Пентагон: Қизил денгизда АҚШ эсминецига ва фуқаролик кемаларига ҳужум қилинди

АҚШнинг USS Carney эсминеци.

АҚШнинг USS Carney эсминеци ва бир нечта фуқаролик кемалари 3 декабрь куни Қизил денгизда ҳужумга учради. Бу ҳақда маълум қилган АҚШ Мудофаа вазирлиги қўшимча тафсилотларни очиқламади. Жумладан, бирорта кема жароҳатлангани, жабрланганлар ва ҳужумчилар тўғрисида маълумот йўқ.

ABC News телекомпанияси Оқ уйдаги манбаларга таянган ҳолда USS Carney камида иккита дронни уриб туширгани ҳақида билдирди.

Британия Денгиз савдоси агентлиги 3 декабрда Британиянинг тижорат кемаси Қизил денгиз ва Ҳинд океани туташадиган Баб ал Мандаб бўғозида дронлар ҳужумига учрагани тўғрисида хабар берди. Мазкур бўғоз Ҳиндистон ва Форс кўрфази давлатларидан Европага ва Европадан бу мамлакатларга Сувайш канали орқали юк ташишдаги муҳим сув йўлларидан биридир.

Кейинроқ Яманнинг бир қисмини назорат қилаётган хусий шиаларнинг «Ансаруллоҳ» гуруҳи вакиллари Қизил денгизда Исроилнинг иккита кемасига ҳужум қилингани тўғрисида баёнот берди. Гуруҳнинг билдиришича, кемалардан бирига баллистик ракета отилган, иккинчи кемага эса дронлар билан зарба берилган. «Ансаруллоҳ» АҚШ кемасига ҳужум қилингани тўғрисида баёнот бермади.

Эрон томонидан дастакланадиган исёнчи хусий шиалар гуруҳлари бундан аввал Исроилга қарши ҳарбий ҳаракатларни амалга ошириш доирасида Исроил ва унинг иттифоқчиларига қарашли кемаларга ҳужум қилишда давом этишини билдирган эди.

Reuters агентлиги ўз манбаларига таянган ҳолда Қизил денгиздаги ҳужумлар оқибатида Британиянинг иккита савдо кемаси зарар кўрганини маълум қилди. Бироқ бу хабар ҳозирча расман тасдиқланмаган.