Ҳабибула Абдуқодир ҳамда яқинларининг порахўрлик ва пул ювиш устига қурилгани иддао қилинган савдо монополияси фош этилди. Аммо ўтган вақт мобайнида улар янада қудратлироқ оилага айланишди: дунё бўйлаб янги сиёсий алоқалар ва кўп миллиард долларлик инвестицион лойиҳаларга эга бўлишди.
- 2019 йилда Абдуқодир оиласи томонидан Марказий Осиёда топилган пулларни четда "ювиш" учун ёлланганини айтган шахс уларни фош қилди: Айеркен Саймаити журналистларга кўплаб ҳужжатларни тақдим қилди ва ўз иш берувчисини улкан контрабанда империясини бошқаришда айблади.
- Улар билан ҳамкорлик қилган собиқ юқори мартабали мулозим жавобгарликка тортилди ва санкцияга тушди. Бироқ Абдуқодир оиласи учун, афтидан, бунинг ҳеч қандай оқибати бўлгани йўқ.
- Бутун дунё бўйлаб рўйхатга олинган ширкатлар орқали улар ювилган юзлаб миллион доллар пулларни осмонўпар бинолар, меҳмонхоналар, заводлар, бозорлар ва бошқа лойиҳаларга инвестиция қилишди.
- Гарчи оила бир неча қитъада ўз мулкларига эга бўлса-да, уларнинг инвестицион лойиҳалари асосан Марказий Осиёда жамланган: Абдуқодир оиласи ҳақида юзага чиққан маълумотларга қарамасдан маҳаллий ҳукуматлар уларни қучоқ очиб қаршилашган.
- Улар орасида Қирғизистон президенти Садир Жапаров ва Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам бор.
Дубай соҳилидаги 43 қаватли осмонўпар бино. Кўҳна Самарқанд марказидаги муҳташам меҳмонхона. Лондондаги етти ётоқхонали ҳашаматли уй. Қозоғистондаги шаҳарни газ билан таъминловчи қувур тармоғи.
Озодлик радиоси, OCCRP, Kloop ҳамда “Власть” нашрларининг янги суриштируви кўп миллиард долларлик бу мулкларнинг ҳаммаси битта оилага тегишли эканини ўртага чиқарди.
Пора бериш ва сиёсий ҳомийлик туфайли бойиган Абдуқодирлар оиласи сир сақлашни билади. Бу уйғур оиласининг аъзолари ўз исм ва фамилияларининг турли кўринишларидан фойдаланишади ва бир неча мамлакат фуқаролигига эга. Уларга тегишли кўпгина ширкатларнинг ўз веб-сайти ҳам йўқ, улар ўз алоқаларини ошкор қилишмайди ва мулклар кўпинча қариндошлар ёки воситачилар номига расмийлаштирилган.
Абдуқодирларнинг панада қолишларига жиддий сабаб бор. 2019 йилда Озодлик радиоси, OCCRP ва “Клооп” нашри оила ўз бойлигини қандай орттирганини фош қилган: тўрт ака-уканинг тўнғичи бўлган Ҳабибула Абдуқодир коррупционер божхона расмийлари ёрдамида Қирғизистон, Ўзбекистон ва бошқа мамлакатларга Хитой товарларини етказиб беришдан улкан даромад олган савдо монополиясини барпо қилган.
Божхонадаги фирибгарликдан хабар топган қирғизистонликлар норозилик билдириб кўчаларга чиқишди, пировардида Абдуқодирларнинг бош сиёсий ҳомийси коррупция айбловларини тан олди.
Бироқ оила жавобгарликка тортилмади. Уларнинг афтидан, пул ювишдан катта даромад кўрган Германия, АҚШ, Туркия ва бошқа мамлакатлардаги ширкатлари ёпилмади. Абдуқодирлар бу пулларни нимага сарфлагани мавҳум қолиб келаётган эди.
Озодлик радиоси, OCCRP, Kloop ҳамда “Власть” нашрлари журналистлари сўнгги йилларда оила янги, қонуний бизнесларга йирик сармоялар ётқизганини аниқлашди. Корпоратив ва давлат реестридаги ҳужжатлар, инвестицияларга доир ҳукумат маълумотлари, компанияларнинг ички ҳужжатлари ва бошқа манбалар оила турли қитъалардаги лойиҳалар ва ҳашаматли мулкларга камида 2 миллиард доллар (баҳолашда қиймати номаълум бўлган мулклар ҳисобга олинмаган) инвестиция киритганини кўрсатмоқда.
