OzodTa’sir: Маданият вазирлиги қарори ҳоким Ортиқхўжаевнинг уй бузиш ҳақидаги қарорини бекор қилди

Бобур кўчасидаги 7 уй

Тошкент шаҳри, Бобур кўчасидаги икки қаватли бино 7 апрель куни Маданият вазирлиги тарафидан маданий мерос объекти сифатида рўйхатга олинди. Бу ҳақда Озодликка Маданият вазирлиги вакили билдирди.

“Маданият вазирлиги Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш илмий ишлаб чиқариш Бош бошқармаси илмий методик кенгашининг Бобур кўчаси, 7 уйни меъморий обида сифатида сақлаб қолиш бўйича хулосасини тасдиқлади. Бино Маданий мерос объектлари рўйхатига киритилгани боис, уни бузиш ҳақидаги ҳоким қарори ўз кучиини йўқотди”, деб билдирди Озодлик билан суҳбатда вазирлик вакили.

Озодлик бундан бир ҳафта олдин тарихий бинонинг “коррупция схемаси асосида бузилиб ўрнига кўп қаватли уй қурилиши” боис юзага келган ҳавотирлар борасида мақола эълон қилган эди.

Бузиш қарорини Ортиқхўжаев имзолаган эди

Пойтахтнинг Яккасарой туман, Бобур кўчасидаги қарийб 100 йиллик бинони бузиб, унинг ўрнини «Universal Packing Masters»га («Murad Buildings» ширкати савдо белгиси) бериш ҳақида Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев 2018 йил октябрида қарор чиқарган эди.

Маданият вазирлигининг бу уй тарихидан яхши хабардор мулозими Озодликка 1550-сонли қарор чиқарилишидан олдин мазкур бинонинг "тушунарсиз тарз"да Маданий мерос объектлари рўйхатидан чиқарилганини билдирган эди.

Ўзбекистон Маданият вазирлигининг Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш илмий ишлаб чиқариш Бош бошқармаси жорий йил мартида бинонинг тарихий-меъморий аҳамиятга эга эканли бўйича ўтган хафта Озодликка ўз фикрларини билдирган эди

Ушбу бошқарма тақдим қилган маълумотномада ëзилишича¸ бино 20- асрдаги улуғ рус-совет архитектори Алексей Шчусев (1873 -1949 ) томонидан лойиҳалаштирилган.

Конструктивизм оқимининг йирик вакили бўлган Шчусев Москвадаги Ленин мақбараси¸ Қозон вокзали ва Тошкентдаги Навоий номидаги опера ва балет театри биноси лойиҳалари муаллифидир.

Ўзбекистон Маданият вазирлиги Озодликка тақдим қилган ҳужжатда “конструктивизм усулида ортиқча безаклардан ҳоли бунëд этилган ва машҳур меъморнинг Тошкентда лойиҳалаштирган оз сонли асарларидан бири бўлган бино, номаълум сабабга кўра, Тошкент шаҳар ҳокимининг 697-сонли қарори билан тасдиқланган маданий мерос объектлари рўйхатининг 3-иловасига биноан¸ рўйхатдан чиқарилгани” айтилган эди.

Озодлик билан шахси очиқланмаслигини сўраб гаплашган вазирликнинг айни соҳага масъул вакили “бинонинг маданий мерос рўйхатидан чиқарилишига ҳеч қандай жиддий асос бўлмаган”ини айтган эди.

- Бино икки қаватли. Пишиқ ғиштдан қурилган. Шифтлари баланд. Зилзилага бардошли¸ 1966 йилги зилзилада шикастланмаган. Бинонинг 1935 йилги декор ва услуби ўзгармаган. Бино авария ҳолатида ҳам эмас. Ушбу бино собиқ Низомий номли (ҳозир Навоий номли адабиëт университети) педагогика институти меъморий ансамблининг бир қисми сифатида ва шаҳар қиëфасини белгиловчи эстетик унсур сифатида ҳам қадрли.

Мулозимнинг айтишича¸ “бино шаҳар ҳокими ва «Murad Buildings» ширкати чангалидан сўнгги минутда қутқариб қолинган”.

Ғалаба

Тошкентлик меъмор ва санъатшунос Абдумалик Турдиев бинонинг қутқарилишини "шаҳар маданий жамоатчилигининг ҳоким Жаҳонгир Ортиқхўжаев волюнтаризми устидан ғалабаси" деб атади.

- Ортиқхўжаев ва «Murad Buildings» тандеми олма ичидаги қурт каби Тошкент қиëфасини белгиловчи қатор бинолардан бизни мосуво қилди. Масалан¸ “Дом кино”ни бузиб¸ ўрнига дом қуриб сотишди. Схема оддий. Аввалига бино маданий мерос рўйхатидан чиқарилади. Кейин ҳоким қарор чиқаради. «Murad Buildings» келиб кўп қаватли бино қуриб сотади. Шу тариқа қаричма-қарич Тошкент марказидаги тарихий бинолар жойлашган ерлар шубҳали девелоперларга ҳеч қандай тендерсиз ўтиб кетади.

Бундай танқидига далил сифатида Турдиев нусхаси Озодликка юборилган Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев имзолаган 1550-сонли қарорни тилга олади.

- Қарорда “ўтказилган тендер натижаларига кўра”¸ деган жумла йўқ. Бунинг ўрнига “Вазирлар Маҳкамасининг 01-05-121-1 сонли баëнномасига асосан¸ Бобур кўчасидаги 7-уй бузилиб, ўрни «Universal Packing Masters» ширкатига кўп қаватли бино қуриш учун ажратиб берилсин"¸ дейилади. Нега айнан бу ширкат? Нега бошқаси эмас¸ деган савол туғилади. Тошкентни қарич-қарич бўлиб сотиш учун баëнномалар бераëтган Вазирлар Маҳкамасидаги мулозим ким¸ деган савол ҳам бор. Ортиқхўжаев ва "Murad Buildings»дан юқорида турадиган мулозимлар ҳам эътироз нишонида бўлиши керак. Мирзиëев иқтидорга келганидан кейин “шаҳар марказини шубҳали девелоперларга сотиш” бизнеси урчиди.

Тарих кашшофлари яшаган уй

Меъмор ва санъатшунос Турдиев Бобур кўчасидаги 7-уйда улуғ археолог Василий Шишкин (1894-1966) яшаб¸ ижод қилганлигининг ўзигина "бинони бузмаслик учун асос бўла олади" деб ҳисоблайди.

- Василий Афанасьевич боис дунë Самарқанддаги Афросиëб фрескалари борлигидан воқиф бўлди. Бугун "мана қадим тарихимиз" деб кўксига муштлаëтган амалдорлар бу тарихни ким тупроқ тагидан қазиб топганини биладими ўзи? Василий Афанасьевич қадим Варахша шаҳри қолдиқларини топган ва Улуғбек расадхонаси қазишмаларида иштирок этган. Қадим Бухоронинг меъморий харитасини чизиб¸ шаҳарни вандаллардан ҳимоя қилган ҳам Василий Афанасьевич Шишкин домла эди. Шу одам яшаган уйни бузиб¸ ўрнига кўп қаватли бино қуриб бойимоқчи бўлган амалдорга СТОП! дейилганидан мамнунман.