Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бир килограмм пахта хом-ашёсининг минимал нархини 10025 сўм этиб белгилади.
Бироқ кластерлар жаҳон бозорида пахта нархининг тушиб кетгани боис бунга норозилик билдириб, вазирликдан нархни туширишни талаб қилмоқда.
Айни пайтда, фермерлар ҳам бу нархнинг пахтага кетадиган харажатни қопламаслигини, ёнилғи, минерал ўғит ва техника хизмати нархи кескин ошганлиги сабабли минимал нархни 15 минг сўм қилиб белгилашни сўрамоқда.
Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги вакиллари 10 август куни Андижон вилоят, Шаҳрихон туманидаги фермерлар билан учрашиб муаммони ўрганишга ҳаракат қилган.
Бундан аввал “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси 2022 йилда бир килограмм ўрта толали пахта харид нархини 7500 сўм қилиб белгилаш ҳақида Қишлоқ хўжалиги вазирлигига тавсия киритган эди.
Фермерларнинг айтишларича, пахта харид нархи уни етиштиришга кетадиган харажат ҳисоб-китоб қилинганидан кейин белгиланиши лозим.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги 2022 йил ҳосили бўйича 1 килограмм ўрта толали пахтанинг харид нархини 10025 сўм этиб белгилади.
Ўтган йили пахтанинг ўртача харид нархи 7100 сўм бўлган.
Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши 30 июнь куни Қишлоқ хўжалиги вазирлигига мактуб ёзиб, бир килограмм пахтанинг минимал харид нархини 12 минг сўм қилиб белгиланиши мақсадга мувофиқлигини ёзган эди.
Аммо бу мактубдан орадан уч кун ўтиб “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигига киритган мактубида жаҳон бозорида июль ойида 1 тонна пахта толаси баҳоси 24.245 млн. сўмни ташкил этгани учун, пахта хом ашёсининг тавсиявий нархи килосига 7500 сўмдан оширмасликни илтимос қилган эди.
Фермерлар эса кластерлар томонидан тақдим этиладиган ёнилғи, минерал ўғит ва техника хизмати нархи кескин ошганлиги сабабли минимал нархни 15 минг сўм қилиб белгилашни талаб қилмоқдалар.
Исми сир қолишини сўраган қорақалпоғистонлик фермернинг айтишича, ўтган йили кластерлар фермер ҳисобидан икки ҳисса даромад кўрган:
“Аслида бир килосига 7500 сўм берилсин деб “Ўзтўқимачиликсаноат” номидан кластерлар айтяпти. Ўтган йили биз 7000 сўмдан пахтани сотган пайтимизда кластер бир тонна толани 35-36 миллион сўмдан сотди. Агар уч тонна пахтадан бир тонна тола чиқишини ҳисобга олсак, уч тонна пахта 21 миллион сўм бўлади. Энди 3 тоннадан яна 1740 килограмм чигит, линк, люк, пух деганлари чиқади. Чигитнинг килоси 6-7 минг сўм. Буни ўзини ҳам 12 миллионга сотдилар. Бизлардан 21 миллионга сотиб олган уч тонна пахта хом ашёсидан булар ўтган йили 47-48 миллион сўм пул қилдилар. Бу дегани бизнинг ҳисобимиздан икки баравар фойда кўрган”.
Фермернинг айтишича, бу йил жаҳон бозорида нархи пастлаган пахтадан ҳам кластер катта фойда кўради:
“Ҳозир Нью-Йорк биржасида ,бир тонна пахта толасининг нархи 2250 доллар атрофида. Шу баҳо билан ҳам ҳозир уч тонна пахтадан 13-14 миллион сўм фойда қолади. Бу чигит ва бошқа маҳсулотларни ҳисобга олмай, хом ашёнинг ўзини биржада сотганида. Лекин шунда ҳам булар биздан пахтани ярим баҳосига олмоқчи. Бунда фермерлар касод бўлади. Менимча давлатимизнинг сиёсати ҳам фермерни касод қилиш ,шекилли. Ўзбекистондаги 126 кластернинг ҳам устида 20-25та аристократ ҳомийси бор. Қишлоқ хўжалиги ўшаларнинг қўлига топшириб қўйилган. Биз ҳам тадбиркор, кластер ҳам. Лекин давлат хизматчилари, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги кластер томонида туриб фермерни хонавайрон қилмоқчи”.
Бухоролик фермер Шуҳрат Раззоқовнинг айтишича, пахтанинг харид нархини унга кетган харажатга қараб фермерлар ва Кенгаш томонидан белгиланиши керак:
“Лекин бизда ундай эмас. Ҳаммаси буйруқ билан. Бизда ёнилғини ҳам, минерал ўғитлар нархини ҳам, тадбиркорнинг маҳсулотини ҳам ҳукумат белгилайди. Қизиғи шундаки, бизда Кенгаш раҳбари сенатор. Кенгаш ўзи фермерлар даромадидан 0,8 фоиз улуш олиб яшайди. Кенгаш фермерларни ҳамма жойда ҳимоя қилиш ўрнига раҳбари ҳукуматга қарам. Аслида Кенгаш ҳамма нарсани ўрганиб чиқиб, вазирликка хат бериши керак. Бизни мана бу нарх қониқтиради, деб. Агар рад жавоб келса, уларга пахта сотишни рад қилиб, жахон бозоридан мустақил харидор излаш керак".