Сервер хатоси
Бу ердаги файл (ҳужжат)ни ҳозирча фақат сайтимизда кўришингиз мумкин.
Бошқа жойдан топишга уриниб кўриш учун юқоридаги Search (Қидириш) тугмасини босинг
Маблағларнинг катта қисми Абдуқодирларга яхши таниш бўлган Марказий Осиёга кетган - бу ерда оила бутун-бошли мавзелар, замонавий божхона терминаллари ва ҳатто Исломий марказ ҳамда масжид ҳам қурмоқда. Ўзбекистонда улар энг йирик “хорижий инвесторлар” қаторидан ўрин олишган. Маҳаллий ҳукмрон элита – ва ҳатто президентлар ҳам – Абдуқодирни қучоқ очиб қарши олганлар. Ваҳоланки, Абдуқодирларнинг контрабанда ва пул ювиш устига қурилгани иддао қилинган империяси уч йил аввал фош бўлган эди.
Ислоҳотлар ўтказиш ҳақидаги кўплаб ваъдаларига қарамасдан Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Абдуқодир оиласи ва уларнинг миллионларига мамлакат эшикларини ланг очди: ҳукумат уларнинг қатор лойиҳаларини солиқ имтиёзлари, давлат ерлари ва матбуот эътибори билан дастаклади. Аммо бу ёрдам беғараз эмас. Журналистлар Мирзиёевнинг қариндошлари айрим лойиҳаларда Абдуқодирларнинг шеригига айланганликларини аниқлашди.
Ҳабибула Абдуқодирнинг ўзи яқинда олдинги суриштирувлардан ларзага келган Қирғизистонда кўриниш берди. Март ойида у президент Садир Жапаров билан бирга янги масжид ҳамда йирик турар-жой мажмуаси тамал тошини қўйишга бағишланган икки маросимда қатнашди. Маълум бўлишича, уларнинг ҳар иккаласи ҳам Абдуқодирнинг лойиҳаларидир.
Абдуқодирлар оиласини яқиндан ўрганган Ольстер университети криминология профессори Кристиан Ласслетт уларнинг инвестицияларини Ўзбекистондаги иқтисодий ва сиёсий эркинликларга зарар берувчи, деб таърифлайди.
“Биз Мирзиёев ҳукумати халқаро майдонда ўзини самарали бир тарзда ислоҳотчи ва замонавий ҳукумат сифатида намоён қилаётганини кўрдик , - дея дейди у.
- Бироқ бу каби инвестициялар клептократияни озиқлантиради. Эркин бозор иқтисодиёти бундай ишламайди. Бу шунчаки, сиёсий ҳомийликдир”.
“Кимдир [бу каби] сиёсий иқтисодга сармоя киритган пайт тизим янада мустаҳкамланиб, чуқур томир отади. Табиийки, мавжуд вазиятни сақлаб туриш учун фуқаролар ортиқча саволларни бермасликлари муҳим”.
Мавзуга алоқадор Махсус суриштирув: Мирзиёевларнинг соядаги инвесториАмерикалик собиқ дипломат ва Ноқонуний иқтисодиётларга қарши халқаро коалициянинг ижрочи директори Дэвид М. Луна коррупцияга қарши кураш мунтазам бўлиши кераклигини таъкидлайди.
“Автократияларда жиноятчиларнинг коррупцион таъсири ҳукмрон элиталарни ўз чўнтакларини қаппайтириш ва нопок йўллар билан топилган пулларни ювишга ундайди, дейди у. – Клептократия ҳукмронлик қиладиган демократияларда эса, коррупциялашган амалдорлар томонидан мансаб ваколатларини суистеъмол қилиш кўпинча ҳокимиятнинг ноқонуний тизимини мустаҳкамлайди ва иқтисоднинг қулашига олиб келадиган беқарорликни келтириб чиқаради".
