Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Парламентлараро ассамблеяси халқаро кузатувчилари жорий йилнинг октябрь ойида Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашларга бўлиб ўтадиган сайловларни кузатишга таклиф қилинди. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати маълумот тарқатди.
Қайд этилишича, мазкур таклиф Сенат раиси Танзила Норбаева бошчилигидаги Ўзбекистон парламенти делегацияси томонидан ўтган ҳафта Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида бўлиб ўтган МДҲ ПА Кенгашининг йиғилишида очиқланган.
Ўзбекистонда келаётган кузда парламент ва маҳаллий кенгашларга сайлов ўтказилиши шу кунгача на Марказий сайлов комиссияси, на-да бошқа бир ваколатли идора томонидан расман тасдиқланган эмас.
Сайлов қонунчилигига киритилган сўнгги ўзгартишлар эътиборга олинса, сайлов 2024 йилнинг октябрь ойи учинчи ўн кунлиги биринчи якшанбасида бўлиб ўтиши керак.
Президент Шавкат Мирзиёев ўтган йил 6 мартида сиёсий партиялар ролини ошириш учун - мажоритар ва пропорционал сайлов тизимига ўтишни таклиф қилган.
Ушбу таклиф асосида 2023 йилнинг 18 декабрь куни “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига сайлов ва референдум ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинган.
Ҳужжатга мувофиқ, бундан буён парламентдаги 150 ўриннинг ярми - пропорционал шаклда - партиявий рўйхатлар билан, ярми - мажоритар тизимда - номзодларга овоз бериш йўли билан тақсимланиши лозим.
Бундан ташқари, янги қонунчиликка кўра, Ўзбекистонда парламент ўзини ўзи тарқатиб юбориш ваколатига ҳам эга бўлган. Бу янгилик жамоатчилик орасида галдаги парламент сайлови жорий йилнинг “ё баҳор, ё куз”ида бўлиб ўтишига оид тахминлар урчишига сабаб бўлган, бироқ муддатидан илгари сайловларга оид тахминлар ҳам ўз тасдиғини топган эмас.
Мавзуга алоқадор
Сайлов-2024: Ўзбекистон "янгича", аммо ҳануз мухолифатсиз сайловга тайёрланмоқдаТахминлар орасида тасдиқланиш эҳтимоли энг юқори бўлгани – бу галги сайловларда ҳам мухолифат вакилларининг сайловга қўйилмаслиги бўлиб турибди. Ўзбекистон қонунчилигига мувофиқ, парламент ва маҳаллий сайловларда фақат мамлакатда расмий рўйхатдан ўтган партияларгина иштирок этиши мумкин. Айни пайтда мамлакат бешта сиёсий партия рўйхатга олинган бўлиб, булар Ўзбекистон Халқ демократик партияси (ХДП), ЎзЛиДеП, “Миллий тикланиш”, “Адолат” ва Экологик партиялардир.
Ўзбекистонда ўтган асрнинг 90-йиллари бошида рўйхатга олинган “Бирлик” ва “Эрк” партияларини ўзбек расмийлари амалдаги партия ўлароқ тан олмай келишади. Лидерлари хорижда бўлган бу икки партия вакилларининг Ўзбекистон Адлия вазирлигида қайта рўйхатдан ўтишга ҳаракатлари ҳатто президент Шавкат Мирзиёев даврида ҳам ижобий натижа берган эмас. Шунингдек, профессор Хидирназар Аллақулов бошчилигидаги фаоллар томонидан янги бир партия тузиш бўйича 2021 йилдан буён амалга оширилган бир неча уриниш ҳам муваффақиятсиз якунланган.