Расман: Ўзбекистонда паррандачиликка 35 миллион доллар ажратилди. Сут йиғиш марказлари ташкил этилади

Паррандачилик хўжаликларига озуқа ва айланма маблағлар учун Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан 35 миллион доллар ажратилади, деб хабар берди президент матбуот хизмати.

Хабарда айтилишича, бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев озиқ-овқат тармоқларини қўллаб-қувватлашга қаратилган таклифлар тақдимоти билан танишаётганида маълум қилинган.

Кредит тарзида бериладиган мазкур маблағнинг фермерлар томонидан самарали ишлатилишини “Паррандасаноат” уюшмаси кузатиб боради. Наслли жўжалар импортини қўллаб-қувватлаш учун субсидия миқдори оширилади.

“Буларнинг натижасида парранда гўшти етиштириш ҳажмини йилига 800 минг тоннага етказиш мўлжалланмоқда”, дейилади хабарда.

Президент матбуот хизматининг билдиришича, бугунги кунда паррандачилик хўжаликлари сони 1 минг 300 тани ташкил этиб, тухум етиштириш 4 фоиз, гўштда 28 фоиз ошган.

Шу билан бир қаторда Халқаро қишлоқ хўжалиги тараққиёти жамғармасининг грант маблағлари ҳисобидан ҳудудларда сут йиғиш марказлари ташкил этилиши режалаштирилмоқда. Уларга камида 100 та аҳоли хонадони бириктирилиб, кооператив тизим йўлга қўйилади.

Кластерлар томонидан 64 та чорвачилик комплекси барпо этилиши ҳамда Жаҳон банки маблағлари ҳисобидан чорва молларини идентификация қилиш тадбирлари бошланиши назарда тутилмоқда.

Расмий хабарда айтилишича, 2022 йилда чорвачиликда 1 минг 400 та лойиҳа амалга оширилиб, қорамоллар сони 14 миллион, қўй-эчкилар сони 24 миллион бошга етган.