Хитой расмийлари Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотини ўта юқумли бўлган коронавируснинг янги тури аниқлангани хусусида хабардор қилганига 31 декабрь куни роппа-роса бир йил тўлди. Коронавируснинг бу тури кейинчалик COVID-19 деб номланган.
2019 йилнинг 31 декабрида ЖССТнинг Хитойдаги бюросига Хубэй вилоятидаги Ухань шаҳрида келиб чиқиши номаълум бўлган пневмония билан хасталаниш ҳолатлари аниқлангани ҳақида маълумот келиб тушди, дейилганди халқаро ташкилот сайтидаги хабарномада.
2020 йилнинг 3 январига бориб Хитой расмийлари беморлар сони 44 нафарга етгани, улардан 11 нафарининг аҳволи оғирлиги ҳақида маълум қилишган. 11 март куни эса коронавирус ёйилиши ЖССТ томонидан пандемия ўлароқ эътироф этилган.
АҚШдаги Жонс Ҳопкинс университети маълумотига кўра, пандемия чоғида жаҳон бўйлаб COVID-19 га чалинганлар сони қарийб 83 миллион нафарга етиб қолган, қурбонлар сони эса 1 миллион 800 минг нафардан ошган. Беморлардан 47 миллиони соғайиб кетган.
Ўзбекистонда коронавирус инфекциясини юқтириб олганлар сони, ССВ маълумотига кўра, шу кунда 77 минг нафардан ошган.