Қорақалпоғистонда 2022 йил июль ойида рўй берган оммавий норозилик намойиши иштирокчиларидан 943 нафари ҳуқуқбузарлик содир этгани учун огоҳлантирилган, 6135 нафарига маъмурий жарима, 2639 нафарига маъмурий қамоқ жазоси белгиланган. 61 киши эса жиноят содир этгани аниқланган.Бу ҳақда 26 декабрь куни Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси кенгашларининг қўшма йиғилишида кўриб чиқилган комиссия ахборотида сўз борган.
Нукусда юз берган воқеалар юзасидан мустақил текширув ўтказиш бўйича Омбудсман Феруза Эшматова бошчилигидаги, 14 нафар депутат, сенаторлар, нодавлат ташкилотлар ва жамоатчилик вакилларидан ташкил топган комиссия 2022 йил 15 июлида тузилганди.
Қуйи палата матбуот хизматининг маълум қилишича, тартибсизликлар натижасида фуқаролар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимларининг оғир тан жароҳати олиши ва ҳалок бўлиши, шунингдек, фуқаролар ва давлат идораларининг мол-мулкига катта миқдорда (6,8 миллиард сўм) моддий зарар етказилган.
Комиссия ахборотига кўра, оммавий тартибсизликлар давомида 21 нафар фуқаро, шу жумладан, 2 нафар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходими вафот этган ва 413 нафари жароҳатланган (шундан 183 нафари ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари).
Жиноят иши доирасида судгача қамоққа олинган жами 168 нафар шахснинг 107 нафари (икки нафар аёл) комиссия илтимосномасига кўра оиласига қайтарилган.
Маълум қилинишича, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан оммавий тартибсизликларни маъмурий бинолардан узоқлаштириш, тарқатиб юбориш, маъмурий бино ва стратегик объектларни эгаллашга уринишларни бартараф этиш мақсадида халқаро амалиётда қўлланадиган воситалардан (сув ва рангли суюқлик пурковчи техника, кўздан ёш оқизувчи махсус гранаталар) фойдаланилган.
Оммавий тартибсизликларни бартараф этиш жараёнида инсон ҳуқуқлари ва уларнинг қонуний манфаатларини бузишга йўл қўйган ички ишлар органлари ходимларининг уч нафари жиноий жавобгарликка тортилган.
Комиссия давлат органларига оммавий тартибсизликларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан фойдаланиладиган махсус воситаларни қўллаш ва тартиббузарларни тарқатиш бўйича меъёрий ҳужжатларни етакчи хорижий давлатлар тажрибаси асосида мунтазам такомиллаштириб бориш каби тавсияларни илгари сурган.
2022 йилнинг июль ойи бошида Қорақалпоғистонда аҳоли пойтахт Нукус шаҳрининг марказий майдонида оммавий норозилик акциясига чиққан. Одамлар Тошкентнинг Қорақалпоғистонни Ўзбекистон таркибидаги суверен республика мақомидан маҳрум этиш режасига шу йўсинда норозилик билдиришган. Ҳукумат намойишни куч билан бостирган.
Нукус воқеалари бўйича ўтказилган судларда умумий ҳисобда 61 киши жавобгарликда тортилган.
Озодлик аввал хабар берганидек, Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти Нукус воқеаларининг икки йиллиги муносабати билан берган баёнотда норозилик чиқишларини бостиришда ҳаддан зиёд куч қўллангани учун бирорта ҳам юқори лавозимли мулозим жавобгарликка тортилмаганига эътибор қаратганди.