Термиз давлат университетининг собиқ ректори, профессор Хидирназар Аллақуловнинг Озодликка айтишича, унинг аризаси юзасидан БМТнинг Инсон ҳуқуқлари қўмитаси 2017 йил августида чиқарган хулосада унинг ҳуқуқлари бузилгани қайд этилган.
Қўмита ўз хулосасида Халқаро фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги пактга аъзо давлат, яъни Ўзбекистон Аллақуловга ҳуқуқий ҳимоянинг самарали воситаларини тақдим этиши шартлигини белгилаган.
Бироқ Хидирназар Аллақуловнинг Озодликка айтишича, халқаро ташкилот хулосаси чиққанига қарийб бир йил бўлаётган эсада, унинг ҳуқуқларини тиклаш юзасидан қилаётган барча мурожаатлари жавобсиз қолмоқда.
Профессор Аллақуловнинг айтишича, уни БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитасига арз қилишга Ўзбекистон судлари уни мутлақ оқлаганидан кейин ҳам ишга қайта тикланмагани сабаб бўлган.
“Мени республиканинг 8 та шаҳар ва туманидаги 14 та суднинг 30 дан ортиқ судьяси 3 йил судлади. Судларнинг барчаси мени ҳақ деб, давлат ва унинг органларини ноҳақ, деб топди. Суд 2006 йил, 23 февралда менга нисбатан оқлов ҳукми чиқарди. Бош прокуратура икки марта протест киритди. Лекин судлар протестларни рад этди. Ва 2007 йил, 5 июндан эътиборан оқлов ҳукми узил-кесил қонуний кучига кирди”.
Ўзига оид бу маълумотларни Озодликка мурожаат қилган Термиз давлат университетининг собиқ ректори, 14 йилдан буён ишсиз юрган иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Хидирназар Аллақулов OzodMikrofon форматидаги суҳбат давомида келтирди.
Сурхондарё вилояти марказидаги университет ректори лавозимига 2002 йили тайинланган ва 2004 йили бу лавозимдан бўшатилган профессор Аллақулов ҳақиқат излаб БМТнинг Инсон ҳуқуқлари қўмитасига ҳам арз қилганини айтиб берди.
Халқаро қўмитанинг 2017 йил августида чиқарилган хулосасида аризачи берган қуйидаги маълумотлар келтирилган:
2004 йили унга (ректор Аллақуловга) нисбатан хизмат ваколатларини суиистеъмол қилган ҳолда йирик миқдорда фирибгарлик қилганлик айблови билан жиноят иши қўзғатилади.
Шундан сўнг “Ўзбекистон овози” газетасининг 2004 йил, 20 май ва 28 сентябрь сонларида “Ҳолвани ректор, калтакни студент ейдими?” деган сарлавҳа остида иккита мақола эълон қилинади.
Собиқ ректор ўзининг БМТ қўмитасига аризасида бир хил сарлавҳали бу икки мақолада у “ўғри”, “аферист”, “жиноятчи”, “бош айбдор”, деб аталгани ва университет бюджетидан пул маблағларини ўғирлагани айтилгани тўғрисида ёзган.
Шундан сўнг ишдан бўшатилган ректор Аллақулов уч йил давомида ўз бошидан 3 йилга чўзилган "суд марафонини босиб ўтади" ва охир-оқибат узил-кесил оқланади.
(Озодлик мавзуни ўрганар экан, профессор Аллақулов билан “Ўзбекистон овози” газетаси ўртасидаги можаро Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети Халқаро журналистика факультети талабасининг илмий тадқиқоти объекти бўлганини ҳам аниқладики, хоҳловчилар бу иш билан Интернетда “Хидирназар Аллақулов”, деб излов бериб-топиб танишиши мумкин).
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари қўмитаси Хидирназар Аллақуловнинг аризаси юзасидан 2017 йил августида чиқарган хулосасининг 9-бандида бундай дейилган:
“Пактнинг (Халқаро фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлари тўғрисидаги пакт - таҳр.) 2-моддаси 3-бандига мувофиқ иштирокчи-давлат Х.Аллақуловга ҳуқуқий ҳимоянинг самарали воситаларини тақдим этиши шарт. Бу Пактда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқлари бузилган шахсларга тўлиқ ҳажмда қоплашни, тўлашни талаб қилади. Ушбу ҳолатда иштирокчи-давлат, жумладан: а) Х.Аллақуловга адекват, яъни тўлиқ ҳажмда компенсация тақдим этиши, шу жумладан маҳрум бўлган иш ҳақи ва олиши мумкин бўлган, лекин ололмай қолган даромадлари ва унинг обрўига етказилган зиён, судда ишни кўриш билан боғлиқ суд ҳаражатлари ва ушбу Тақдимномада кўрсатилган бузулган ҳуқуқлари учун; b) Х.Аллақуловга унинг обрўи, шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўи тикланиши учун сатисфакция (қониқиши)нинг тегишли воситаларини шаҳар судининг 2009 йил 16 январ кунидаги қарорига мувофиқ тақдим этиши шарт. Шу билан бирга иштирокчи-давлат келажакда бундай ҳуқуқбузарликлар бўлмаслигининг олдини олиш чоралари кўрмоғи шарт”, дейилган БМТнинг Инсон ҳуқуқлари қўмитаси Хидирназар Аллақуловнинг аризаси юзасидан 2017 йил августида чиқарган хулосасида.
Собиқ ректор, профессор Аллақулов 15 май куни Озодликка берган суҳбатида БМТнинг Инсон ҳуқуқлари қўмитаси хулосасини олганидан буён президент Мирзиёевга ва унинг давлат маслаҳатчиларига 8 марта ёзма ва 3 марта видеомурожаат қилгани, бироқ ҳанузгача биронта ҳам жавоб олмаганини айтди.
“Мен ишдан ноҳақ бўшатилганман ва ўз аризаларимда ишга қайта тиклашларини талаб қилаяпман. Бу ишни оч қолганимдан эмас, топталган шаъним ва қадримни тиклаш учун қилаяпман”, - деди Хидирназар Аллақулов.
Нима учун ишга қайта тиклашни сўраб, Олий таълим вазирига эмас, Президентга мурожаат қилаяпсиз, деган саволга жавобан собиқ ректор Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг 2005 йил 7 майдаги фармойиши билан олий ўқув юртлари ректор ва проректорларини тайинлаш ваколати Вазирлар Маҳкамасига берилгани, боз устига, ўша фармойишга биноан Ҳукумат ректор тайинлашни Президент девони маъқуллигини олганидан сўнг амалга оширишга ҳақли эканлигини айтди.
2004 йили Термиз давлат университети ректори лавозимидан бўшатилганидан буён ишсиз юрган иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Хидирназар Аллақуловнинг OzodMikrofonга берган суҳбатини қуйида тингланг..
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди