Жорий йил бошидан буён Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг avtoraqam.uzex.uz вебсайтида 262 миллиард 600 миллион сўмлик 106 мингдан зиёд авторақам онлайн-аукционлар орқали сотилган.
Биржа матбуот хизмати маълумотига кўра, бу йил авторақамларнинг сотуви ўтган йилга нисбатан сон жиҳатдан 2,6 маротабага, ҳажми бўйича эса 71,2 фоизга ўсган.
Қайд этилишича, тузилган битта битимнинг ўртача қиймати 2,4 миллион сўмни ташкил этган. Сотилган авторақамларнинг 92,3 фоизи жисмоний шахслар, 7,7 фоизи эса юридик шахслар томонидан харид қилинган.
Ўтган даврда сотилган авторақамларнинг энг паст баҳоси 450,5 минг сўмни, энг қиммат авторақамнинг қиймати эса 206 миллион 700 минг сўмни ташкил қилган.
“Рақобатли савдолар натижасида битимларнинг 30% биринчи тоифадаги авторақамлар, 33,5% – иккинчи, 19,3% – учинчи, 5,9% – тўртинчи, 5,4% –бешинчи ва 5,9% – олтинчи тоифа авторақамларга тўғри келган”, дейилган биржа хабарномасида.
Ҳудудлар кесимида энг кўп авторақам Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти (45,2 фоиз) Фарғона (8,2 фоиз), Самарқанд (8,1 фоиз) ва Наманган (6 фоиз) вилоятларида харид қилинган.
Ўзбекистон ҳукуматининг шу йил 4 июнидаги қарори билан жорий йилда аукцион савдолари орқали қўшимча 271 та жуфт авторақамлар ҳам сотилиши белгиланган. Мазкур қарор кучга кириши билан, маълумотларга кўра, онлайн-аукционлар орқали ҳар ойда сотиладиган авторақамларнинг ўртача сони 2 700 дан 14 000 гача ошган.
Шу йил ноябрь ойи бошида “чиройли” авторақамлар аукционга қўйилган кундан бошлаб 6 ой мобайнида сотилмаган тақдирда арзонлаштирилишига оид ҳукумат қарори қабул қилинган эди.