АҚШ Мудофаа вазирлиги – Пентагон Кобулни Толибон босиб олганидан сўнг афғон ҳукумати ҳарбийлари Ўзбекистон ва Тожикистонга олиб чиқиб кетган вертолётлар ҳамда самолётлар Афғонистонга қайтармаслигини билдирди.
АҚШнинг бу борадаги позициясини 18 январь куни ўтган матбуот анжуманида Пентагон расмий вакили Жон Кирби очиқлади. У вертолётлар ва самолётлар масаласида “тегишли давлатлар билан музокаралар давом этаётгани”ни таъкидлади.
Унга кўра, ҳозирда мазкур самолёт ва вертолётларни қаерга жойлаштириш масаласи кўриб чиқилмоқда. "Аммо улар аниқ-ки, Толибонга қайтарилмайди",-деди Кирби.
Озодлик 11 январда Толибон ҳукуматининг мудофаа вазири Мавлавий Муҳаммад Ёқуб Мужоҳид Ўзбекистон ва Тожикистон самолётларни қайтармаса, “оқибатларига дучор бўлишлари”дан огоҳлантиргани тўғрисида хабар берганди. Аммо вазир бу оқибатлар қандай бўлиши ҳақида тушунтириш бермаган.
Толибон ҳукумати матбуот котиби Иномулла Самангоний 5 январда Ўзбекистон ва Тожикистон билан вертолётларни қайтариш бўйича музокаралар олиб борилаётганини маълум қилганди.
Толибон Кобулни эгаллаганидан сўнг 14-15 август кунлари Афғонистоннинг 22 та ҳарбий самолёти ва 24 та вертолёти Ўзбекистон чегарасини кесиб ўтгани ҳақида хабар берилганди.
Ўзбекистон ҳукумати ҳозиргача Толибоннинг мазкур талабига муносабат билдирган эмас.