OzodTa’sir: “Ошган нарса фақат ёғ эмас”. Кластерлар чигитга оид аксилмонополия қўмитаси қароридан норози

Пахта чигити

Сўнгги бир ойда чигит нархи 3 минг сўмдан 5 минг 700 сўмга ошиб кетиши ортидан Монополияга қарши курашиш қўмитаси пахта кластерларидан 34 тасига иш очди.

Чигит нархининг ошиши, ёғ-мой корхоналари ишини тўхтатиб қўйгани, бунинг ортидан пахта ёғи қимматлаб, танқислашгани ҳақида Озодлик 7 май куни мақола эълон қилган эди.

Мақоладан 3 кун ўтиб, қўмита эълон қилган расмий баёнотда 40 та пахта-тўқимачилик кластери томонидан чигит нархи апрель ойида ичида 38 фоизга оширилгани аниқлангани айтилди.

Эндиликда баъзи кластерлар ҳукуматни, хусусий секторни назорат қилиш ҳамда талаб ва таклиф қонуниятига зид равишда яна маъмурий йўллар билан бозорни назорат қилишга уринишда айбламоқда.

Озодлик чигит нархи ошиши ортидан “Ўзёғмойсаноати” уюшмаси таркибидаги 51 фоиз улуши давлатга қарашли жами 12 та ёғ-мой комбинатининг 2 тасида иш тўхтаб қолгани, қолганлари ҳам тўлиқ қувват билан ишламаётгани ҳақида хабар қилган эди.

Айни пайтда ҳукуматнинг ёғ нархини назорат қилиш учун қўллаган маъмурий чораси акс таъсир кўрсата бошлади - пахта ёғи нархи бозорда 17 - 19 мингга чиқиб кетди.



"Кластерга ёпишиб олиш осон"

Бухородаги пахта-тўқимачилик кластерларидан бирининг раҳбари апрель ойида чигит нархидаги кескин ошиш - "бозордаги талаб ва таклиф қонуниятидан келиб чиққанлиги"ни айтади.

Номи ошкор қилинишини истамаган кластер раҳбарига кўра, бозорда нархи ошиб бораётган маҳсулотдан даромад қилиш - хусусий секторнинг бизнеси, бунинг учун уларнинг устидан иш очиш эса - адолатсизликдир.

Шу боис Самарқанд вилоятида қатор кластерлар чигитнинг биржага чиқариладиган минимал нархини 300 - 400 сўмгача оширган ва бунга ўзига яраша сабаблари бор:

“Бозорда талаб ошди, нарх эса биржада кўтарилиб кетди. Тўғри, кластерларам 300 - 400 сўмга оширди чигитни. Чунки ошган нарса фақат ёғ ёки озиқ-овқатмас-ку! Пандемия пайтида ҚҚС (қўшимча қиймат солиғи - таҳр.) қўшилганиниям унутмаслик керак. Ҳукумат бизга ишлаб чиқариш қил, ишлаб чиқарши қил, деб ётибди. Биз қарзга техника оляпмиз четдан, қарзга мини завод қуряпмиз, ишчи оляпмиз, инвесторлар билан келишув қиляпмиз - бунинг ҳаммаси ҳозирча харажатми, ахир?! Чигит нархини 300 сўмга оширдинг, деб иш очилиши тўғримас-да энди”.

Бу кластерга кўра, Самарқанд, Жиззах, Қашқадарё, Сурхондарёдаги аксар кластерлар ўтган йили катта даромад кўрмаган, кўпчилиги қарз билан чиққан:

“Фермерлар пахтани етказиб беролмади, кўпчилиги қарзда ётибди. Биз нима қилишимиз керак?! Топганини киссасига уряпти, деб кластерга ёпишиб олиш осон. Биз аслида ё хусусиймасмиз, ё давлатникимасмиз. Ўртадамиз, тушуняпсизми? Бу ёқда фермер, бу ёқда давлат - иккаласиям ҳамма айб кластерда, дейди. У гуллаб-яшанаб ётган кластерларам бор, лекин бизга ўхшаб қарзга ботиб бораётганларам бор”.

Андижондаги яна бир кластер раҳбари эса, сўнгги бор чигит нархини 3100 сўмдан биржага чиқарганини айтди:

“Март бошидаёқ бор чигитни сотиб бўлгандик биз. Биржага бердик, ўзимиздаги ёғ заводга сотдик. Кейин чигитни нархи ошиб кетди. Менимча, биржада ўйин бўлди, айб кластердамас, деб ўйлайман. Кейин, ҳар битта туманда мини ёғ заводлари бор, ўшалар ёғни ушлаб турди, нархни ошириш учун. Заводлар ҳам чигитни ушлаб турди. Чигит кўп етиштириладиган тарафларда ўйин бўлди, назаримда. Лекин, биз бунга аралашмадигам, қанақа ўйинлар бўлди, буни аниғини мен билмайман”.

Туширилган нарх узоқ турмади

Ўзбекистон Товар-хом ашё биржасида 12 май куни қайд этилган сўнгги нархларга кўра, пахта чигитининг савдо қўйилган минимал нархи 1 килограми учун 3 минг 150 дан 4 минг 500 сўмгача чиққан.

