Президент Мирзиёев Ўзбекистонда ислоҳотлар ва шаффофлик ваъда қилган. Бироқ унинг “янги” Ўзбекистонига сармоя киритаётган йирик хорижий инвесторлар орасида пора бериш ва сиёсий ҳомийлик ҳисобидан бойиган Абдуқодир оиласи ҳам бор.
- Абдуқодир оиласи контрабанда амалиётларидан улкан бойлик орттиргани иддао қилинади. Пулларнинг катта қисми Ўзбекистонда топилиб, чет давлатларда “ювилган”.
- Оила “хорижий инвестор” ниқоби остида шаффоф бўлмаган корпоратив тузилмалар орқали Ўзбекистондаги қатор йирик қурилиш лойиҳаларига миллионлаб доллар сармоя ётқизган. Абдуқодир оиласи учта меҳмонхона лойиҳаси бўйича ҳатто Франциянинг Accor меҳмонхоналар тармоғи билан ҳам ҳамкорликка киришган.
- Афтидан, Абдуқодир оиласининг муҳим ҳамкори бор, бу - президент Мирзиёевнинг қудратли куёви Отабек Умаровдир.
- Аниқланган фактлар Мирзиёевнинг Каримов даврида гуллаб-яшнаган коррупцияга барҳам берилгани ҳақидаги баёнотларини савол остига олади.
Тошкент доим ўзининг кўҳна масжидлари, зиравор ва атлас-адрас сотиладиган сершовқин бозорлари ҳамда жин кўчалари ва эгри-бугри маҳаллалари билан машҳур бўлган. Аммо 2016 йилда Ўзбекистонни модернизация қилиш ваъдаси билан ҳокимиятга келган президент Шавкат Мирзиёев эски маҳаллалар ўрнида кўп қаватли уйлар ва савдо марказлари барпо этишга киришди.
Пойтахт қиёфасини ўзгартириш режаси марказига 1,3 миллиард долларлик Tashkent City лойиҳаси қўйилган: у 80 гектарлик парклар, дунёнинг кўпгина миллий таомларини таклиф қиладиган ресторанлар, замонавий осмонўпар бинолар ва ҳатто планетарийни ўз ичига олади.
2017 йилда “бу ерга бутун дунёдан келишни исташади”, деган Мирзиёев Tashkent City да ишлар боришини шахсан назорат қилишга ваъда берди. У ваъдасида турди - 2022 йил январида Ўзбекистон давлат телеканали президентнинг шу каби ташрифларидан бири ҳақида лавҳа намойиш қилди. Мирзиёевга эргашиб юрганлар орасида журналистлар таниш қиёфани кўришди: қишки қора куртка кийган ва юзи тиббий ниқоб билан ярим ёпилган шахс. Бу укалари билан биргаликда Марказий Осиёда порахўрлик ва сиёсий ҳомийлик устига қурилган савдо монополиясидан улкан бойлик орттирган махфий уйғур магнати Ҳабибула Абдуқодир эди. Маълум бўлишича, Абдуқодир ва оиласи Tashkent City марказидаги қиймати 400 миллион долларлик йирик мажмуанинг инвесторларидир. Мажмуа савдо маркази, турар-жой ва офислардан иборат кўп қаватли бинолар ҳамда меҳмонхона дохил қатор иншоотларни ўз ичига олади.
Абдуқодирнинг бу лойиҳадаги иштироки ва Ўзбекистон президентига яқинлиги Озодлик, OCCRP ва Kloop нашри 2019 йилда оила бизнеси ҳақида эълон қилган туркум мақолалар манзарасида эътиборга молик.
Қўшни Қирғизистонда Абдуқодирлар божхона ходимларини сотиб олишган, улар эса амалда божхонани тўлиғича оила тасарруфига топшириб қўйганлар. Божхона ва бошқа имтиёзлардан фойдаланган оила Қирғизистон, Ўзбекистон ва бошқа мамлакатларга Хитойдан тонналаб арзон товар етказиш ҳисобига улкан даромад топган.
Абдуқодирларнинг бизнеси улар учун пул ювганини айтган шахс журналистларга боғланганидан сўнг ошкор бўлди. Айеркен Саймаитининг иқрорига кўра, юзлаб миллион доллар пулларни хориждаги банк ҳисобрақамларга олиб чиқиш учун у сохта шартномалар ва кредит келишувлари, сохта электрон пул ўтказмалари ва ҳатто “пул хачирлари”ни (нақд пул ташиб берадиган одамлар) ишга солиш каби кўплаб ноқонуний йўллардан фойдаланган.
