АҚШ вице-президенти Майк Пенс мамлакат конституциясига киритилган 25-тузатиш билан ўзига берилган ваколатлар асосида президент Дональд Трампни ҳокимиятдан четлаштириш жараёнини бошлаш нияти йўқлигини очиқлади.
“Мен бу каби хатти-ҳаракатлар мамлакатимиз манфаатига мос ва конституцияга мувофиқ келиб, деб ўйламайман”, дейилган вице-президент Пенснинг Намояндалар палатаси спикери Нэнси Пелоси номига йўллаган мактубида. Пенсга кўра, бундай қадам “даҳшатли прецедент” бўлади. У Трампни президентлик ваколатлари муддати тугашига саккиз кун қолганида ҳокимиятдан четлатишга чақиришни сиёсий ўйин, деб атаган. Майк Пенс қонун чиқарувчиларни “жамиятни янада кўпроқ бўлиб, эҳтиросларни оловлантириб юборадиган акциялардан тийилиш”га чақирган.
Пенснинг мактуби Намояндалар палатасида вице-президент ва ҳукумат аъзоларини 25-тузатишдан фойдаланган ҳолда президент Трампни минглаб тарафдори йиғилган митингда қилган чиқиши учун ҳокимиятдан четлаштиришга чақирувчи резолюция бўйича овоз бериш бошланишидан бир неча соат аввал ёйинланган. Мазкур митингдан кейин бир неча юз митингчи Капитолий биносига бостириб кирганди.
Бу орада Конгресс аъзолари чоршанба куни исёнга чақирганликда айбланаётган президент Трамп импичментига оид ягона модда бўйича овоз беришлари керак бўлади. Дастлабки маълумотларга кўра, Намояндалар палатаси аъзоси бўлган барча демократлар импичмент қарорини дастаклайди, шунингдек ўндан зиёд республикачи уларга қўшилишга тайёр эканини билдирган, бу эса палата томонидан импичмент маъқулланишини кафолатлайди. Бу масала бўйича якуний қарор Сенат томонидан қабул қилинади. Юқори палатанинг эса 20 январь куни бўлиб ўтадиган Жо Байден инаугурациясигача импичментга оид ишни кўриб чиқишга киришиши эҳтимоли кам.
Куни кеча Трамп демократларнинг ўзига нисбатан импичмент эълон қилиш режасига биринчи марта изоҳ бера туриб, бу ишни “ажина ови”га қиёслаган. Трамп бу режалар кўп одамнинг “ғазаб”ини қўзғатаётганини қўшимча қилган.