Андижон шаҳридаги энг катта улгуржи бозорлардан бири бўлган Жаҳон бозори, пахта терими мавсуми сабаб, ёпилди. Озодлик мобил мухбирларининг хабарларига кўра, бир қатор туман бозорлари ҳам ёпилган, ҳозирча ишлаб турганларини ҳам ёпиш тўғрисида ҳоким топшириқ берган. Андижонликлар пахта терими кампанияси даврида ҳеч қачон бундай қаттиқ чекловлар кўрмаганини айтишмоқда.
Андижон шаҳридаги Жаҳон бозорида тадбиркорлик қилаётган, исми сир қолишини сўраган тадбиркорлардан бирининг айтишича, бозор фақат пайшанба ва якшанба кунлари ишламоқда. Қолган кунлар эса бозор дарвозалари эса, эрталабдан ёпиб қўйиляпти:
“Бу - шаҳардан ташқарида бунёд этилган энг катта улгуржи бозорлардан бири. Андижон вилояти туманларининг тадбиркорлари озиқ-овқат ва саноат молларини, асосан, ана шу бозордан харид қилишади. Шу пайтагча, ҳатто Каримов даврида ҳам, бирор йил пахта терими мавсумида бу бозор ёпилмаган эди. Энди эса, сотувчиларни дўконларини очгани қўйишмаяпти. Келган харидорлар ҳам қайтиб кетмоқда. Бозор ҳувиллаб қолган”, деди тадбиркорлардан бири.
Тадбиркор Озодликка бир неча суратлар ҳам тақдим этди.
Андижон вилоятининг Избоскан туманида яшайдиган тадбиркорлардан бирининг айтишича, ўтган душанба куни ёғиб ўтган ёмғирдан сўнг пахта теримига сафарбарлик жуда ҳам кучайди:
“Пахта ниҳоятда қаттиқ бўляпти. Ҳар куни кечқурун соат 8 да мажлис бошланиб, уч-тўрт соат давом этади. Вилоят ҳокими ҳамма бозорларни ёпиш ҳақида топшириқ берди. Ташкилотлар, корхоналар фақат пахтага қанча одам жўнатгани ҳақида ҳисобот бериш билан овора. Кеча, Булоқбошига борган эдим, нон олиш учун бозорга кирсам, беркитиб қўйибди. Дарвозадан қарасам, ичкарида одамлар юрибди. “Одамлар борку”, деб сўрасам, “булар тонгда кириб олган, энди чиқолмай юришибди”, дейди. Кейин панжарадан қўлма-қўл қилиб пул узатиб, тўртта нон сотиб олдим”, дейди маҳалла фаоли.
Андижон туманининг деҳқон бозорида ишлайдиган тадбиркорлардан бири ҳам, бозор ёпилгани, тадбиркорларга ўзи чиқиб пахта териши ёки ўрнига одам ёллаш топшириғи берилганини айтади:
“Бозор кундуз куни умуман ишламаяпти. Дарвозаларга қулф солинган. Кечга томон очилади ва тўполон бозор бошланади. Тадбиркорлар ва бозорчилар пахта теримида қатаншиши ёки ўрнига одам юбориши шарт. Ҳокимнинг топшириғи бу”, деди тадбиркор.
Андижон вилояти ҳокимлиги қабулхонасининг ўзини таништирмаган мулозими Озодлик радиосидан қўнғироқ қилаётганимизни эшитганидан сўнг, индамай гўшакни қўйиб қўйди.
Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмоновнинг буйруғи билан вилоятда пахта терими сиёсати жуда ҳам қаттиқ олиб борилаётгани ҳақида Озодлик хабар берган эди.
Жумладан, бюджет ташкилотлари ходимларини пахта теримига мажбурий чиқаришни “жиноят” деган Андижон вилоят ҳокими ўқитувчи ва тиббиёт ҳамшираларини 4 октябрдан яна далага чиқарган эди.
Андижон вилоят, Улуғнор туман ҳокими 57 яшар Асилбек Юсупов 5 октябрь куни оламдан ўтган эди. Туман ҳокимлиги мулозимининг Озодликка айтишича¸ 6 октябрь куни дафн қилинган Юсупов 3 октябрь куни пахта йиғим-теримига оид вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов ўтказган селектор мажлисида ҳоким томонидан тергалгани ортидан иш кабинетида оғиз-бурнидан қон кетиб, йиқилиб тушган эди.