Саймаити ювилган пулларнинг катта қисми Ўзбекистонда топилганини айтган. Аммо унинг иддаолари матбуотда кенг ёритилганига қарамасдан, ҳар бири бир неча исм ва паспортга эга бўлган Абдуқодир оиласи мамлакатда муҳим хорижий инвесторлар сифатида қабул қилинган.
Мавзуга алоқадор Махсус суриштирув: Мирзиёевларнинг соядаги инвесториTashkent City дан ташқари уларга пойтахтда яна иккита йирик турар-жой мажмуасининг қурилиши топширилган, бу объектларнинг умумий қиймати 520 миллион долларга баҳоланган. Оила шунингдек, Франциянинг Accor меҳмонхоналар тармоғи билан Тошкентда янги беш юлдузли меҳмонхона қурилиши бўйича ҳамкорликка киришган ва Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудида яна иккита меҳмонхона очишни режалаган.
Абдуқодирларнинг бу йирик лойиҳалардаги инвестициялари махфийлаштирилган. Пуллар қобиқ ширкатлар ёки воситачи экани шубҳа қолдирмайдиган иккита ширкат орқали ўтказилмоқда.
Озодлик ва унинг ҳамкорлари - OCCRP , Kloop ва “Власть” нашрларига оиланинг бу қурилишларга алоқадорлигини исботловчи ишончли далилларни қўлга киритиш учун бир йилдан кўпроқ вақт керак бўлди. Журналистлар бу ширкатларнинг ходимлари ва номинал ҳиссадорларига оид маълумотларни ўрганишди, корхоналарнинг контакт маълумотларини Абдуқодирларга тегишли фирмаларники билан солиштиришди ва бошқа очиқ манбалардан инсайдерларни қидиришди.
Журналистлар аниқлаган маълумотлардан келиб чиққан ҳолда айтиш мумкинки, Абдуқодир оиласининг Ўзбекистон ҳокимиятининг юқори поғоналари билан алоқаларга эга обрўли ҳамкори бор, бу — президент Мирзиёевнинг қудратли куёви, президент хавфсизлик хизмати раҳбарининг ўринбосари Отабек Умаровдир.
Мавзуга алоқадор Контрабандачиликда айбланган оила қандай қилиб Ўзбекистон ҳукуматининг ҳамкорига айланди?Умаровнинг номи ҳеч қайси ҳужжатда қайд этилмаган ва Ўзбекистоннинг расмий реестрида унинг бирон бизнес эгаси экани ҳақида маълумот йўқ. Аммо унинг иштироки изларини нафақат Абдуқодир оиласининг Тошкентдаги қурилиш лойиҳаларида, балки Ўзбекистондаги савдо бизнесида ҳам кўриш мумкин. Бу бизнесларда президент фармонлари, рақобатчиларга босим ва ғолиблари олдиндан яширинча танлаб олинган давлат харидлари дохил давлат дастагининг кўплаб шаклларидан фойдаланилган.
Президент Мирзиёев бир неча бор ислоҳотлар ўтказиш ва мамлакатни модернизация қилишга ваъда берган, бироқ Абдуқодирлар эришган муваффақият унинг баёнотларини савол остига қўяди. Контрабандада айбланган оила Ўзбекистонда қучоқ очиб кутиб олинган. Уларнинг ҳозирда Ўзбекистонга киритган ёки киритиш мажбуриятини олган сармояларининг умумий миқдори 2 миллиард доллардан ошиб кетган.
Абдуқодирлар оиласининг фаолиятини ўрганган Британиядаги Олстер университетининг криминология бўйича профессори Кристиан Ласслетт бу каби инвестицияларнинг баҳоси ҳақида ўйлаб кўриш кераклигини айтади.
"Биз миллий маданий мерос, табиий меросни вайрон қиладиган лойиҳаларга манбаси шубҳали бўлган катта миқдордаги сармояларнинг киритилаётганига гувоҳ бўляпмиз.
Бундан ташқари, бу каби лойиҳаларни амалга оширишда амалдорларнинг (қонун бузилишларига) кўз юмиши учун кўпгина ҳолатларда "откатлар" берилиши эҳтимоли катта эканини тахмин қилишга асос бор... Яъни бир томондан, бу каби инвестициялар инсон ҳуқуқларининг бузилишига йўл очади, иккинчи томондан эса, клептократиянинг томирларига қон қуяди".
