Санкт-Петербургнинг “Смольнинское” округи муниципал депутатлари Давлат думасига Украинада уруш бошлаган Владимир Путинни лавозимидан маҳрум қилиш учун унга қарши давлатга хиёнат айбловини илгари суриш таклифи билан чиқди. Бу ҳақда “Смольнинское” муниципал округи депутати Дмитрий Палюга маълум қилди.
“Қарор мажлисда иштирок этган кўпчилик депутатлар томонидан дастакланди”, деган Палюга уни депутатлардан қанчаси ёқлаганига аниқлик киритган эмас.
Депутат Твиттердаги ўз саҳифаси орқали Давлат думасига йўллаш режаланаётган мурожаатнома ва қарор матнини эълон қилган. Ҳужжатларда уруш чоғида Россия армиясининг “жангга қодир бўлинмалари” йўқ қилинаётгани, Россиянинг “меҳнатга лаёқатли ёш” фуқаролари ўлаётгани, Россия иқтисодиёти зўриқаётгани, Россиянинг НАТО мамлакатлари билан чегаралари икки баравардан кўпроқ узайган, Украина эса, “махсус амалиёт” мақсадларидан бири “демилитаризация” экани айтилган бўлса-да, четдан янги-янги қуролларни оляпти.
"Шу важдан сизлардан Давлат думаси депутатлари сифатида РФ президентини лавозимидан четлатиш учун унга қарши давлатга хиёнатда айблов қўйиш таклифи билан чиқишни сўраймиз", дейилган мурожаатномада.
Россия президентини лавозимдан четлатиш учун айблов билан чиқишга оид таклиф Давлат думаси депутатларининг энг камида учдан бири, яъни 150 киши ташаббусига кўра киритилиши мумкин.