Журналистлар суриштирувда номлари тилга олинган 50 дан ортиқ шахс, ширкат ва ҳукумат идораларидан изоҳ сўраб, саволлар йўллашди. Деярли ҳеч ким, шу жумладан, президент Мирзиёев администрацияси ҳам жавоб бергани йўқ. Абдуқодирлар Ҳабибула Абдуқодир ишлатган электрон почтасига жўнатилган саволларни олганликларини тасдиқлашди, бироқ кейинроқ маълумот беришлари мумкинлигини айтишди.
Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг матбуот котиби “Қирғизистон барча инвесторлар учун очиқ” эканини таъкидлаб, “мамлакат иқтисодиётининг турли соҳаларига ҳақиқатан ҳам инвестиция киритиш ниятида бўлган ҳамма билан ишлашга тайёр” эканликларини айтди.
Ноқонуний бойликнинг фош этилиши
Ҳабибула Абдуқодирнинг контрабанда устига қурилгани иддао қилинган империяси ҳақида журналистларга илк бор оиланинг пул ювувчиси эканини айтган Айеркен Саймаити гапириб берган эди.
Журналистларга кўплаб ҳужжатларни тақдим этган Саймаити Абдуқодир оиласи учун Марказий Осиёдан турли мамлакатлардаги банк ҳисобрақамларига юзлаб миллион долларни шахсан олиб чиқиб кетганини айтган.
Журналистлар билан охирги учрашувидан бир неча ҳафта ўтиб Саймаити Истанбулда отиб кетилди – қотиллик буюртмачилари ҳалигача топилгани йўқ. Аммо у Абдуқодирлар оиласининг схемаларини фош қилиш учун етарли маълумотларни беришга улгурган эди.
Абдуқодир оиласининг устунлигини таъминлаган нарса унинг ўша пайтда Қирғизистон божхонаси раҳбарининг ўринбосари бўлган Раимбек Матраимов билан ҳамкорлиги эди. Матраимовнинг ходимлари Абдуқодирларнинг юк машиналарини ўтказиб, рақобатчиларнинг юкларини тўхтатиб қолган. Натижада оила Хитойдан Марказий Осиё мамлакатларига товар етказиб берувчи савдо йўлларини монополлаштириш орқали улкан бойлик орттирган.
Оила даромаднинг катта қисмини Ўзбекистон пойтахти Тошкентнинг ҳалқа йўлида жойлашган “Абу Сахий” бозоридан топган. Қирғизистон орқали олиб ўтилган контрабанда товарларнинг асосий қисми шу бозорда сотилган.
Кейинги қадам бу пулларни Ўзбекистондан чет элдаги банк ҳисобрақамларига хавфсиз олиб чиқиш эди. Саймаити аввалига улар нақд пулларни юк машиналари ғилдираги ичига яшириб, чегара орқали Қирғизистонга олиб ўтишганини айтиб берган. "У ердан, - деган Саймаити, - қуролли одамлар пулларни унга етказишган, у эса, ўзининг маҳаллий банклардаги ҳисобрақамларига қўйган. Ўзининг иқрорича, катта миқдордаги нақд пуллар шубҳа уйғотмаслиги учун у пулларни Қирғизистоннинг олис ҳудудидаги ўзига тегишли бозорда ишлаб топганини айтиб, ҳужжатларни сохталаштирган.
Шундан сўнг пулларни чет элга олиб чиқиб кетиш лозим эди. Саймаити баъзан нақд пулларни сумкаларда Истанбулга етказиб беришлари учун кам даромадли одамлар, масалан, таксичиларни ёллаган.
Аммо пулларнинг катта қисми турли фирибгарлик схемалари орқали банк ўтказмалари кўринишида хорижга юборилган.
Масалан, журналистлар қўлга киритган сохта шартномага кўра, Саймаитининг Қирғизистондаги бозори Абдуқодирларнинг Невададаги ширкатига 50 миллион доллар кредит берган.
Бу жуда ҳам шубҳали эди: бозор эгаларидан бири бўлган аёл бизнеслари зўрға юриб тургани, пул айланмаси йилига уч миллион доллардан камроқни ташкил қилганини айтган. Транзакциялар маъқулланганига қараганда, афтидан, ҳужжатлар ишончли кўринган.
Умумий миқдорда, Саймаитининг айтишича, у 700 миллион долларни четга олиб чиққан. Бу эса Абдуқодир оиласига контрабанда ҳисобидан топилган иддао қилинган даромадларни Қирғизистондан олиб чиқиб кетишга имконият яратган.
