Москва суди жосусликда айбланаëтган америкалик собиқ ҳарбийни озод қилиш сўровини рад этди

АҚШ собиқ денгизчиси Пол Вилан Москвага дўстининг тўйига келган пайтда ҳибсга олинган.

Россия суди АҚШ ватандоши Пол Виланни гаров эвазига озод қилишни рад этди ва уни февраль охирига қадар Москвада қолдирди. Жосусликда айбланаëтган америкаликнинг Россияда суд қилиниши кутилмоқда.

Москва шаҳар суди 22 январда чиқарган қарори билан Виланни 28 февралга қадар дастлабки ҳибсда ушлаб туриш ҳақидаги қуйи суд қарорини кучида қолдирди.

48 яшар Вилан суд биносига олиб келиниб, тинглов вақтида металл қафасда ушлаб турилди.

Унинг россиялик адвокати Владимир Жеребников суд қарори устидан апелляция бериши ва Виланни озод этишга ҳаракат қилишини айтди.

АҚШ ҳарбий денгиз кучларининг собиқ хизматчиси Вилан яна Ирландия, Канада ва Британия ватандоши ҳамдир. У 28 декабрь куни Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) ходимлари томонидан ҳибсга олинган эди.

Россия ҳокимият идоралари вакили Виланнинг жосуслик қилаётган пайт қўлга тушгани, судда айби исботланса, 10 йилдан 20 йилгача кесилиши мумкинлигини айтди. Жеребенков Вилан ўзига қўйилаётган айбларни бўйнига олмаётгани, оиласи ҳам унинг гуноҳсизлиги ва жосус эмаслиги, Москвага дўстининг никоҳ тўйига борганини айтаётганини билдирди.

Россия ҳокимият идоралари Виланга қўйилаётган жосуслик айблови тафсилотларини очиқлагани йўқ. “Росбалт” агентлигининг исмини ошкор этилмаган мулозимга таяниб ëзишича¸ Вилан Кремль яқинидаги Метрополь меҳмонхонасида ҳибсга олинган. Бунга унинг номи ошкор қилинмаган Россия хавфсизлик агентлиги ходимлари махфий рўйхатини USB-флешкада олгани сабаб бўлган.

Жеребенковнинг сўзларидан Виланга бу USB-флешка атай ташлаб қўйилганини тахмин қилиш мумкин.

Виланнинг укаси Дэвид 20 январь куни унинг адвокатларига тўлаш учун маблағ йиғиш кампаниясини бошлаганини эълон қилди.

Виланнинг ушланиши ва қамоққа олиниши Москванинг Ғарб мамлакатлари, хусусан, Қўшма Штатлар ва Британия ўртасидаги муносабатлари Россиянинг Украина ички ишлари ва АҚШдаги 2016 йилги президент сайловига аралашуви, собиқ рус жосуси Сергей Скрипаль ва қизининг 2018 йил мартида Англияда заҳарланиши сингари кўплаб масалалар сабаб совуқлашиб кетган пайтга тўғри келмоқда.