ВИДЕО: Пахта нормасини бажармаган ҳамшираларни ишдан бўшатмоқчилар

Фарғона вилояти, Қўқон шаҳридаги 8- оилавий поликлиниканинг пахта теримига чиқарилган ва кунлик терим нормасини бажармаган ходимларига ишдан бўшатиш билан таҳдид қилинмоқда. Озодликка йўлланган видеода поликлиника мулозимининг ходимлардан мажбурий тилхат олаётгани акс этган. Мулозим айтиб туриб ёздирган тилхатда кунлик 50 кило нормани бажармаган ходим, ўз аризасига кўра ишдан кетиши қайд қилинган.

Қўқондан келган видеоҳужжат

Қўқон шаҳридаги 8-оилавий поликлиниканинг 31 нафар ходими 13 сентябрдан буён Фурқат тумани Полвонтош қишлоғи далаларида пахта тераяпти.

Поликлиника ходимларидан бирининг Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда айтишича, мулозимлар кунлик пахта нормасини бажармаган ходимларга ишдан ҳайдаш билан таҳдид қилаяпти.

Суҳбатдош сўзларига исбот тарзида Озодликка видео ҳам йўллади. Ушбу видеода поликлиника катта ҳамшираси Алия Мадалиеванинг ходимлардан мажбурий тилхат олаётгани акс этган.

“50 килодан бир кунда термасам, чора кўришингизни сўрайман. Ўз қўлим билан ёздим”, деб ёзгин дейди мулозима видеода.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Пахта нормасини бажармаган шифокорларга ишдан бўшатиш таҳдиди қилинмоқда

"Тилхатни Алия Мадалиева ёздирган"

8- оилавий поликлиниканинг мутасаддилари видеодаги аёл ҳақиқатан ҳам Алия Мадалиева эканини тасдиқлашди.

Уларнинг айтишича, Мадалиева 14 сенябрь куни поликлиника раҳбарияти номидан Полвонтош қишлоғига бориб, пахта тераётган ходимларни текширган.

Поликлиника ходимининг Озодликка айтишича, Мадалиева 14 сентябрь куни тушдан сўнг далада пахта тераётган шифокорлар ёнига бориб, улардан бирма-бир мажбурий тилхат ёздириб олган:

“Обеддан кейин келди Алия опа. У “планни бажармасам, хоҳлаган чора кўришларингни сўрайман”, деб ёздирди. Кейин далага эрталаб соат 6 дан кеч қолиб келганларга ҳам шундай ариза ёздирди. “Агар далага вақтли келмасам, ишдан кетаман”, деган мазмунда”, дейди поликлиника ходимларидан бири.

Озодликка тақдим қилинган видеода Мадалиева “Агар термасангиз мана ўз қўлингиз билан ёздингиз, аризангизни ёзиб, чиқиб (ишдан) кетасиз”, дейди.

Алия Мадалиева: Мен фақат уларни уришдим

Озодлик мухбири Алия Мадалиева билан телефон орқали боғланиб, ундан нима асосда ушбу тилхатни ёздирганини изоҳлаб беришни сўради:

Алия Мадалиева: Йўқ, йўқ, йўқ. Унақа нарса бўлгани йўқ. Уришиб келдим. 6 кило, 7 килодан терганидан кейин гапирмаймизми биз?!

Озодлик: Умуман ходимларингизга пахта тердиришга нима ҳаққингиз бор? Қандай қонуний асос бор бунга?

Алия Мадалиева: Ҳеч қанақанги ҳаққим ва асосим ҳам йўқ. Ҳеч қанақанги ваколатим ҳам йўқ.

Озодлик: Нимага унда бундай тилхат ёздирасиз?

Алия Мадалиева: Ман уларга фақат теринглар, деб айтиб келдим холос. Ман унақа нарса ҳақида умуман ҳеч нарса гапирмаганман.

Озодлик: Лекин видеода тилхат ёздираётганингиз акс этганку?!

Алия Мадалиева: Ман унақанги нарсалар ёздирмаганман.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Алия Мадалиева билан суҳбат

Ўзбекистонда ишчи-ходимлар ҳашарга жалб қилинганда ёки пахтага ҳайдалганида бутун масъулиятни ишчи зиммасига юклаш мақсадида мажбурий тилхат олиш амалиёти кенг тарқалган.

Жумлдан, Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институтининг талабаларидан пахта теримида қатанашмаса институтдан ҳайдалишга розилик берувчи “тилхат” ёздириб олингани ҳақида Озодлик аввал хабар берган.