Саймаити 350 миллион долларлик пул ўтказмаларини тасдиқловчи ҳужжатларни кўрсатган. Қирғизистон расмийлари олиб борган тергов натижаларига кўра Саймаити бундан ҳам кўп - қарийб миллиард долларни хорижга олиб чиққан.
Ювилган пулларнинг қайтиши
Саймаити ўлдирилганидан сўнг у тақдим қилган ҳужжатлар журналистларга Абдуқодир оиласининг ювилган пуллари Дубайда вилла ва АҚШдаги уй дохил дунё бўйлаб кўчмас мулк сотиб олишга сарфланганини аниқлашга ёрдам берди.
Бироқ бу мулклар Саймаити оила учун ювганини тайтган пулларнинг кичик бир қисми нимага сарфланганига изоҳ бўла олади, холос. Қолган пуллар қаерда?
Бу саволга жавоб топиш учун журналистларга бир йилдан кўпроқ вақт керак бўлди.
Маблағларнинг каттагина қисми Бирлашган Араб Амирликларига олиб чиқилган. Саймаити ювганини айтган пуллардан камида 95 миллион долларини олган Абдуқодирларнинг холдинг ширкати Дубайда иккита осмонўпар турар-жой биноси қурувчисига айланган. Ширкат 24 қаватли меҳмонхона қуришни ҳам режаламоқда.
Аммо узоқ вақт давомида хорижий банкҳисобрақамларга ўтказилган пулларнинг катта қисми асл жойига - қаерда топилган бўлса, ўша ерга қайтган кўринади. Журналистлар Саймаитидан миллионлаб доллар олган Абдуқодир ширкатлари — бу ҳақда 2019 йилдан бери маълум – Марказий Осиёдаги кўп миллион долларлик лойиҳалар ва гуллаб-яшнаётган бизнесларнинг инвесторларига айланганини аниқлашди.
Абдуқодирларнинг компаниялари:
Улар орасида Palvan Insaat Turizm Lojistik Sanayi Ticaret (Туркия), AKA Petroleum (Германия) ва Urumqi Kailingda International Trade Co. (Хитой) кабилар бор.
Кўп ширкатларнинг молиявий ҳисоботларини қўлга киритиш имконияти йўқ, шунинг учун улар айнан Саймаитидан олинган пулларни инвестиция қилганини аниқ айтиш қийин. Бироқ Абдуқодирларнинг Германия ва Буюк Британиядаги ҳисоботларини эълон қилиб борадиган ширкатлар тижорий фаолият билан деярли шуғулланмайди ва бошқа молия манбаларига эга эмас.
Журналистларнинг омадлари чопиб, оиланинг Германиядаги фирмаларидан бирига тегишли банк ҳужжатларини қўлга киритишди. Бу ҳужжатлар оиланинг Саймаити томонидан Марказий Осиёдан олиб чиқиб кетилган пуллари яна ортга қайтганини кўрсатади.
Саймаити тақдим этган ҳужжатларга мувофиқ, у AKA Immobilien (унинг номи кейинчалик AKA Group’га ўзгартирилган) ширкатига камида 17 миллион доллар йўллаган. Қирғизистон божхонаси раҳбарининг собиқ ўринбосари ва Абдуқодирларнинг шериги бўлган Матраимов OCCRP нинг икки ҳамкори – Азаттиқ радиоси (Озодликнинг қирғиз хизмати) ва Kloop нашрини судга бергунича бу пуллар тақдири жумбоқ бўлиб қолаётган эди.
Суддаги ҳимояга (пировардида муваффақият билан якунланган) ҳозирланар экан, Озодлик радиоси қирғиз хизмати АҚШ судbдан Саймаитининг транзакцияларини тасдиқлаши мумкин бўлган банк ҳужжатларидан нусха олиш имкониятини тақдим этишни сўраган. Улар орасида AKA Immobilien ширкатининг Германиядаги ҳисобрақамига келиб тушган ва ундан чиқиб кетган пулларга оид маълумотлар ҳам бор.
