Pfizer-BioNTech вакцинаси билан биринчи галда шифокорлар ва кексалар эмланади

Pfizer-BioNTech вакцинаси.

Ўзбекистонга олиб келинадиган Pfizer-BioNTech вакцинаси билан биринчи галда шифокорлар ва кексалар эмланади. Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиқ ўринбосари Ботиржон Қурбонов “Дарё” нашрига берган интервьюсида маълум қилди.

18 январь куни Ўзбекистон АҚШнинг Pfizer ва Германиянинг BioNTech ширкатлари ишлаб чиқарган Comirnaty вакцинасининг юз минг дозасига буюртма берилгани хабар қилинганди.

Ботиржон Қурбонов бу доза 50 мингта одамни икки мартадан эмлашга етишини маълум қилди.

“Вакцина билан биринчи галда коронавирус бўйича ташкил этилган махсус шифохоналар, коронавирусга гумон қилинган шахсларни кузатиш учун ташкил этилган изолятор пунктлари ёки саралаш марказларида фаолият кўрсатаётган ходимлар, шифокорларимиз эмланади. Кейинги навбатда кексаларимиз — ушбу касалликка чалиниши эҳтимоли юқори бўлган, касалликни ёшларга нисбатан оғир ўтказадиган қарияларимиз қамраб олинади. Кексаларимизни эмлаш жараёни мажбурий бўлмайди, биринчи навбатда ‘"мана шу вакцинани олмоқчиман’" деган кўнгиллилар эмланади”,-деб айтган Қурбонов.

Унга кўра, Тошкентдаги Вирусология илмий-текшириш институти клиникасида Pfizer-BioNTech вакцинасини -70 даража совуқда сақлаш имконини берадиган музлатгичлар ҳозирлаб қўйилган. Вакцинация қачон бошланиши ҳозирча аниқ эмас.