Қашқадарë вилоят, Нишон туманида 7-8 октябрь кунлари ëмғир ëғиши сабабли пахта заводига белгиланган нормани топширмаган 30 га яқин фермер, 10 октябрь куни вилоят ҳокими ўтказган мажлисдан сўнг, туман Ички ишлар бўлимига олиб келинган ва бу ерда 11 октябрь саҳарга қадар оч ҳолда ушлаб турилган.
Туман ҳокимлиги ва ИИБ расмийлари бу хабарни инкор қилмади. Расмийларнинг Озодликка айтишича¸ “белгиланган кунлик пахта нормасини топширмаган¸ даласида бўлмаган фермерлар” ИИБга “суҳбатга олиб келинган ва танбеҳ берилган”.
Озодлик гаплашган нишонлик фермерлар пахта терими қизғин паллага кирган бир пайтда ҳоким¸ прокурор ва ИИБнинг фермерларга зўравонлиги кучайиб кетганидан арз қилди.
Вилоят ҳокими туман ҳокимини¸ туман ҳокими фермерларни...
10 октябрь куни Нишон туман ИИБга олиб кетилган фермерлар орасида Мардон Шайхитдинов ҳам бор.
Айни номдаги фермер хўжалиги раҳбари бўлган Шайхитдиновнинг турмуш ўртоғи Бодомгул Норова 11 октябрь куни Озодликка эрининг Ички ишлар бўлимига олиб кетилиш тафсилотларини ҳикоя қилди.
- 7-8 октябрь кунлари даламизда тераëтган Калий заводи ишчилари пахта термади¸ заводга 1.9 тонна пахта бердик¸ холос. Вилоятдан келган ишчи гуруҳи нима учун бу пахта топширмаган деб дўқ қилганидан кейин эрталаб тўғри даладан Исузуга босиб¸ пахта заводга олиб кетишган. Бу ерда вилоят ҳокими мажлис қилиб¸ туман ҳокими ва прокурорини роса ҳақорат қилган. Мажлис тугаши билан 30 фермерни номма-ном чақириб¸ тўғри Ички ишларга олиб кетган¸ дейди 11 октябрь куни Озодлик билан пахта даласидан гаплашган фермер аëл.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Унинг айтишича¸ эрталаб даласидаги ҳашарчиларга озиқ-овқат олиб борган пайтда олиб кетилган эри Мардон Шайхитдинов¸ хотинининг Тошкентга қилган арзидан сўнг 11 октябрга ўтар кечаси соат 1:30 да уйига келган.
- Шунгача оч-наҳор “у қиламан¸ бу қиламан” деб ушлаб ўтирган. Баҳонаси “ пахта топширмади¸ пахтазорга мол боғлаб¸ ҳосилни пайҳон қилди”. Асл мақсади эса¸ ҳосилдор ери бор фермерларнинг ерини шу баҳона билан тортиб олиб¸ ҳоким ва прокурорларга беришдир¸ дейди Бодомгул Норова.
Норова айтган воқеани 10 октябрь куни ИИБга олиб кетилган нишонлик бошқа фермер ҳам тасдиқлади.
“ИИБ бошлиғи планимни бажараман¸ деб тилхат ëздириб олди. Ҳали қанча терилмаган далам турпти. Нимага бунақа қилишганини тушунмадим. Ўша жойда фермерларимиздан биттаси 5-совхоздаги Сайпи аканинг мазаси қочиб¸ юраги ëмон бўлиб қолди¸ Шошилинчга олиб кетишди”¸ деди шундоқ ҳам прокурор туҳматига нишон бўлаëтгани ва еридан ажраб қолиш таҳдиди билан яшаëтгани учун” шахси сир қолишини сўраган фермерлардан бири.
ИИВ ва ҳокимлик расмий жавоби
11 октябрь куни Озодлик гаплашган Нишон туман ҳокими ўринбосари 30 га яқин фермернинг 10 октябрь куни ИИБга олиб келинганини инкор қилмади.
“Уларни ҳеч ким қамамади. Уларга фақат ëмғир ëққан кун пахта топширмагани учун эмас¸ тоннасини бермаëтгани¸ ишламаëтгани¸ мажлисларга келмаëтгани учун суҳбат ўтказилиб¸ танбеҳ берилди¸ холос”¸ деди Нишон туман ҳокимлигининг Озодлик боғланган расмийси.
Ҳокимликнинг бошқа бир расмийси эса¸ Бодомгул Норова ҳикоясини “бутунлай ëлғонга чиқариб”¸ Озодликка “хотин кишининг гапига ишонмасликни” маслаҳат берди.
Нишон туман Ички ишлар бўлими мутасаддиси 10 октябрь куни фермерларнинг бўлимга олиб келинганини инкор қилмади¸ аммо уларнинг аниқ сони ва сабабини бошлиқлардан сўраб олишни тавсия қилди.
Нишон туман ИИБ раҳбарлари билан 11 октябрь куни боғланишнинг имкони бўлмади.
Мажлис зулми
Мардон Шайхитдинов фермер хўжалиги фермери Бодомгул Норова Озодлик билан суҳбатда пахта терим мавсуми айни қизғин паллага кирган бир пайтда¸ ҳоким ва прокурорларни фермерларни ишлашга қўймаëтганликда айблади:
- Ҳар икки соатда мажлис қилади. Безор бўлиб кетдик бу мажлисбозликдан. Мажлисга бормангчи¸ ерингни оламан¸ қўлингга кишан соламан¸ деб қўрқитади. Эшитадиган гапимиз “кишан сол қўлига” деган гап фақат. Ҳар кун автобусга тиқиб мажлисга олиб кетади. Мажлисда фақат ҳақорат¸ планни тўлдир¸ ерингни оламан¸ ўзингни қаматаман¸ уй-жойингни мусодара қиламандан бошқа гап йўқ.