатто сайти ҳам йўқ, ўзи тендер эълон қилинишидан бор-йўғи уч ой олдин таъсис этилган.
“Менимча, ҳаммаси юқори даражада ҳал қилинган, - деди лойиҳада ишлаган манба. – Рақобатнинг ўзи бўлган, деб ўйламайман”.
Euroasia Transportation and Logistics Company (ETLC) фирмаси Германиянинг Hyper Partners ширкатига тегишли. Бу компанияга фамилияси "Полвон" бўлган 23 ёшли шахс эгалик қилади. "Полвон" исмидан Абдуқодир ва укалари фойдаланади. Ширкатнинг корпоратив ҳужжатлардаги манзили оиланинг Лондондаги ҳашаматли уйи манзили билан бир хил. Бу унинг оила аъзоси эканлигини тахмин қилишга имкон беради.
Тўртта терминалнинг ишга туширилиши ҳозирда турли босқичларда: материал чоп қилинаётган пайтда уларнинг иккитаси фаолият кўрсатаётган эди.
Лойиҳанинг иккинчи босқичи доирасидаги яна бешта терминал қуриш учун тендер 2020 йил бошида эълон қилинган. Ғолиб номи очиқланмаган бўлса-да, ETLC бу терминаллардан камида биттасининг ёнидаги ерга эгалик қилади.
- Бошқа ишлар билан бир қаторда бу ширкат маданият маркази қурилиши, меҳмонхона реновациясида иштирок этади ҳамда Ҳабибула Абдуқодирга тегишли турар-жой кўчмас мулкини бошқаради.
Афтидан, бошқа даъвогарларда тендерда ғолиб чиқиш имкони ҳеч қачон бўлган эмас. Журналистлар қўлига Hyper Finance Group ширкатининг ички ҳужжатлари келиб тушган – бу ширкат, афтидан, оиланинг кўчмас мулк соҳасидаги айрим лойиҳаларини бошқаради. Мазкур ҳужжатлардан Ўзбекистон президенти терминаллар қуриш режасини жамоатчиликка эълон қилган пайтда Абдуқодирнинг ширкатлари аллақачон расмийлар билан ҳамкорликда кенг кўламли лойиҳалаш ишларини якунлаб бўлганини кўриш мумкин.
Hyper Finance Group ширкати бошқа ишлар билан бир қаторда маданият маркази қурилиши, меҳмонхона реновациясида иштирок этади ҳамда Ҳабибула Абдуқодирга тегишли тураржой кўчмас мулкини бошқаради.
Ҳужжатлар орасида PowerPoint дастурида яратилган тақдимот файли ҳам бўлиб, унда Абдуқодирларнинг AKA Group ширкати, божхона хизмати ва давлат темирйўл ширкати бешта терминал ва логистика марказлари қурилиши бўйича “ташаббус"ни илгари суриши кўрсатилган. Мета-маълумотлар мазкур файл сўнгги бор 2018 йил августида – терминаллар қуриш режаси эълон қилинганидан бир неча ой аввал таҳрир қилинганини кўрсатади.
Президент Мирзиёев Ўзбекистонда божхона хизматини такомиллаштириш тўғрисида фармон чиқарган пайтда Hyper Finance аллақачон лойиҳа устида бор кучи билан ишлаётган эди. Журналистлар 2018 йилнинг 16 ноябрь санасига оид файлларни қўлга киритишган: у ерда тўққизта терминалнинг дизайни, президент томонидан саккиз кундан кейин эълон қилинажак қурилиш бўйича режалар ҳақида маълумот бор.
Афтидан, Hyper Finance ширкатидагилар ҳатто қайси терминаллар биринчи қурилишини ҳам билишган. 2018 йил 10 декабрь санасига оид ҳужжатда барча терминаллар санаб ўтилган ва улардан тўрттаси устувор экани айтилган. Ҳукумат лойиҳанинг биринчи босқичи доирасида бу тўрт терминал қурилишига тендерни орадан бир ой ўтганидан кейингина эълон қилади.
Ҳужжатларга мувофиқ, Беҳзод Очилов исмли шахс Hyper Finance Group дизайнерлари билан мулоқотда асосий контакт вазифасини бажарган. У божхона процедуралари билан таништириш мақсадида Тошкентдаги ишлаб турган терминалга сафар ташкил қилган. Ундан бор-йўғи бир неча ой олдин Очилов импорт ва бошқа товарларга сертификат бериш билан шуғулланадиган давлат агентлиги раҳбариятида ишлаётган эди. У Ташқи савдо вазирлигида ҳам ишлаган.
Кейинроқ Ўзбекистон корпоратив реестридан олинган ҳужжатлар Очилов ва Абдуқодирларнинг терминал бизнеси ўртасида тўғридан-тўғри алоқа борлигини кўрсатди: ҳужжатларда у терминаллар ортида турган ETLC шрикатининг директори сифатида қайд этилган. Фирманинг алоқа учун маълумотлар бўлимида унинг шахсий электрон почта манзили кўрсатилган.
Шу тариқа контрабандадан бойлик орттиргани иддао қилинган оила қатор божхона терминаллари ва “Абу Сахий” бозорини қўлга олиш баробарида ҳукумат қўллови билан Ўзбекистонга қуруқлик орқали олиб кирилаётган ва ундан четга олиб чиқиб кетилаётган маҳсулотлар савдоси устидан назорат ўрнатган.
Кейингиси — Россия
Абдуқодирлар бу билан кифояланиб қолишгани йўқ.
Россия савдода Ғарб мамлакатларидан Хитой ва Марказий Осиёга йўналаркан, Ўзбекистон муҳим воситачига айланиши мумкин. Абдуқодирлар оиласи эса бу фурсатни бой бермоқчи эмас.
Ўзбекистон транспорт вазирига кўра, ҳукумат Абдуқодирлар муҳим иштирокчиси бўлган “Агроэкспресс” лойиҳасини кенгайтириш ниятида. Лойиҳа Россиянинг Урал минтақаси ва Узоқ Шарқида икки томонлама юк ташиш имкониятини беради.
Айни пайтда Абдуқодирларнинг UTI Transit ширкати ва “Россия темирйўллари” ўртасида тузилган янги қўшма корхона Москва билан Хитой, шунингдек, Хитой, Афғонистон ва Покистон ўртасидаги янги йўналишлар учун мижозларни жалб қилиш устида ишламоқда.