Пастдарғомда онлайн қиморхонада катта пул ютқазгани тахмин қилинаётган ўспирин ўзини осди

Жорий йилнинг 15 май куни Самарқанд вилоятининг Пастдарғом тумани “Янгиобод” маҳалласида яшаб келган 18 ёшли ўспирин ўз уйнинг ёрдамчи хўжалик хонасида ўзини осиб, жонига қасд қилган. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилди.

БП мулозими мазкур маълумот “Дарё” нашри мухбирининг сўрови асосида тасдиқланганини билдирган.

Қайд этилишича, аввалроқ нашр мухбири Отабек Қўлдошев пастдарғомлик ўспириннинг интернетда авж олган тотализаторда катта миқдорда пул ютқазиб, бошқалардан қарз бўлиб қолгани сабабли ўз жонига қасд қилгани ҳақида батафсил маълумот олиш учун Бош прокуратурага мурожаат қилган.

Бу маълумотни текширган прокуратура вакиллари ўспириннинг яқинлари май ойида содир бўлган воқеа тўғрисида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар қилмасдан, шу куни маҳаллий урф-одатларга кўра марҳумни дафн этганини аниқлаганлар.

“Мазкур ҳолат юзасидан 2021 йил 7 июль куни Пастдарғом тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари ўтказишга киришилиб, ҳодиса ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ўз вақтида мурожаат этилмаганлиги юзасидан туман халқ таълими бўлими, ободонлаштириш бўлими, оила ва маҳаллани қўллаб қувватлаш бўлими ва ИИБга хизмат текширувлари тайинланди”, дейилган БП матбуот котиби хабарномасида.