Фарғона вилоятининг Қувасой шаҳрида 7 март куни йўқолган 2 ёшли Муҳаммадсодиқ Нўмонжонов йўқолганидан 5 кун ўтиб уйи олдидан ўтувчи ариқдан жонсиз топилди. Фарғона вилоят ҳуқуқ-тартибот идораларидан бири мулозимининг Озодликка айтишича, қаровсиз қолган Муҳаммадсодиқ уйидан чиқиб кетган ва юз метр наридаги ариқда чўкиб ўлган.
Милиция болани 5 кун давомида қидириб, 12 март куни унинг жасадини ариқдан топган.
Вилоят ҳуқуқ-тартибот идораларидан бири мулозимининг Озодликка айтишича, онасининг беэътиборлиги сабаб Муҳаммадсодиқ сувга чўкиб ўлган.
- Бола назоратсиз қолиб ариққа борган, сув оқизиб кетган. Унинг жасади уйи олдидан ўтувчи ариқдан, чўккан жойидан саккиз юз метр наридан топилди, - деди Фарғона ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манба.
2 ёшли Муҳаммадсодиқ Нўмонжоновнинг бедарак йўқолгани ҳақида Озодлик 8 март куни хабар берган эди.
Фарзанди сувга чўкиб ўлган оиланинг қариндошларидан бири Озодлик билан суҳбатда боланинг йўқолиши тафсилотларини 14 март куни гапириб берди.
- Бола ярим соат назоратсиз қолиб кетган. Онаси 8 март арафаси балиқ егани бориш учун болани эшик олдида қўйиб, кийингани кириб кетган, ярим соатдан сўнг чиқиб қараса бола йўқ. Қидирмаган жойимиз қолмади. Ўликхоналаргача изладик, фолбинларгача бордик. Ўлиги ариқдан чиқди. Онанинг эътиборсизилиги деб норасида ўлиб кетди, - дейди оиланинг исми сир қолишини истаган қариндошларидан бири.
Озодлик 14 март куни ўлган боланинг онаси билан ҳам боғланди.
Онаси Замира опа болани беэътибор қолдирмагани, эшик очиқ қолгани боис уйдан ўзи чиқиб кетганини айтди.
- Болани ёлғиз қолдирмаганмиз. 20 минутни ичида бўлди. Шом пайти эди. Эшик очиқ қолган, ўзи чиқиб кетган, чаққон бола эди, - дейди она.
Фарғонада ота-оналар ёки катталар эътиборсизлиги сабаб бола нобуд бўлиши сўнгги бир ой ичида иккинчи марта кузатиляпти.
Ўтган ойда Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманида 5 яшар Кибриёхон исмли қизча ўғирланган, кейинчалик унинг жонсиз жасади у борадиган боғчадан 8 километр наридаги Оқбўйра қишлоғидан топилган эди.
Ҳозиргача бу воқеа юзасидан бораëтган тергов тугамагани иддаоси билан¸ ички ишлар тизими расмийлари¸ жамоатчиликка унинг тафсилотларини эълон қилгани йўқ.
Озодлик билан суҳбатда ўлик ҳолда топилган қизалоқ яқинлари¸ Олтиариқ туман ички ишлар бўлими терговчиларини¸ ишни қотиллик эмас¸ балки "бахтсиз тасодиф" сифатида ëпишга уринаëтганликда айблаган эди.