Россиянинг Санкт-Петербург шаҳри марказида йўловчи ташийдиган автобус кўприкдан Мойка дарёсига қулаб тушган.
Россия Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, автоҳалокат чоғида автобусда 20 киши бўлган. ТАСС агентлиги хабарига кўра, ҳодиса оқибатида уч йўловчи ҳалок бўлган, яна олти нафари касалхонага етказилган.
РИА "Новости" эса ФВВдан олинган маълумотга таянган ҳолда жабрланувчиларнинг тўрт нафари клиник ўлим ҳолатидалиги, яна икки кишининг аҳволи оғирлиги ҳақида хабар қилди.
Шаҳар видеокузатув камераларидан олингани айтилган ва тармоқда пайдо бўлган видеода автобусни дарёга қулаши олдидан бошқариб бўлмай қолганини кўриш мумкин. У енгил автомобиллар билан тўқнашиб кетган.
Жабрланганларга илк ёрдамни йўлдан ўтиб кетаётган одамлар ва автоҳалокат гувоҳлари кўрсатганлар, деб ёзган “Фонтанка” нашри. Улар йўловчиларни автобус томидаги люк орқали чиқаришган ва уларга қутқарув ҳалқаларини ташлашган.
Петербургдаги автоҳалокат юзасидан “эҳтиётсизлик оқибатида икки ёки ундан ортиқ одам ўлимига сабаб бўлган йўл ҳаракати қоидаларининг бузилиши” моддаси бўйича жиноят иши очилган.