Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 11 июнь куни “Муборак Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги қарорни имзолади.
Қарорда бу йилги Қурбон ҳайити 16 июнга тўғри келаётгани, шу куни байрам ўлароқ нишонланиши қайд этилган.
“Қурбон ҳайитининг биринчи куни дам олиш кунига тўғри келиши муносабати билан ушбу дам олиш куни 17 июнь – душанба кунига кўчирилади, 18 июнь – сешанба куни барча ходимлар учун қўшимча дам олиш куни бўлади”, дейилган президент матбуот хизмати хабарномасида.
Қарор билан маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, масъул вазирлик ва идораларга муборак Қурбон ҳайитини Ўзбекистон халқининг миллий анъана ва урф-одатларига уйғун ҳолда ўтказиш учун тегишли чора-тадбирларни амалга ошириш, ҳайит кунларида мўътабар зиёратгоҳлар ва тарихий қадамжоларга зиёратларни ташкил этиш мақсадида фуқароларга қулай шароит ва имкониятлар яратиш топширилган.
Ўзбекистонликлар ўтган йили Қурбон ҳайити муносабати билан қаторасига беш кун - 28 июндан 2 июлгача дам олган эдилар.