Озодлик мобил мухбирларининг хабар беришича, Қашқадарё вилоятининг Касби ва Яккабоғ туманларидаги баъзи мактабларнинг юқори синф ўқувчилари 30 сентябрдан яна пахта теримига чиқарилган. Коллежларнинг учинчи курс ўқувчилари ҳам пахта теримига ҳайдалган. Халқ таълими мутасаддилари бу хабарни на тасдиқлади ва на инкор қилди.
Касби туманидаги 55-умумтаълим мактаби ўқувчилари пахта тераётганини ўз кўзи билан кўрган Озодликнинг мобиль мухбири ўқувчилар билан биргаликда ўқитувчилар ҳам пахта теримига чиқарилганини айтди.
“Ўтган шанба куни, 30 сентябрдан бошлаб мактабларнинг 8,9,10-синф ўқувчилари пахтага чиқарилди. Бу синфлар учун дарслар тамоман тўхтатилди. Менинг акамнинг юқори синфларда ўқийдиган икки ўғли ҳам пахтага чиқаяпти. Бу ҳолат шу атрофдаги 6,4, 52-умумтаълим мактабларида ҳам кузатилаяпти. Ўқувчилардан мабодо бирор бегона киши сўраб қолса, “дарсимиз тушдан кейин ёки тушгача, ота-онамизга ёрдам бериш учун чиққанмиз”, деб айтиш уқтирилган”, деди мобиль мухбир.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Озодлик Касби тумани Халқ таълими бўлими мудири Тўра Шоймарданов билан боғланиб, ҳукумат томонидан тақиқлангани айтилган мактаб ўқувчиларининг яна пахта теримига чиқарилганига изоҳ беришни сўради.
Озодлик мухбирининг пахта ҳақидаги саволини эшитган мудир¸ хабарни инкор қилмади, аммо “узр, вақтим камроқ эди”, деган баҳона билан суҳбатни узиб қўйди.
Тўра Шоймардонов такрор қилинган қўнғироқларга бошқа жавоб бермади.
Қаршидаги тиббиëт муассасалари ходимлари билан Миришкор туманига юборилган ҳамшира қиз Озодлик билан суҳбатда ўзи пахта тераëтган далада юқори синф ўқувчилари ҳам борлиги ҳақида гувоҳлик берди.
“Бу ерда ҳам 6-синфдан юқори мактаб ўқувчилари пахтага чиқарилган экан. Дарслар бўлмаяпти экан. Мана атрофимда ҳаммаси пахта теришаяпти. Телефонимда сурат олиб бўлмайди, бўлмаса ҳозир олиб юборардим”, дейди Озодлик суҳбатлашган ҳамшира.
Яккабоғ туманининг Маданият қишлоғи маҳалла фаолларидан бири ҳам шахси сир қолиш шарти билан мактабларнинг юқори синф ўқувчилари пахта теримига чиқарилганини айтди.
“Қишлоғимиздаги 12-умумтаълим мактабининг 5-синфдан юқори барча ўқувчилари душанба кунидан бошлаб пахта теримига чиқарилди. 10 октябргача пахтада бўлади экан”, деди маҳалла фаоли.
Коллеж ўқувчилари ҳам пахтага ҳайдалди
Озодлик олган маълумотларга кўра, Косон тумани Ирригация ва мелиорация коллежининг 3-босқич ўқувчилари 4 октябрдан бошлаб пахта теримига чиқарилган.
Буни ана шу коллежнинг ўқувчиларидан бири Озодликка тасдиқлади.
“Бизнинг синфдошлар бугун ёппасига пахтага чиқарилди. Мен дарсга бормаганим учун қолдим. Эртага мен ҳам чиқаман”, деди ўқувчи.
Яккабоғ туманидаги коллежлардан бирида ишлайдиган ўқитувчи исми сир қолиш шарти билан юқори синф ўқувчилари вақт-вақти билан пахта теримига олиб чиқилаётганини тасдиқлади.
“Коллежимиз 3-курс ўқувчилари 20,21,22 сентябрь кунлари пахта терди. Ундан сўнг, 24 сентябрь куни, барча ўқитувчилари билан чиқарилди”, деди ўқитувчи.
Бош вазирнинг гапи гап эмасми?
21 сентябрь куни Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов бошчилигида ярим тунда видеоселектор йиғилиши ўтказилгани ва унда 22 сентябрь соат 17:00га қадар пахтага жалб қилинган талабалар, ўқитувчилар ва тиббиёт ходимларини ортга қайтариш бўйича топшириқ берилганлиги ҳақида ҳукумат нашрлари хабар қилган эди.
Бу топшириқ президент Шавкат Мирзиëев Нью-Йоркда бўлиб ўтган БМТ Бош ассамблеяси мажлисидан қайтиши билан берилди. Ўзбекистон президенти БМТ минбаридан туриб мамлакатда болалар меҳнати¸ мажбурий меҳнатга батамом барҳам берилгани ҳақида баëнот берган¸ аммо ўқувчи-талабалар¸ қолаверса¸ ўқитувчи ва шифокорларнинг айни баëнот қилинган кунда ҳам мажбуран пахта даласида экани халқаро майдонда эътирозга сабаб бўлган эди.
Бош вазирнинг бу топшириғидан сўнг, талабалар¸ ўқитувчи¸ врач ва ҳамширалар бир кун ичида ўз ўқиш ва иш жойларига оммавий равишда қайтарилган эди.
Об-ҳаво совий бошлагандан сўнг пахта терими режасини бажариши савол остида қолган вилоят ва туман ҳокимларининг ўқитувчи ва шифокорларни турли тилхат ва таҳдидлар билан пахтага юбориш ҳолатлари кузатилмоқда.
Озодлик суҳбатлашган ҳокимлик вакиллари, бюджет ташкилоти ходимлари ва ўқувчи-талабларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳолатлари борлигини мунтазам инкор қилиб келади.
Пахта тераётган ўқитувчию шифокорларнинг айтишларича, улардан бегона одам сўраб қолган тақдирда, таътилда ёки дам олиш куни бўлгани учун, оилавий бюджетини тўлдириш мақсадида ўз ихтиёри билан теримга чиққанлигини айтиш уқтирилган, акс ҳолда ишидан ажраш билан пўписа қилинмоқда.