Ислом Каримовнинг ўғли Пётр Татьяна Каримовани судга берди

Пётр Каримов Ислом Каримовнинг биринчи никоҳидан 1969 йилда туғилган.

Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар Яккасарой туманлараро судида собиқ президент Ислом Каримовнинг ўғли Пётр Каримовнинг Ўзбекистон собиқ биринчи хоними Татьяна Каримовага нисбатан даъво аризаси кўриб чиқилади.

Тошкент шаҳар суди расмий сайтида жойлаштирилган Фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро суди томонидан 26 июнь куни кўриб чиқиладиган ишлар рўйхатида қайд этилишича, Пётр Каримов ворислик ҳуқуқидан келиб чиққан низо ортидан даъво аризаси киритган.

Пётр Каримов Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг Наталья Кучма билан никоҳидан туғилган тўнғич фарзанди. У 1969 йили туғилган. Шу йили Ислом Каримов ва Наталья Кучма ажрашган. Наталья Кучма 2008 йилда Тошкентда вафот этган.

Озодликка маълум бўлишича, 54 ёшли Пётр Каримов 1990 йиллардан буён асосан Москвада истиқомат қилиб келади.

Тошкент Халқ хўжалиги институтини 1988 йилда битирган Пётрнинг бир муддат банк-молия соҳасида ва «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпаниясининг Москвадаги ваколатхонасида ишлагани маълум.

Пётр Каримов 2018 йилда «Ўзбекистон ҳаво йўллари»ни Москва судига берган эди. У 2017 йилда отасининг ўлимидан сўнг ишдан бўшатилганини билдириб, авиаширкатни ўзига берилиши лозим бўлган пул маблағини тўламаганликда айблаган эди. 2018 йилнинг охирларида томонлар ўзаро келишиб олгани туфайли иш тугатилганди.