Куни кеча ҳукуматнинг махсус қарори билан вояга етмаганларга нисбатан жинсий зўравонлик содир этган шахслар реестрини юритиш тартиби тасдиқланди, деб хабар берди Сенат раиси Танзила Норбоева ўз телеграм каналида.
Реестрга балоғатга етмаган шахсларнинг номусига теккан, зўрлик ишлатиб, жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондирган жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондириш билан боғлиқ ҳолда жинсий алоқа қилишга мажбур этган ёки уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилган шахслар киритилади.
Шунингдек,вояга етмаган шахс тавсифланган ёки тасвирланган порнографик маҳсулотни тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш мақсадида Ўзбекистонга олиб кирган, тайёрлаган, тарқатган, реклама қилган, намойиш этганлар, болаларни порнографияга жалб қилган ёки фохишаликка мажбурлаганлар ҳам реестрда қайд этилади.
Реестр махсус ахборот тизими орқали шакллантирилади ва юритилади.
Озодлик июлда жорий йилнинг олти ойида 16 ёшга тўлмаганларга жинсий тажовуз қилгани учун 257 киши судлангани ҳақида ёзган эди.
Сўнгги пайтларда Озодлик радиоси Ўзбекистонда балоғатга етмаган болаларга нисбатан жинсий зўравонликлар содир этилгани тўғрисида кўплаб хабарларни эълон қилди. Жумладан, июль ойининг бошларида Тошкентда ИИБ ходими 13 ёшли қизни зўрлагани, июнь ойи охирида Наманган вилоятида 64 яшар эркак вояга етмаган болакайни алдаб, жинсий эҳтиёжини қондиргани хабар қилинган. Бу шахсларга нисбатан жиноят ишлари очилган.