Журналистлар ушбу суриштирувларда номи тилга олинган шахслар, ташкилотлар ва ҳукумат идораларига 50 дан ортиқ расмий изоҳ сўралган сўровлар йўллашди. Уларнинг кўпчилиги, шу жумладан, президент Мирзиёев администрацияси ва Отабек Умаров сўровларни жавобсиз қолдиришди. Абдуқодир оиласи Ҳабибула Абдуқодир фойдаланган электрон почта манзилига йўлланган саволларни қабул қилиб олганини эътироф этди, аммо уларга кейинроқ жавоб бериши мумкинлигини билдирди.
Абдуқодир оиласи билан ҳамкорлик ҳақидаги саволга жавоб берган Accor вакили "OCCRP нинг жаноб Абдуқодир ҳақидаги (олдинги) мақолаларидан хабари борлиги" ни айтиб, "меҳмонхона эгаларига нисбатан контрагент текширувини амалга оширгани"ни таъкидлади.
Сирли “бозор лидери”
Tashkent City мажмуаси “3-участка”сидаги савдо марказининг Instagram-аккаунтида у ерда дунёга донғи кетган халқаро брендларнинг дўконлари жойлашиши айтилган: Улар орасида Calvin Klein, United Colors of Benetton ва Swarovski кабилар бор.
Аммо савдо маркази ва унинг ёнидаги кўп қаватли уйларни қурган Hyper Partners ширкати ҳақида деярли ҳеч нарса маълум эмас. Унинг номи илк бор 2018 йил июнида зикр этилган: Ўзбекистондаги янгиликлар нашрида чиққан пулли реклама мақоласида ширкат лойиҳанинг инвестори ва “бозор лидери” деб аталган.
Мақолада ширкат тузилганига бор-йўғи тўрт ой бўлгани, унинг устав капитали эса 25 минг еврони ташкил этиши қайд этилмаган.
Бу маълумотлар 2018 йилнинг декабрь ойида, Open Democracy ходимлари суриштирув олиб бориб, Hyper Partners 18 яшар ўсмирга тегишли эканини аниқлаганларидан сўнг ўртага чиқди. Ширкатга Ҳабибула Абдуқодирга алоқадор германиялик икки фуқаро томонидан асос солинган бўлиб, улар ҳақида деярли ҳеч қандай маълумот йўқ эди.
Мақола жамоатчилик эътиборини тортди ва Тошкент шаҳрининг ўша пайтдаги ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев бунга жавоб беришни лозим топди. 2019 йил январида ўтказилган матбуот анжуманида Тошкент ҳокими бу каби йирик лойиҳани амалга ошириш ҳуқуқини эгалари баҳсли бўлган ва номи чиқмаган фирмага бериш қарорини ёқлади.
“Биз уларнинг қаердан пул топаётганини суриштириб ўтирганимиз йўқ, суриштира олмаймиз, ҳаққимиз ҳам йўқ. Кечирасизу, агар Ўзбекистонга инвестиция киритмоқчи бўлган ҳар битта инвесторнинг кимлигини, қачон тузилганини, раҳбари кимлигини суриштирсак, унда Ўзбекистон инвесторлар учун ёпиб қўйилиши керак бўлади, бу ерга ҳеч ким келмайди”, деган эди Тошкент ҳокими.
Божхонадаги миллионлар: Қўриқчилар қароқчилиги Божхонадаги миллионлар: Қўриқчилар қароқчилигиОртиқхўжаевнинг бу сўзларидан бир йил ўтиб Озодлик, OCCRP ва Kloop Абдуқодир оиласи ҳамда унинг контрабанда устига қурилгани иддао қилинган империяси ҳақидаги суриштирувларининг биринчи қисмини эълон қилган пайт Ўзбекистон ўз эшикларини кимларга очгани маълум бўлди.
Энди Hyper Partners ортида Абдуқодирлар турганига шубҳа қолмаганди. Корпоратив ҳужжатлардан келиб чиқилса, фирмадан холдинг ширкати сифатида фақат Tashkent City учун эмас, оиланинг Ўзбекистондаги бошқа инвестициялари учун ҳам фойдаланилган. Улар орасида бир неча божхона терминаллари ҳамда Жиззах вилоятида қурилаётган цемент заводи ҳам бор.
