Пентагон вакили Россия мудофаа вазирининг Украинада олтита HIMARS йўқ қилинганига оид иддаосини рад этди

HIMARS ракета тизими

Россия мудофаа вазири Сергей Шойгунинг Украинадаги урушда АҚШда ишлаб чиқарилган олтита HIMARS ракета мажмуаси йўқ қилинганига оид иддаоси ҳақиқатга тўғри келмайди. Бу ҳақда Reuters агентлиги Пентагон матбуот котиби вазифасини бажарувчи Тодд Бреасселнинг сўзларига таянган ҳолда хабар қилди.

“Интерфакс” агентлигининг ёзишича, Шойгу сешанба куни Россия ҳарбийлари Украинада HIMARS тизимларини йўқ қилганини билдирган.

“Вазир Шойгунинг сўнгги баёнотларидан хабаримиз бор ва улар яна атайлаб уйдирилган ёлғондир”, деган Пентагон мулозими.

Украинага берилган HIMARS тизимларидан биронтаси ҳам йўқ қилинмагани ҳақида аввалроқ “Жануб” оператив қўмондонлиги раҳбари, генерал-майор Андрей Ковальчук ҳам билдирган эди.

Маълумотларга кўра, АҚШ шу кунгача Украинага 16 та HIMARS тизимини етказиб берган.