АҚШ Конгресси Намояндалар палатаси спикери Нэнси Пелосининг Тайванга сафари қабатида Хитой томонидан ҳарбий ўқув машқлари ўтказилиши эълон қилиниши ортидан орол расмийлари жанговар тайёргарлик даражасини оширишди. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар қилди.
Иккинчи август оқшомида орол-давлатга учиб келган Пелоси шу пайтгача Тайвань президенти Цай Инвэнь ҳамда маҳаллий парламент спикерининг ўринбосари Цай Цичан билан учрашувлар ўтказган.
Қўшма Штатлар Конгресси делегацияси билан Тайбэйга учиб келган Пелоси учоқдан тушиши биланоқ делегация ташрифи “АҚШнинг тез суръатлар билан ривожланаётган Тайвань демократиясини оғишмай дастаклашидан далолат” беришини таъкидлаган.
Хитой ТИВ мазкур ташрифни Пекин ўз суверенитетига путур етказишга уриниш ўлароқ баҳолаши ҳақида огоҳлантириб, Вашингтонга “жиддий оқибатлар” билан таҳдид қилган. АҚШ делегацияси учиб келиши олдидан Тайвань яқинида Хитой ҳарбийларининг ўқув машқлари бошланган. Кеча Хитой армияси Тайвань атрофидаги денгизнинг олтита бўлгасида тўрт кунлик машқлар ўтказилишини эълон қилган эди.
ХХР расмийлари Тайванни ўз ҳудуди деб ҳисоблайди ва уни қитъа Хитойига қўшиб олиш истагини билдириб келишади. АҚШ БМТга аъзо бошқа мамлакатларнинг кўпчилиги қаторида Тайванни мустақил давлат деб тан олган эмас, бироқ Қўшма Штатлар Хитойнинг оролни куч билан ўзига қўшиб олиш таҳдидига кескин қаршилик билдириб келади.