Hyper Partners ширкатининг Германиядаги манзили Абдуқодирларга тегишли экани маълум бўлган ширкатлар - AKA Group ва AKA Petroleum манзиллари билан бир хил. Бу икки ширкат оила учун пул ювганига иқрор бўлган шахсдан ўнлаб миллион доллар маблағларни олган. Ўзбекистонда эса Hyper Partners “шўъбаси”нинг манзили ва электрон почтаси Абдуқодир оиласининг бошқа бир неча ширкатиники билан айни.
Hyper Partners расман Мустафо Полвонга тегишли бўлиб, у афтидан, Абдуқодир оиласининг аъзоси. Германия корпоратив реестридан олинган маълумотга кўра, у Лондон жануби-ғарбидаги Кумби-парк хусусий поместьесида жойлашган еттита ётоқхонали ҳашаматли уйда қайд қилинган. Полвон фамилиясидан Ҳабибула Абдуқодир, унинг бир неча ўғли ва хотинларидан бири ҳам фойдаланади.
“Улар осмонда юришади”
Мавзуга алоқадор Mirobod City можароси: аросатда қолган маҳаллаШаҳарнинг Tashkent City дан бошқа томонидаги кўхна туманини ҳам қайта қуриш режалаштирилган эди.
2018 йилнинг июль ойида маҳаллий Elegant Perspective ширкати шаҳар маъмуриятига Mirabad City деб номланган мавзе концепциясини тақдим этади. Ширкат эгаси Моҳира Тошхўжаева маҳаллий нашрга берган интервьюсида аввалги ҳоким унга режалаштиришни бошлашга рухсат берганини айтган. Тошхўжаева ҳатто уйлари бузилишга тушган аҳоли вакиллари билан ҳам учрашган.
Аммо орадан бир неча ҳафта ўтгач ҳамма нарса ўзгаради. У уйлари бузиладиган маҳаллий аҳоли вакиллари билан учрашувлар ўтказиб бўлган, бироқ маъмурият раҳбари буйруғи билан қурилиш ишлари Hyper Finance Group деган кўпчиликка номаълум ширкатга берилганди.
“Бу мен учун жуда оғриқли мавзу, менинг яна йиғлагим келяпти”, деган Тошхўжаева журналистларга ҳоким қарорини бекор қилиш бўйича муваффақиятсиз уринишлари ҳақида сўзларкан. “Лойиҳа бўйича Hyper Finance Group вакиллари сиз билан учрашдими?” деган саволга у елкасини қисган.
“Нималар деяпсиз? Бунақа одамлар биз билан битта ерда юрмайди. Улар оддий одамлар билан учрашиш учун чанг-тўзонли қурилишга келишмайди. Улар осмонларда юришади”, деган Тошхўжаева.
Ўша йил сентябрида Тошкент шаҳар ҳокими президент Мирзиёевнинг август ойидаги қарорини рўкач қилиб, Hyper Finance Group ширкатига давлат тасарруфидаги ердан қўшимча участка тақдим этган. Лойиҳа майдони 30 гектардан 50 гектарга кенгайган. Ширкат ерни олганидан бир неча кун ўтгач, унинг вакили уйлари бузилиши керак бўлган ғазабнок маҳаллий аҳоли билан тортиша бошлайди. Тошхўжаевага кўра, унинг режасида мажбуран кўчириладиганлар учун янги уйлар қуриш, кейин эса уйларни бузиш кўзда тутилган эди. Аммо афтидан, Hyper Finance Group’дагилар бу масалага бошқача қарашган.
14 сентябрь куни уйи бузиладиган ўнлаб норози одам ширкат номидан улар билан гаплашиш учун келган Фарҳод Тоштемиров атрофида йиғилишган. У яшовчиларга нима учун уйларидан ажралаётганларини изоҳлаб бериши керак эди.
“Шаҳарни замонавий қилишимиз керак”, деган у ғазабнок оломонга.
Одамларнинг бақир-чақирларига жавобан Тоштемиров президент Мирзиёевнинг қарорини рўкач қилади.
“Президентнинг қарори бор”, дейди у.
Тоштемировнинг бу гапи оломонга таъсир қилмайди. “Сизнинг ҳаққингиз йўқ!” дея қичқиради аёллардан бири.
