Telegram асосчиси Павел Дуров Францияда суд назорати остига олинди. Унга мамлакат ҳудудини тарк этиш тақиқланди. Дуров беш миллион евро миқдорида гаров пули тўлаши ҳамда ҳафтасига икки марта полицияда қайддан ўтиши лозим. Бу ҳақда Париж прокуратураси баёнотида айтилган.
Прокуратура баёнотида олтита қонунбузарлик қайд этилган бўлиб, улар орасида ҳуқуқ-тартибот идоралари талабномасига кўра текширув ўтказиш учун зарур бўлган маълумотни беришдан бош тортганлик, кибержиноятлар, пул ювиш, аввалдан декларация қилмасдан криптологик жиҳоз импорт қилганлик, болаларнинг порно суратларини тарқатишда иштирок этганлик кабилар бор.
Ҳужжатда Франциядаги дастлабки тергов февраль ойидаёқ бошлангани айтилган. Тергов бошланишига суд сўровларига қарийб бутунлай жавоб бермаганлик сабаб бўлган.
Прокуратура Дуровга нисбатан олиб борилаётган яна иккита тергов ҳақида ҳам маълум қилган. Улар билан Франция жандармериясининг кибербўлинмаси ва божхонанинг товламачиликка қарши кураш бошқармаси шуғулланмоқда.
Павел Дуров 25 августга ўтар кечаси Озарбайжондан хусусий учоқ билан учиб келган пайтда Ле-Бурже аэропортида қўлга олинган. 26 август куни Париж прокуратураси июль ойида Telegram платформаси ёрдамида амалга оширилган муҳтамал жиноятлар билан боғлиқ равишда жиноят иши қўзғатилгани ҳақида маълум қилган эди. Дуров ана шу иш тергови доирасида қўлга олинган. У ерда 12 хил жиноят ҳақида гап борган.
The Wall Street Journal нашри 28 август куни қатор манбалардан олинган маълумотларга таянган ҳолда 2021 йили Франция фуқаролигини олган Дуровнинг франциялик расмийлар билан муносабатига оид тафсилотларни ёйинлаган.
Материалда, хусусан, 2018 йили Франция президенти Эммануэль Макрон тушлик чоғида Павел Дуровга Бирлашган Араб Амирликларида жойлашган Telegram қароргоҳини Парижга кўчиришни таклиф этгани иддао қилинган. Айтилишича, Дуров бу таклифни рад этган. Шунга қарамай, Франция расмийлари 2021 йилда унга соддалаштирилган тартибда фуқаролик беришган. Дуров қўлга олинганидан кейин Франция Ташқи ишлар вазирлиги у томонидан фуқаролик олинишидаги процедурага нисбатан эътирозлар пайдо бўлгани ҳақида билдирган.
Ўз навбатида, Financial Times нашри Еврокомиссия Telegram мессенжерига нисбатан тергов бошлагани ҳақида хабар қилган. Муассаса ЕИда мессенжернинг аслида қанча фойдаланувчиси борлигини аниқламоқда. Еврокомиссия Telegram рақамли хизматлар бозори тўғрисидаги қонунга мувофиқ равишда фаолияти кескинроқ назорат остига тушмаслиги учун ЕИдаги фойдаланувчи сонини камайтириб кўрсатган бўлиши мумкин, дея гумон қилмоқда, дейилган нашр мақоласида.
ЕИда Рақамли хизматлар тўғрисидаги қонун жорий йил бошидан кучга кирган. Ҳужжат билан ойига 45 миллион аудиторияга эга бўлгган жуда йирик платформалар фаолияти га чекловлар киритилган.
Йил бошида Telegram Европа Иттифоқида унинг 41 миллион фойдаланувчиси борлиги ҳақида маълум қилган. Мессенжер раҳбарияти кейинроқ қонунчиликка мувофиқ равишда аниқроқ маълумотларни тақдим этиши лозим эди, бироқ пировардида Telegram’дан ойига 45 миллиондан ана кам фойдаланувчи актив равишда фойдаланаётгани ҳақида билдирган, холос.