Мирзиёев АҚШ дипломатик бойкот эълон қилган Пекин Олимпиадасига боради

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Хитой пойтахти Пекинда ўтадиган 2022 йилги қишки Олимпия ўйинларининг очилиш маросимида иштирок этади. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлигининг “Дунё” агентлиги хабар берди.

Мирзиёевни 4 февралда бўлиб ўтадиган тантанага Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпин таклиф қилган.

Мазкур тантана доирасида Шавкат Мирзиёевнинг Хитой раҳбари билан музокаралар ўтказиши ҳам кутилмоқда. Қишки Олимпия ўйинлари Пекинда 4—20 февраль кунлари бўлиб ўтади.

Ўтган йилнинг 6 декабрида АҚШ қишки Олимпия ўйинларига “дипломатик бойкот” эълон қилди. Бунга Хитой ҳукумати Шинжондаги уйғурлар ва бошқа мусулмон миллатларни таъқиб қилаётгани, камида 1 миллион мусулмонни қамоқда сақлаётгани сабаб бўлди.

АҚШ байкотини Канада, Австралия, Британия каби қатор давлатлар қўллаб-қувватлади.