2018 йилнинг ноябрь ойида бу саҳна Би-би-си ўзбек хизмати ҳужжатли фильмида намойиш этилди, мазкур фильм Hyper Finance Group атрофидаги махфийлик пардасини кўтариши керак эди. Суриштирув ширкат акцияларининг назорат пакетига Шотландиянинг 77 Corporation фирмаси эгалик қилишини кўрсатган. Бу фирма яна камида 3300 та бошқа юридик шахс қўним топган манзилда қайд этилган.
Hyper Finance Group ширкатининг иккинчи акциядорининг шахси ҳақида ҳам кўп нарса маълум эмас. Би-би-си репортажида унинг Зафар Мамажонов исмли Ўзбекистон фуқароси экани айтилади, бироқ унинг ўтмиши ҳақида қарийб ҳеч қандай маълумот берилмайди. Репортаж ёйинланганидан кейин Мамажонов Hyper Finance Group’даги ўз улушидан воз кечган.
Кейинги йилларда Hyper Finance Group ортида турган инвесторларнинг шахси сирлигича қолди, лойиҳа эса ўрнидан деярли силжимади.
“Яна жимжитлик, — деган маҳалладаги аёллардан бири. — Биз уйларимиз бузилишига қарши петиция имзоладик, аммо ўшандан бери ҳеч қанақа гап-сўз йўқ”.
Янги "илгак"лар
Пировардида оломонга қарши турган Тоштемиров ўзи истамаган ҳолда журналистларга Hyper Finance сирини фош этишга ёрдам беради. Ширкатни ғазабнок яшовчилардан ҳимоя қилаётган пайтда у Тошкент марказидаги Miran International меҳмонхонасини ҳам бошқараётган эди.
Ўша пайтда Miran бренди Абдуқодирлар оиласига тегишли эди, демак, Тоштемиров уларнинг тўғридан-тўғри ҳамкори бўлган. Тоштемиров "тижорий сирлар"ни рўкач қилиб журналистларнинг Абдуқодирлар лойиҳасидаги иштироки билан боғлиқ саволига жавоб бермади. У Ўзбекистон қонунчилиги фуқаролардан "ўзлари, уларнинг мулки ва манфаатларига зарар етказадиган маълумотни тақдим этишни талаб қилмаслиги"ни илова қилди.
Абдуқодирлар билан Hyper Finance Group ўртасида яна бир боғлиқлик борлигини журналистлар Би-би-си суриштирувидан кейин ўзгарган ширкат мулкининг янги структурасини ўрганиб чиқаётган пайтда топишди. Янги акциядорлар орасида Абдуқодир оиласининг ҳамкори Дилшод Артишнинг Туркиядаги ширкати пайдо бўлган. Бу ширкат Абдуқодирлар учун пул ювганига иқрор бўлган шахсдан миллионлаб доллар маблағ олган.
Илгакни топиб олган журналистлар Hyper Finance Group’га алоқадор бир неча шахсга мурожаат қилишиб, ўнлаб ички ҳужжатни қўлга киритишга муваффақ бўлишди.
Бошқа маълумотлар қаторида улар ташкилотнинг Mirabad City лойиҳаси иштирокчилари кўрсатилган схемасини ҳам ўрганиб чиқишган. У ерда Абдуқодир оиласи эгалик қилган Tashkent Construction Development ширкати ҳам бор бўлиб, у бир вақтнинг ўзида лойиҳанинг ҳам буюртмачиси, ҳам бош пудратчиси экани кўрсатилган. Гарчи қурилиш учун ҳуқуқни Hyper Finance Group олган бўлса-да, схема бу аввалдан Абдуқодир оиласининг лойиҳаси бўлганидан далолат беради. Бу Абдуқодир оиласи Mirabad City лойиҳасида бевосита иштирок этаётганининг илк ҳужжатли тасдиғи эди.
Абдуқодир оиласининг "соябон"и
Ички ҳужжатлар бошқа сирларни ҳам очишга ёрдам берди.
У ерда Hyper Finance Group ширкати фақат Mirabad City нигина эмас, бошқа лойиҳаларни ҳам бошқараётганига доир ҳафталик ҳисоботлар бор эди. Булар қўҳна Қўқон шаҳридаги туризм ва маданият маркази, икки меҳмонхона ҳамда Ўзбекистон ҳукумати қўллови билан Абдуқодирларнинг Германиядаги Hyper Partners ширкати томонидан қурилган божхона терминалларидир.
