Каримов вафотидан кейин 17 ва 18 йилларда жамиятда қандайдир бошқача кўтаринки кайфият пайдо бўлганди. Нимадир яхшиланишига умид, эйфория ва эркинлик ҳисси. Бу эйфориянинг шу қадар бўлгани сабаби ҳокимиятда 25 йил ўтирган одам кетгани, турғун жамиятга ўзгаришлар эпкини келиши эҳтимоли ортганидандир. Агар президентлар ҳеч қурса ҳар 8-10 йилда ўзгариб турса, ана шунақа кайфият маълум даражада қайта пайдо бўлаверди. Одамлардаги умид ҳар 8 йилда бир тирилиб туради.
Конституцияга киритилажак ҳеч бир ўзгариш президентнинг ҳар 8 йилда ўзгаришини таъминлайдиган тизимчалик самарали бўлмайди. Конституцияга киритилган барча ижобий ўзгаришларни тарозининг бир палласига қўйиб, иккинчи палласига президентларнинг муддати тугаганида кетишини таъминлайдиган тизимни қўйсак, иккинчиси босиб кетади.
Мавзуга алоқадор OzodTarmoq: Бунинг номи феодализм ёхуд "янги" дея тамғаланган ЎзбекистонПрезидентларнинг муайян белгиланган муддатда алмашиб туриши, биринчидан, элитар коррупцион схемаларни ҳар саккиз йилда бир кучли силкитиб ташлайди, унинг айрим қисмлари узилиб кетади, заифлашади. Схема ичидагиларнинг бир-бирларига ишончи пастроқ бўлади. Иккинчидан, муддат қисқа бўлгани ва биринчи раҳбар тез-тез алмашиб тургани боис айрим оилаларнинг кучайиб, бутун мамлакатнинг иқтисодий қувватини сўриб ётишига етадиган даражада палак ёзиши қийин бўлиб қолади. Учинчидан, халқ президентларнинг келиб кетаверишига ўргангач, улар ҳам оддий одамлиги, эртага лавозимдан кетишини билади ва лаганбардорлик камаяди. Тўртинчидан, президентлар оилалари ҳаддидан ошишда эҳтиёткор бўлиб қолади, чунки оталарининг ҳокимияти муддати чекланганини билишади. Бешинчидан, қуйи ҳокимиятдагилар президентга орқа қилиб, халқни эзишни камайтиради, чунки валенеъматининг лавозимдаги умри озлигини билади. Натижада, пастдагиларнинг юқорига ёқишга қизиқиши камаяди. Жорий раҳбарга ёқаман деб, эртага янгиси келганда қамалиб кетишни ким ҳам истарди?
Коррупцияга бериладиган энг катта зарба биринчи раҳбарларнинг ўз вақтида алмашиб туришидир. Агарки шу тизимни йўлга қўя олмасак, коррупцияга қарши курашиш ҳақидаги баландпарвоз тадбирларимиз шоудан бошқа нарса бўлмай қолади. Тўғри, ҳокимиятга доим ҳам яхши одам келавермаслиги мумкин, ҳатто эҳтимоли юқори. Аммо яхши одамнинг чорак аср ҳокимиятда бўлганидан кўра ёмон одамларнинг ҳар саккиз йилда алмашиб туриши зарари камроқ.
Биз ҳаммаси яхши бўлсин деган баҳона билан Конституцияни ислоҳ қиляпмиз, аммо бу ислоҳот асл кўзланган мақсадга (биз, оддий халқ ишонган мақсадга) хизмат қилишдан кўра, ана шу мақсадни йўққа чиқарадиган бошқа бир таг мақсадга хизмат қилишидан қўрқаман.
Мен конституциямиз мукаммал бўлишини истайман, аммо бу мукаммаллик президентлик муддатини ноллаштириш ҳисобига бўлмаслиги керак, акс ҳолда, бундай мукаммалликнинг боридан йўғи яхши.
Хуршид Йўлдошев
Фэйсбук саҳифасидан олинди
OzodTarmoq рукнидаги муаллифларнинг нуқтаи назари таҳририят нуқтаи назарини акс эттирмайди.