ХХР пойтахти Пекинда 20 февраль куни қишки Олимпиаданинг ёпилиш маросими ўтказилди. Мусобақаларда спортнинг етти турининг 15 йўналиши бўйича 109 комплект медаль ғолибларга топширилди.
Олтин медаллар сони бўйича бу галги ўйинларда биринчи ўринни Норвегия, иккинчи ўринни Германия, учинчи ўринни эса Хитой эгаллади. Айни пайтда қозонилган медаллар сони бўйича АҚШ тўртинчи ўринга, Россия эса тўққизинчи ўринга эга бўлди.
Пекиндаги қишки Олимпиада 4 февраль куни очилган бўлиб, коронавирус пандемияси туфайли жиддий чекловлар шароитида ўтказилди – мусобақа келган спортчилар маҳаллий аҳоли билан алоқада бўлганлари йўқ.
Аввалроқ АҚШ Хитой пойтахтида ўтказилиши кутилган Олимпия ўйинларига нисбатан “дипломатик бойкот” эълон қилган. Бунга Хитой расмийлари томонидан Шинжондаги уйғур ва бошқа мусулмон миллатлар вакилларининг таъқиб қилаётгани, камида 1 миллион мусулмонни қамоқда сақлаётгани сабаб ўлароқ кўрсатилган. Вашингтоннинг бу ташаббуси кейинроқ Канада, Австралия, Британия каби давлатлар томонидан дастаклаб чиқилган. Бойкотнинг спортчиларга дахли бўлмаган ва фақат мазкур мамлакатлардан бўлган расмийларнинг Олимпиадага боришдан воз кечганини англатган.
Пекиндаги Олимпиаданинг очилиш маросимида Ўзбекистон президенти Ш. Мирзиёев ҳам қатнашган. Ўйинларда Ўзбекистондан фақат бир спортчи - тоғ чанғичиси Комилжон Тўхтаев иштирок этган, бироқ у совринли ўринларга етиб боролган эмас.
Галдаги қишки Олимпия ўйинлари 2026 йилнинг февраль ойида Италияда бўлиб ўтиши кутилмоқда.