Ҳужжатлар Саймаити ҳисобрақамларига миллионлаб доллар ўтказганини тасдиқлабгина қолмай, бу пуллар кейин қаёққа кетганини ҳам очиб беради: пуллар келиб тушиши билан улар Абдуқодирларнинг Қозоғистондаги янги ширкатига — AIBI-I компаниясига олиб чиқиб кетилган. Бу иш қуйидагича амалга оширилган:
- 2014 йилнинг 27 майида Саймаити AKA Immobilien ширкатига иккита пул ўтказмаси жўнатган: бири 500 001 ва иккинчиси 500 000 долларлик. Орадан уч кун ўтгач, AKA Immobilien AIBI-I ширкатига 1 миллион доллар ўтказган.
- 2014 йилнинг 9 сентябрида Саймаити AKA Immobilien ширкатига яна 500 минг доллар йўллаган. Шу куннинг ўзида AKA Immobilien AIBI-I ширкатига 500 минг доллар ўтказиб берган.
AIBI-I ва Абдуқодирларнинг AIBI номли яна бир неча ширкати оиланинг Қозоғистондаги лойиҳалари, жумладан, Қўнаев шаҳрини газ билан таъминловчи қувур тармоғи, камида иккита завод, бир неча турар-жой мажмуаси ва ҳатто Исломий марказ ва масжид молияси учун пул етказиб берадиган восита бўлиб хизмат қилади. (AKA Immobilien ширкатининг ҳисобрақами бўлган ва транзакцияларга банк-корреспондент ўлароқ хизмат кўрсатган Deutsche Bank ходимлари OCCRP журналистларига қонун бўйича конкрет мижозларнинг ишлари юзасидан изоҳ беролмасликларини билдиришди).
Аммо Абдуқодирлар оиласининг Марказий Осиёдаги инвестицияларининг катта қисми Ўзбекистонда жамланган - у ерда пуллар турар-жой мажмуалари, заводлар, меҳмонхоналар, масжидлар ва божхона терминаллари лойиҳаларига ётқизилган.
Масалан, Саймаитидан ўнлаб миллион доллар олган оиланинг Германиядаги AKA Petroleum ширкати Тошкентдаги “Абу Сахий” бозорини сотиб олишда ишлатилган. Оила ўз бойлигининг катта қисмини айнан “Абу Сахий” бозоридан орттирган. Бозорга кўп йиллар давомида Ўзбекистоннинг собиқ президенти Ислом Каримовнинг куёви эгалик қилган. Каримов вафоти ва мамлакатда ҳокимият алмашганидан бир йил ўтиб – 2017 йилда “Абу Сахий” Абдуқодирлар томонидан сотиб олинган. Ҳозирда бу улкан бозор оиланинг минтақадаги савдо тармоғида марказий ўрин тутади.
“Хорижий инвесторлар”
Абдуқодирларнинг пуллари ҳозирда шу қадар қонунийлаштирилганки, оиланинг Марказий Осиёдаги кўп лойиҳалари муҳим хорижий инвестициялар сифатида тақдим этилмоқда.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги ёйинлаган видеода оиланинг Ўзбекистондаги қурилиш материаллари, масалан, том ёпишда ишлатиладиган тунука, сэндвич-панеллар ва шиша буюмлар ишлаб чиқарадиган заводларидан бири “илғор технологиялар ва жиҳозлар”дан фойдаланувчи ҳамда “325 та иш ўрни яратган чет эл корхонаси” дея таърифланади.
Абдуқодирларнинг камида 1,5 миллиард долларлик (жорий ва режаланган) инвестициялари ҳукумат томонидан “тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар” деб таснифланган. Умуман олганда, техник жиҳатдан бу тўғри: улар ҳақиқатан ҳам Абдуқодирларнинг Туркия, Германия ва бошқа мамлакатлардаги ширкатларидан келиб тушган.
“Улар бу ишларнинг ҳаммасини яшириб ҳам ўтиришгани йўқ. Ақл бовар қилмайди бунга, – дейди криминология профессори Кристиан Ласслетт. — Бу чет элдан келаётган шубҳали пулларнинг арзимас бир қисми, холос”.
“Чамаси, улар [Ўзбекистонни] яширин пулларни ётқизиш учун анча хавфсиз майдон, деб ҳисоблашади. Менинг тадқиқотларим, агар керакли одамларга пулини тўлаб, уларнинг улуши берилса, ҳеч ким ортиқча савол сўраб ўтирмаслигини кўрсатиб турибди, — дейди у. — Текшир-текширлардан хавотирланмасангиз ҳам бўлади”.
