Франция пойтахти Парижда 28 август оқшомида XVII ёзги Паралимпия ўйинларининг очилиш маросими бўлиб ўтди. 8 сентябргача давом этадиган ўйинларда 22 та спорт тури бўйича жами 549 та соврин ўз эгаларини топади.
Бир ой аввалги Олимпиаданинг очилиш маросими каби Паралимпия ўйинларининг очилиш маросими ҳам илк бор стадионда эмас, Париж марказида ўтказилган.
Маросимни Франция президенти Эммануэль Макрон билан Халқаро Паралимпия қўмитаси раҳбари Эндрю Парсонс очиб беришган.
Би-би-си рус хизмати хабарига кўра, маросимда айниқса Украина делегацияси йиғилганлар томонидан жарангдорроқ олқишланган.
Ўн бир кун давом этадиган мусобақаларда иштирок этиш учун Парижга 185 та делегация таркибида қарийб 4,5 минг спортчи йиғилган. Бу эса, Le Figaro нашрининг ёзишича, рекорд натижа бўлиб ҳисобланади.
Парижда ўтказилажак Паралимпия ўйинларида Ўзбекистондан спортнинг тўққизта тури бўйича 65 нафар пара атлет қатнашиши айтилган.
Аввалроқ Озодлик Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг кичик қизи Шаҳноза Мирзиёева Миллий паралимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари лавозимига сайлангани ҳақида хабар қилган эди.
Шаҳноза Мирзиёева яқиндагина турмуш ўртоғи, Осиё Олимпия кенгаши вице-президенти Отабек Умаров билан биргаликда Парижда ёзги Олимпия ўйинлари ғолиблари ёнида кўриниш берганди.
Мазкур Олимпиадада Ўзбекистон миллий олимпия жамоаси 13 та медални (8 та олтин, 2 та кумуш ва 3 та бронза) қўлга киритиб, медаллар сони бўйича дунёда 13-ўринни эгаллашга муваффақ бўлган.