Петербург расмийлари мигрантларни кузатиш учун шаҳардаги кузатув камераларини этник мансубликни танишга мослаб созланади. Бу ҳақда Петербург маъмурияти миллатлараро муносабатлар қўмитаси раҳбари Олег Капитанов билдирди, дея хабар қилди “Коммерсант” нашри.
Капитановга кўра, янги функционал “миллий анклавлар шаклланиши”га қарши курашда ёрдам беради ва “минтақада ижтимоий тарангликка йўл қўймаслик бўйича превентив чоралар” кўришга имкон яратади.
Мулозим ўз қўмитаси “шахсларнинг миллий мансубиятини аниқлаш учун лицензия сотиб олишга” шартнома тузган, мазкур дастур асосида шаҳардаги саккиз мингта камерани созлаш кўзда тутилган.
“Коммерсант” маълумотига кўра, шартнома суммаси 38 миллион рублдан ошади.
Россия президенти ҳузуридаги Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашда (ИҲК) Петербург расмийларининг қарори танқид қилиниб, “инсон қадр-қийматини ерга урувчи” дея баҳоланган.
“Россияда ҳатто паспортда ҳам миллат кўрсатилмайди. Энди эса томдан тараша тушгандай, телекамералар кишининг қайси миллатга мансублигини аниқлармиш”, деган ИҲК раҳбари Валерий Фадеев.
Москвадаги “Крокус Сити Холл”да содир этилган террор хуружи ортидан Россияда мигрантларга нисбатан ксенофобик кайфиятлар кучайиб кетган. РФ расмийлари ҳужумда Тожикистон фуқароларини айблашган.
Шундан сўнг Россиянинг турли минтақаларида ҳуқуқ-тартиботчилар хорижликлар яшайдиган ва ишлайдиган жойларда рейдлар ўтказа бошлаган. Айрим ҳолатларда мигрантлар ҳарбий комиссариатларда қайдга олинган.
Расмийлар мигрантларга нисбатан қонунчиликни ҳам кучайтиришмоқда. Бир пайтнинг ўзида Россияда миллатчилар “рейдлари” ҳам бошланиб кетган – бу “рейдлар” давомида улар мигрантларни ишдан бўшатиш ва қизларнинг рўмолларини ечиштиришни талаб қилишган.