Бу лойиҳалар ё Абдуқодирларга бевосита тегишли бўлган ёки улар устида оиланинг турли ширкатлари ишлаган, шунинг учун ҳам Hyper Finance Group оиланинг қатор йирик инвестицион лойиҳалари учун “соябон” бошқарувчи компания ролини бажараётганига ишора қилаётганди.
Hyper бренди туфайли Абдуқодирлар ҳатто Франциянинг Accor меҳмонхоналар тармоғи билан битим тузишга муваффақ бўлган.
Accor пресс-релизида айтилишича, компания “Hyper ширкатлар гуруҳи” билан имзолаган ҳамкорлик тўғрисидаги шартномага мувофиқ, Абдуқодирларнинг Самарқанддаги Registan Plaza меҳмонхонаси Mövenpick дея қайта номланади, оиланинг Тошкентдаги ҳозирда таъмирланаётган Miran International меҳмонхонаси эса Swissôtel деган ном билан очилади. Шартномада учинчи меҳмонхона Тошкент вилоятининг оромгоҳлар ҳудудидаги сув бўйида қурилиши қайд этилган.
Пресс-релизда Accor ижрочи директори Алексис Делароффнинг ширкат учун “ўта аҳамиятли кун” юзасидан хурсандчилик ва ҳаяжон ифода этилган сўзларидан иқтибос келтирган. “Мен бизларга билдирилган ишонч учун ҳамкорларимиздан миннатдорман, — деган у, — ва умид қиламанки, келажакда биз биргаликда яна кўплаб қизиқарли лойиҳаларни амалга оширамиз”.
Accor ўзининг Ўзбекистондаги ҳамкори Абдуқодир оиласи эканини расман очиқламаган. Расмий изоҳ сўраб қилинган мурожаатга жавобан Accor Ўзбекистондаги учта меҳмонхона билан франшиза бўйича келишувга эришгани, улардан бири Абдуқодирнинг Registan Plaza компаниясига тегишли эканини тасдиқлади. Француз ширкати Абдуқодирлар билан ҳамкорлик қилаётганини рад этгани йўқ.
АҚШдаги Колумбия университетидан сиёсатшунос ва Марказий Осиё бўйича мутахассис Александр Кулининг айтишича, Accor сингари компаниялар шаффоф бўлмаган корпоратив тузилмалар билан алоқага киришган пайт "одатда, энг яхши тажрибага мувофиқ ўз томонидан қўшимча контрагент текширувларини ўтказиши керак бўлади".
Бу айниқса, Ўзбекистон сингари давлатларда муҳим. "(Бу) мамлакатда Google орқали оддий қидирув бериш билан улкан коррупция схемалари ҳақида маълумот олиш мумкин, - дейди америкалик мутахассис. - Бу сиз ҳамкорлик қилмоқчи бўлган ҳар қандай маҳаллий контрагент чуқур текширувдан ўтказилиши кераклигини англатади".
Ўзининг жавобида Accor "меҳмонхона эгаларига нисбатан контрагент текширувини ўтказгани"ни айтиб, "халқаро санкциялар режими ва суд қарорлари ҳақида очиқ манбалардаги маълумотларни таҳлил қиладиган нуфузли халқаро агентликлардан маълумот олиши"ни таъкидлаган.
Компания шунингдек, OCCRP нинг Абдуқодир ҳақидаги аввалги суриштирувидан "хабардор"лигини айтган.
Нуфузли ҳамкор
Шунча лойиҳалар билан шуғулланаётган Hyper Finance Group бир қарашда профессионал раҳбарият бошқарувидаги йирик корхонага ўхшаб кўринади.
Бироқ 2018 йилдаги лойиҳа ҳисоботларида энг оддий бошқарув вазифаларида ҳам муаммолар борлиги айтилган: масалан, “учрашувлар хоҳлаган пайтда, тайёргарликсиз ва ҳужжатларсиз ўтказилади”, умумий стандартлар ва процедураларга риоя қилинмайди, уларни ҳеч ким тушунмайди ҳам”, “офис-менежери ҳам, котиба ҳам йўқ” ва ҳатто “меъморларга ҳам раҳбарият учун чой дамлаб бериш” буюрилиши мумкин.
Афтидан, Hyper Finance Group ширкатининг расмий сайти ҳам йўқ — унинг интернетдаги аввалги саҳифаси бир неча йилдан бери янгиланмайди. Миробод туманида яшовчилар ширкатни ҳам, унинг вакилларини ҳам топа олмаётганларидан шикоят қилишади.