Президент Мирзиёев администрацияси Абдуқодирлар оиласининг Тошкент марказидаги ҳашаматли тижорий, савдо ва турар-жой мажмуасини фаол тарғиб қилиб келади.
Абдуқодирларнинг бошқа кўплаб лойиҳалари каби бу лойиҳаси учун ҳам давлат томонидан ер ажратиб берилган. Оилага тегишли заводларнинг бир нечтаси солиқ ва бошқа имтиёзлар берилган махсус иқтисодий ҳудудларда жойлашган.
Улар бошқа имтиёзлардан ҳам фойдаланишади: ҳукумат Абдуқодирларнинг “Тошкент” халқаро аэропорти қошидаги логистика маркази ва божхона терминали бозорда устун мавқени эгаллашига ҳам кўмаклашган кўринади.
“Турк дунёсининг маънавий пойтахти” деб эълон қилинган Туркистондаги лойиҳа ортида ҳам Абдуқодир оиласи турибди - бу лойиҳа шахсан президент Мирзиёевнинг қўшни Қозоғистонга туҳфаси деб эълон қилинган.
Бу улкан қурилиш лойиҳаси 2019 йил декабрида, Қозоғистоннинг Мустақиллик куни арафасида бошланган: шаҳар чеккасида Ислом тадқиқотлари маркази қурилиши бошланган. Лойиҳа пойдеворини қўйиш маросимида ўша пайтдаги бош вазир Асқар Мамин иштирок этган.
Лойиҳа ташаббускори президент Мирзиёев эканига қарамай, қурилиш майдонидаги ахборот стендидан келиб чиқилса, уни амалга ошириш билан Абдуқодирлар шуғулланмоқда. Лойиҳа девелопери Абдуқодирлар ҳаммуассислигидаги ширкат, оиланинг яна бир ширкати эса уни қуриш билан шуғулланмоқда.
Ҳаммасидан ҳам кўра Қирғизистон президентининг Ҳабибула Абдуқодир билан ёнма-ён туриши истеҳзоли.
Садир Жапаровнинг президентликка келишида Абдуқодирлар тўғрисидаги аввалги суриштирувларнинг ҳиссаси катта.
Абдуқодирларнинг контрабанда устига қурилгани иддао қилинган империяси фош бўлганидан сўнг, Қирғизистон божхонаси раҳбарининг ўша пайтдаги ўринбосари Раимбек Матраимовнинг ундаги иштирокидан ғазабланган қирғизлар кўчаларга чиқишди. Орадан бир йилга яқин вақт ўтиб, Матраимов дастаклаган сиёсий партия сохталаштирилгани айтилган парламент сайловларида кичик фарқ билан иккинчи ўринни эгаллади. Бунинг ортидан бошланиб кетган оммавий норозиликлар натижасида сайлов натижалари бекор қилинди. Парда ортидаги сиёсий савдолашувлар туфайли парламентнинг собиқ депутати, одам ўғирлагани учун қамоқда ўтирган Жапаров президентга айланди.
Жапаров Қирғизистонда чуқур илдиз отган коррупцияга барҳам беришни ваъда қилди. У ҳокимиятга келган пайтда Раимбек Матраимов Абдуқодирлар схемаларига алоқадорлигини тан олди ва жазо тариқасида бир нечта кўчмас мулк объектини давлат тасарруфига ўтказиб берди.
Афтидан, эндиликда контрабанда устига қурилгани иддао қилинган империя асосчиси бўлган Ҳабибула Абдуқодир қимматли хорижий инвесторга айланган кўринади.
Ўтган ой у президент Жапаров билан биргаликда иккита маросимда иштирок этди: буларнинг бири Бишкек четидаги масжиднинг тамал тошини қўйиш маросими бўлса, иккинчиси пойтахт марказидаги йирик турар-жой мажмуаси қурилишининг бошланишидир. Булар - Абдуқодирларнинг лойиҳалари.
“Менга уларнинг[Абдуқодирларнинг] аввалги президентлар билан алоқасининг умуман қизиғи йўқ, — дейди Жапаров. — Асосийси, улар қидирувга берилмаган ва жиноят иши очилмаган. Менга Қирғизистонга сармоя киритишга тайёр одамлар қизиқ. Мен бундай одамларни қарсак чалиб кутиб оламан”.