Наманган вилояти Поп туманида 9-синф ўқувчиси пахта юкланган тиркамадан йиқилиши оқибатида ҳалок бўлди.
Болалар омбудсмани Daryo.uz нашрига ҳолат ўрганилаётганини маълум қилган.
Аниқланишича, 3 ноябрь куни 2003 йилда туғилган А.А. (эркак) трактор ва унга уланган тиркамани зовур бўйидан ўтувчи ички йўлда бошқариб кетаётганда, тракторга уланган боғловчи тортқич узилиб кетиши оқибатида тиркама зовурга йиқилган. 2009 йилда туғилган Т.П. (ўғил бола) жароҳат натижасида вафот этган.
Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновга кўра, ҳолат юзасидан вилоят ИИБ томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ўзбекистонда ҳар йили пахта терими мавсумида йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилмаслик ёки техник ноқисликлар туфайли авариялар содир бўлади.
Озодлик аввалги йилларда ҳам “Пахта қурбонлари” туркумида инсоний талафотларга олиб келган ҳодисалар ҳақида хабар қилган.