Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида 16 яшар ўқувчи қизни зўрлаганликда гумонланган 55 ёшли ўзбекистонлик қўлга олинди. Бу ҳақда ТАСС агентлиги Россия ИИВнинг Санкт-Петербург ва Ленинград вилояти бўйича бош бошқармасидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.
Россиялик ҳуқуқ-тартиботчилар қайдича, Петербург мактабларидан бирининг 9-синфида ўқийдиган қиз бир ойча аввал танишув сайтида гумонланувчи билан танишган. Орадан бир қанча вақт ўтгач, у ўзбекистонликнинг учрашиш таклифини қабул қилган.
Улар 24 июль куни учрашишган. Иддаога кўра, эркак ўша куни соат 14:00 дан 16:30 га қадар Съезжинская кўчасида жойлашган меҳмонхонада вояга етмаган қизга нисбатан “ҳуқуқбузарлик ҳаракатларини содир этган.
Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари гумонланувчини Гривцов торкўчасидаги 26-уй олдида тутишган. Қўлга олинган ўзбекистонликнинг муқаддам судлангани аниқланган.
Ҳодиса юзасидан Россия Жиноят кодексининг 131-моддаси 3-қисми (зўрлаш) билан жиноят иши қўзғатилган.