Хавфсизлик боис исми ошкор қилинмаётган вазиятдан хабардор ходим Абдуқодир оиласидан ҳеч ким Hyper Finance Group нинг кундалик фаолиятида иштирок этмаслигини айтди. Ўрнига, манбанинг айтишича, ширкатда асосий ролни Ўзбекистоннинг Фарғона вилоят кенгаши депутати бўлган Асқар Қодиров ўйнаб келган. Уни юзидаги чандиқлардан осонгина таниб олиш мумкин.
Қодировнинг Абдуқодир оиласи билан бошқа алоқалари ҳам бор. У номи Абдуқодирларнинг халқаро бренди билан бир хил бўлган Ўзбекистондаги AKA Group Intl ширкати эгаси ҳисобланади. Ушбу ширкат ўз номида Абдуқодирларнинг асосий холдинг компаниялари номини такрорлайди. Ўтмишда AKA Group Intl оиланинг айрим корхоналаридаги улушларга эгалик қилган.
Аммо Қодиров бундан ҳам муҳимроқ алоқаларга эга бўлиши мумкин.
Манбалардан бирининг айтишича, у президент Мирзиёевнинг нуфузли куёви Отабек Умаровнинг “қаноти остида фаолият юритади”. Қодировнинг ўзи изоҳ сўраб қилинган мурожаатни жавобсиз қолдирди.
Журналистлар Hyper Finance Group ширкатининг жорий ҳиссадорларидан бири ва аввалги бир ҳиссадори Умаровнинг ишончли вакиллари бўлиши мумкинлигини аниқлашди.
Ўзбекистондаги ҳукмрон оиланинг нуфузли аъзоси Абдуқодирлар билан алоқаларга эга бўлиши ҳайрон қоларли эмас. Ҳукумат амалдорлари билан иттифоқ бўлиб ишлаш минтақа давлатларидаги одатий амалиёт бўлиб, бу каби “криша” ўта зарур бўлган ҳомийликни таъминлаши мумкин. Ўнга яқин манба Умаров Абдуқодирларнинг бошқа бир йирик бизнеси - "Абу Саҳий" бозорини "соядан туриб дастаклаши"ни айтди.
Hyper Finance Group бўйича Умаровнинг ишончли одамларидан бири экани иддао қилинган шахс Ўзбекистон фуқароси бўлган Исмоил Абдуқодировдир - у корхона акцияларининг 36 фоизига эгалик қилади ва директор вазифасини бажаради.
Улар ўртасидаги муносабатлардан хабардор, хавфсизлик нуқтаи назаридан исмини ошкор қилмаётганимиз икки манба бир-биридан мустақил равишда Абдуқодировнинг Умаровга ишлашини маълум қилди. Улардан бири Абдуқодиров Hyper Finance Group акцияларига Умаров номидан эгалик қилишини билдирди.
Умаровнинг бошқа бир ҳамкори ва ўтмишда унинг эҳтимолий ишончли одами бўлган шахс Зафар Мамажоновдир. Hyper Finance Group акциядори бўлган бу одам номи Би-би-си репортажидан кейин ширкат ҳужжатларидан ғойиб бўлган.
Кўплаб манбалар Мамажонов ва Умаров болаликдан дўст эканликларини маълум қилишди. Икковлон 1984 йилда туғилган ва ижтимоий тармоқлардаги маълумотлардан келиб чиқилса, Ўзбекистон шарқидаги Қўқон шаҳрида вояга етишган ҳамда битта мактабда ўқишган.
Афтидан, улар орасида ҳозиргача ҳам алоқа узилган эмас. Instagram тармоғида 2020 йил май ойидаги постларидан бирида Мамажонов Умаровни туғилган куни билан табриклайди ва изоҳчи томонидан билдирилган энг яхши истакларни етказиб қўйишга ваъда беради. Бошқа постларида у Умаровнинг отлари ҳақида ҳавас ва ҳайрат билан ёзади. Уларнинг иккаласи ҳам Ўзбекистон Дзюдо федерацияси ҳамда Аралаш жанг санъати ассоциацияси аъзолари ҳисобланишади.