Фермернинг айтишича, пахта етиштириш таннархи ошса ҳам, унинг харид нархи ўшанга қараб ошмайди:
“Мана қаранг, кластер килосига 7,5 минг сўм берамиз деяпти. Ўтган йилги нархку бу. Ўтган йил 7,5-8 минг сўм бўлган ёнилғи ҳозир 15 минг сўм. Икки баравар! Ҳар ой минг-бир ярим минг сўм ошиб боряпти. Ўтган йил селитра икки минг сўм бўлган бўлса бу йил уч ярим минг сўмга чиқди. Аммофос 5000 дан 9000 га чикди, Карбамид 2500 дан 5000 гача кўтарилди, ёнилғи 14000 дан бўлди. Ошмайдиган нарса бизнинг мамлакатда фақат инсон қадри! Бошқа ҳамма нарсанинг нархи ошади!”
Хоразмлик фермер Неъмат Ишчановнинг айтишича, кластерлар Қишлоқ хўжалиги вазирлиги кўрсатган минимал пахта нархидан ортиқ фермерга пул тўламайди:
“Вазирлик минимал нарх кўрсатяпти. Кластерлар ана шу минимал нархни ушлаб олган. Демак уни максимал нархи қаерда деган савол пайдо бўлади. Максималнийси президентнинг давлат пахта харид нархини белгиламайди деган қароридан келиб чиқади. Демак максимал нархни Нью Йорк ёки Ливерпулдаги биржа нархидан олиш керак. Ўтган йил биз пахта топширган пайтда бир кило пахтанинг харид нархи 14,5 минг сўм бўлган. Биз шуни ҳисоблаб чиқарганмиз, булар эса 7 мингдан олди”.
Ишчановнинг айтишича, фьючерс шартномада нарх кўрсатилиши шарт, аммо фермерларнинг бесаводлиги ва ўз ҳаққини талаб қилолмагани боис, аксарият фермер шартномага фақат имзо ва муҳр қўйиб берган:
“Президент айтяпти, давлат пахта харид нархи йўқ деб, қатор қарорлар чиқаряпти, лекин ижро йўқ. Яна ҳамма кимларнидир оғзаки топшириғи билан иш қиляпти. Фьючерс шартнома бўлиши керак ва унда нарх албатта белгиланиши керак”.
Ўзбекистонлик фермерларнинг Телеграм каналида сўралган фермерларнинг 21 фоизи нархсиз шартнома қилганини тасдиқлаган.
Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлигида ишлайдиган Озодлик манбасининг айтишича, пахта харид нархини аниқ белгилаш бўйича вазирлик ва кластерлар ўртасида тортишув давом этмоқда:
“Вазирлик пахтанинг минимал харид нархини 10 минг сўм қилиб белгилаганидан сўнг, кластерлар жанжал қилишни бошлади. Кўпи билан 8,5 минг қилиб белгилайсан деган босимлар бўляпти. Вазирлик ҳам бўш келмаяпти. 10 август куни вазирликнинг бир неча вакили Андижон вилоятининг Шаҳрихон туманида фермерлар билан учрашиб, уларнинг ўзидан пахта парваришига қанча харажат кетиши масаласини ўрганди. Натижаси қандай бўлганини ҳозирча билмайман”.
10 август куни кечага бориб фермерларнинг Телеграм каналида мана бу хабар пайдо бўлди:
“Охирги келган хабарга кўра андижонлик фермерлар пахтанинг таннархини терим пулисиз ва ҚҚСсиз ўртача 8500 сўмга айланишини исботлаб беришган, шунда 1 кг пахта хом ашёси танннархи тахминан 12000 сўм атрофида бўлишини тахмин қилсак бўлади, лекин бу дегани пахта нархи 12000 бўлади дегани эмас, ҳар холда 10 мингдан тушиб кетмаслигига умид қилиб турилса бўлади”.
Ўзбекистонлик фермерлар ўзларининг Телеграм каналларида бу масалани қизғин муҳокама қилмоқда:
“Бу корхона тугриси пахта етиштириш нима эканлигини умуман билмайди. Била туриб пахтани нархини тушириш билан овора. Фермерлар томонидан кандай машаккат билан пахта етиштирилаётганини умуман билмайди. Утган йил ва шу йил толани нархи 37 минг сумга чикганда нима учун жим утирди фойдани кластер олдику, фермер карзга ботсинми, кишлок хужалик вазирлигини нархига хам кунмаяпти. Пахтани нархи узи камида 12500 сумдан кам булмаслиги керак. Шу 12500 сумдан булганда хам камида 20 фоиз фермер карз билан йилни якунлайди”.(имло аслича сақланиб қолди – таҳр)
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 6 мартда чиқарган қарорида 2020 йил ҳосилидан бошлаб, давлат томонидан пахта хом ашёси ишлаб чиқариш ва сотиш режасини белгилаш амалиёти бекор қилиниши, пахта хом ашёсининг харид нархини белгилаш амалиётидан воз кечилиши айтилган эди.
Ўзбекистонда пахта ва буғдой харид нархини ҳар йили Қишлоқ хўжалиги вазирлиги белгилаб беради.
Мамлакатда сўнгги йилларда қишлоқ хўжалигида ўтказилган ислоҳотлар ижобий самара бермаганини фермерлар кўп таъкидлайди.
Уч йилдан буён қишлоқ хўжалиги соҳасида кластер тизими ташкил этилганига қарамай, ҳали ҳам маҳаллий ҳокимият икки мустақил субъектнинг ишларига аралашишдан тўхтагани йўқ.