Қозоғистон жанубида нефть маҳсулотларини контрабанда йўли билан Ўзбекистонга ўтказиш мақсадида фойдаланилган яширин туннель топилди. Бу ҳақда Қозоғистоннинг Туркистон вилояти прокуратураси маълум қилди.
“Бир гуруҳ шахслар томонидан Қозоғистон–Ўзбекистон чегарасида 450 метр узунликда туннель қазилган. Ушбу лаҳм орқали ҳар куни 5-7 тонна ёқилғи-мойлаш материаллари контрабанда йўли билан олиб ўтилган”, дейилган вилоят прокуратураси хабарномасида.
Маълум бўлишича, ноқонуний фаолият тахминан икки ой давом этган бўлиб, махсус тадбирлар мобайнида бу ишга дахлдор жиноий гуруҳнинг барча аъзолари, жумладан, Ўзбекистон фуқаролари аниқланган,
Шу каби тадбирлар Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан чегара ҳудудида ҳам ўтказилган. Суриштирувларда қўшни давлатдан экспорт қилинган ёнилғи учун маблағ ўтказиш схемаси ўртага чиққан.
“Қозоғистон ҳудудида ҳам, Ўзбекистон ҳудудида ҳам трансмиллий жиноий гуруҳ аъзолари қўлга олинди. Ҳозирда терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда”, дейилган прокуратура баёнотида.
Марказий Осиё давлатлари чегара ҳудудларида яширин туннеллар топилиши биринчи марта кузатилаётгани йўқ. Озодлик аввалроқ ўзбек-қирғиз чегарасида валюта ва бошқа молларни ноқонуний ўтказишда фойдаланилган тўртта туннель топилгани ҳақида хабар қилган эди.