Бундан ташқари, икки манба журналистларга Мамажонов аслида Умаровга тегишли бўлган бизнесда унинг ишончли одами сифатида фаолият юритган яна бир ҳолат ҳақида сўзлаб беришган. Бу Ўзбекистондаги Driver’s Village деб номланган автосалонлар тармоғидир. Ширкат директори ва яна бир акциядорнинг Отабек Умаровнинг укаси - ўзини жамоатчиликка кўрсатмайдиган бадавлат тадбиркор Ойбек Умаров билан алоқаси бор.
Шотландияда асос солинганидан буён Hyper Finance Group ширкати улушга эга бўлган ношаффоф 77 Corporation фирмаси номи ҳам Умаровнинг севган рақамига ўхшайди.
Логотипини Умаров ўйлаб топган 7Saber кийим-кечак ишлаб чиқариш ширкати сайтида эмблемада у “нумерологияда 7 рақами ифода этган спортга хос жасурлик ва ирода кучи фалсафасини ифодалаш”га урингани айтилади.
Умаровнинг телефон рақами фақат етти рақамидан иборат, укасининг рақами эса еттилар ва битта уч рақамидан иборат. Ака-ука паспортларининг рақамлари асосан еттилардан ташкил топган, афтидан, улар буюртма асосида тайёрланган.
Ширкатлар ҳам худди шу руҳда номланган. K7 Hotel Management ва OU7 номли холдинг Ойбекка тегишли бўлиб, Отабек унинг логотипидан тез-тез фойдаланиб туради ва у билан ҳатто отларини ҳам безайди.
Журналистлар сўровига Ойбек Умаров номидан Абдуқодирлар ширкати ходими Фарҳод Тоштемиров жавоб берди. Тоштемиров Hyper Finance Group номидан маҳаллий аҳоли билан музокара олиб борган. Ўз изоҳида у "тижорий сирлар"ни рўкач қилиб саволларга жавоб беришдан бош тортди.
“Улар бу ишни қандай уддалашганини айтолмайман”
Кўринишидан, Hyper Finance Group каттагина эътиборга эга ширкат. Унинг таъсир доираси қаергача етишини айтиш қийин, бироқ ҳатто тошкентлик мулозимлар ҳам ширкатга қарши боришга қўрқишади. Маҳалла сайлаган раис Фурқат Мавлонов журналистларга Mirabad City лойиҳаси қарийб тўхтаб қолганини айтган.
“Бу уйлар бузилмайди”, деган Мавлонов гарчи Hyper Finance Group ширкатида қурилиш қилиш ҳуқуқи бўлса-да, бу ерда яшаётган одамлардан биронтасини уларнинг ихтиёрига қарши уйдан чиқариб юбориш мумкин эмаслигини айтган.
Унинг сўзларига кўра, Hyper Finance Group мавзеда чекловлар жорий қилган: уй эгаларига уйларини сотиш ёки ўз ерида бирор қурилиш қилиш тақиқланган. Маҳаллий аҳоли вакиллари ижтимоий тармоқларда ушбу тақиқдан шикоят қилишган.
Мавлоновдан “Хусусий бир ширкат қандай қилиб бунча қудратга эга бўлиши мумкин ва унинг ортида ким турибди?” деб сўралганда, у асабийлашиб, бу “телефонда айтиб бўлмайдиган гап” деган.
“Агар сиз журналист бўлсангиз, бу одамларнинг кимлигини аниқланг, ўшанда гап нимада эканини тушунасиз. Мен бунинг тафсилотларини муҳокама қилолмайман. Улар тақиқ жорий қилишди, бу тақиқ ҳалиям амалда ва мен уларнинг бу ишни қандай қилиб уддалашгани ҳақида бирор нарса деёлмайман”, деган Фурқат Мавлонов.
Тошкент шаҳар ҳокимининг меъморчилик ва қурилиш масалаларига жавобгар бўлган биринчи ўринбосари Бахтиёр Раҳмоновнинг ёрдамчиси Hyper Finance Group ерга “вето” қўйганини тасдиқлади. “Шунақа қилиш мумкинми ахир?” деб сўралганда у гўшакни қўйиб қўйди.
Mirabad City лойиҳасида ҳозир олға силжиш йўқ, бироқ унга яқин жойда Hyper Finance Group бошқа бир лойиҳани амалга оширмоқда.
Қиймати 90 миллион доллар бўлган Istanbul City лойиҳаси ўндан зиёд кўп қаватли уйни ўз ичига олади. Лойиҳа ниҳоясига етай деб қолган, унинг Instagram’даги аккаунтида эса аллақачон хонадонларни сотиш бошланган.