Биржа вакили Озодлик сўровига биноан сўнгги нархларни тақдим қилди:

  • #Пахта_чигити (16:30-16:50)
  • 37273-SILVER FIBER 1с 1кл - 200 тн [4505]
  • Форвард:
  • 38593-WBM Кушкупир 1с 1кл - 500 тн [3452]
  • 38594-Хазорасп текстил 1с 1кл - 500 тн [3452]
  • 40476-Миришкор текс 1с 1кл - 5 тн [3150]


7 май куни Ўзбекистондаги ёғ-мой корхоналарининг Озодлик боғланган масъуллари 1 килограм чигит нархи 5 минг 700 сўмга чиқиб кетганини билдирган эди.

Озодлик биржа вакилидан чигит нархи қимматлаган муддат - жорий йил март-апрель ойларидаги энг арзон ва энг қиммат минимал нарх ҳамда сотилган нархга оид маълумот сўради, бу сўровга ҳануз жавоб кутмоқда.

Аммо 11 май куни Монополияга қарши курашиш қўмитаси берган баёнотда айтилишича, жорий йил апрель ойи давомида биржа савдоларига 40та пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан савдо қўйилган техник чигит нархи ўртача 38 фоизга кўтарилгани аниқланган.

“Аввал хабар берганимиздек, ўсимлик ёғи нархининг ошишига асосан кунгабоқар уруғлари ишлаб чиқариш ва экспортнинг қисқариши билан боғлиқ ташқи муҳит таъсир кўрсатмоқда. Аммо, айрим пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариш ташкилотчилари вазиятдан фойдаланган ҳолда, пахта чигити нархини асоссиз оширишди, бу эса ўз таъсирини пахта ёғининг нархига ҳам кўрсатди”, дейилади баёнотда.

Бунинг ортидан қўмита, биржа савдоларида техник чигитнинг бошланғич нархини келишиб сунъий ошириш ва рақобат тўғрисидаги қонунчилик талаблари бузилиши аломатлари юзасидан 34 та пахта-тўқимачилик кластерларига нисбатан иш қўзғатди.

Натижада 12 майга келиб, чигит нархи ўртача 4 мингдан 2 минг 900 сўмга туширилгани хабар қилинди. Аммо маълум бўлишича, бу нарх бир неча соат ушлаб турилган, сўнгра яна ошиб кетган.

Худди шундай, Монополия қўмитасининг маъмурий чораси билан, биржа савдосида нархи 1 литри учун 14 минг 700 сўмга туширилган пахта ёғи ҳам 14 майга келиб, яна 16 минг 800 сўмдан 18 минг минг сўмгача кўтарилиб кетгани кузатилди:

  • #Пахта_ёги (10:00-10:20)
  • 10186-Каттакургон 1л - 3 тн [17571-18628]
  • 10187-Каттакургон 5л - 2 тн [17671-18640]
  • 10189-Фаргона 4,2кг - 10 тн [17801-17832]
  • 10192-Карши 4,2кг олий - 5 тн [16820-17022]
  • 10195-Урганч 2л - 10 тн [16170-16247]
  • 10196-Евроснар 4,2кг - 20 тн [15805-16311]
  • 10222-Янгийул 4,2кг - 3 тн [17642-17667]
  • 10266-Косон 2л - 5 тн [16551-16562]

Озодлик сўрови билан 14 май куни Андижондаги бир неча бозорни кузатган манбага кўра, бозорларда 1 литр пахта ёғининг нархи 18 мингдан 19 минг сўмгача кўтарилган.

Маъмурий чора бозорда акстаъсир беради

Шу йилнинг 23 апрель куни Сенатнинг 14-ялпи мажлисида, Сенат раиси Танзила Норбоева аҳолида озиқ-овқат маҳсулотлари, айниқса ёғ нархининг ошишига норозилик кучайиб бораётганини тилга олганди.

Бозорлардаги нархлар масаласи алоҳида муҳокама қилинган йиғилишда Норбоева ижтимоий тармоқлардаги норозликни алоҳида таъкидларкан, бош прокурордан нарх-навони назоратга олишни сўради.

Ўзбекистонда ўсимлик ёғига бир йиллик эҳтиёж 650-700 минг тонна экани, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар кўпи билан 300 минг тонна ўсимлик ёғи ишлаб чиқара олиши айтилади.

Аммо жорий йилнинг 29 январь куни қабул қилинган Вазирлар Маҳкамаси 41-сонли қарори билан 529 турдаги импорт товар ва хизматларини давлат харидлари сифатида сотиб олишга чеклов ўрнатилди.

Бу маҳсулотлар рўйхатида шу кунда бозорда нархи жуда юқори бўлиб турган кунгабоқар, пахта, зайтун ва арахис ёғлари киритилган.

Шу боис бирламчи истеъмол товарлари импортига чекловни бекор қилиш ва бу соҳани эгаллаб олган монопол ширкатларга зудлик билан барҳам бериш чақириқлари янграмоқда.

Акс ҳолда иқтисодчиларга кўра, аҳвол бундан ҳам оғирлашиши, нархлар эса кўтарилишда давом этиши мумкин.