Панжширда толиблар қаршилик кўрсатиш давом этмоқда, минглаб афғонистонлик чегараларга йўналган

Афғонистоннинг Панжшир вилоятидаги қаршилик ҳаракати вакиллари, 2021 йил 1 сентябри

Толиблар ҳамда Панжшир вилоятини макон тутган ҳолда уларга қарши урушаётган қаршилик ҳаракати вакиллари афғонларга мурожаат билан чиқишди.

Толибон вакили ижтимоий тармоқларда ёйинлаган аудиохабарда гуруҳ “ҳамон урушнинг олдини олиш ва сиёсий ечим топиш истагида” экани маълум қилинган бўлса, қаршилик ҳаракати вакилининг видеомурожаатида жангчилар Панжшир вилоятини толиблардан ҳимоя қилишда давом этаётгани билдирилган.

Бу пайтда минглаб одам Афғонистондан чиқиб кетиш илинжида қўшни давлатлар билан чегараларга йўналмоқда. Американинг сўнгги ҳарбий хизматчилари мамлакатни тарк этганидан сўнг аҳолининг хавотири янада ортгани кузатиляпти.

Буюк Британия ташқи ишлар вазири Доминик Рааб парламент қўмитаси йиғилишида Афғонистондан одамларни кўчиришни давом эттиришга қаратилган саъй-ҳаракатларни муҳокама қилиш учун минтақага ташриф буюришини маълум қилган.

Аввалроқ Оқ уй АҚШ ҳарбий базаларига 50 минг нафаргача афғонистонлик қочқинни жойлаштириш режаланаётганини эълон қилган эди.

АҚШ Давлат котиби ўринбосари Виктория Нуланд Қўшма Штатлар Афғонистонда қолаётган америкаликларни олиб чиқиб кетиш учун мумкин бўлган барча чора-тадбирларни кўришини айтган. Унга кўра, Вашингтон толиблар ҳукуматини тан олишига ҳали эрта, бироқ АҚШ ва унинг иттифоқчилари манфаатлари талаб қилганида толиблар билан музокара олиб бориши мумкин.

“Энг муҳими, биз уларнинг БМТ Низомига мувофиқ ўз зиммаларига олган мажбуриятларини, шунингдек Афғонистон инсон ҳуқуқлари ва халқаро ҳуқуқ меъёрлари ҳурмат қилинадиган, чет элга келтишни хоҳловчи афғонларнинг кетишига имкон бериладиган мамлакат бўлиб қолиши ҳақидаги оммавий баёнотларига қандай амал қилаётганларини кўришни хоҳлаймиз”, дея Нуланддан иқтибос келтирган “Америка овози”.

Толиблар янги ҳукумат таркибини ва мамлакатни бошқаришга доир режаларини ҳозирча эълон очиқлашмаган. Халқаро кузатувчилар Толибон етакчилари жаҳон ҳамжамиятини ўзининг мўътадиллигига ва 1996–2001 йиллардаги толиблар маъмуриятига хос радикализмдан воз кечганига ишонтиришга уриняпти.

Шу билан бирга, Афғонистоннинг турли вилоятларидан толиблар ўз душманларини қатл этаётгани ҳақида хабарлар келишда давом этмоқда.