ИИБ собиқ ходими 13 ёшли қизни зўрлаганликда айбдор деб топилди. У 15 йилга қамалди

Иллюстратив сурат.

Тошкент вилояти жиноят ишлари бўйича Бўстонлиқ тумани суди 25 декабрь куни собиқ ИИБ ходими М.Ж.,ни 13 ёшли қизни зўрлаганликда айбдор деб топди.

Олий суд матбуот котиби Азиз Обидовнинг билдиришича, 31 ёшли судланувчи 15 йилга озодликдан маҳрум қилинди.

Суд жараёни Жиноят-процессуал кодексининг 19-моддасига мувофиқ ёпиқ тарзда ўтказилган.

“Бундан ташқари, суд томонидан Жиноят-процессуал кодексининг 417-моддаси (Жиноий жавобгарликка тортилмаган шахс томонидан жиноят содир этилганини кўрсатувчи ҳолатлар аниқланганда суднинг ҳаракатлари) тартибида М.Ж.,га 14 ёшга тўлмаган шахснинг номусига тегиш учун шарт-шароит яратиб берган 3 киши — Ш. А., М.З., ва Ф.М.,га нисбатан Жиноят кодексининг 131-моддаси (Қўшмачилик қилиш ёки фоҳишахона сақлаш) 4-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатиш масаласини ҳал қилиш учун Бўстонлиқ тумани прокурорига хабар юборилди”, -дейилади Олий суд матбуот котиби хабарида.

Озодлик радиоси 2023 йилнинг 6 июлида ўз манбаларига таянган ҳолда Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан Яшнобод тумани ИИО МФБ профилактика нозирига нисбатан Жиноят Кодексининг 118-моддаси 4-қисми (Ўн тўрт ёшга тўлмаган шахснинг номусига тегиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани ҳақида хабар берган эди.

Мавзуга алоқадор Тошкентда ИИБ ходими педофилияда айбланиб қамоққа олинди. У "ўз хоҳишига кўра" вазифасидан бўшатилган

Воқеа тафсилоти ҳақида ёзган Nemolchi.uz лойиҳаси фаолларига кўра, профилактика нозирининг 13 яшар қизалоқни зўрлагани юзасидан фаолларга жабрланувчининг онаси мурожаат қилган.

"Жиноят май ойининг охирида содир бўлган. 13 ёшли қизча дугонаси билан кўчада ўйнаб юрганда, шунда уларнинг қўшниси машинадаги ўртоғининг олдига ўтириш ва айлантириб келишни таклиф қилган. Қизча қўшнисини яхши таниганлиги боис ёмон ҳаёлга ҳам бормаган. Кейин қизчаларни ижарага олинган дала ҳовлига олиб боришган ва ўша "дўсти" қизчани зўрлаган", — деб ёзган эди Nemolchi.uz лойиҳаси.

Озодлик радиоси якунланиб бораётган 2023 йил давомида Ўзбекистонда педофилияга оид ўнлаб фактлар ҳақида хабар берган.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Тармоқларда яна педофилия билан боғлиқ ҳолатлар муҳокамади